Жаҳон | 20:30 / 15.07.2021
25107
6 дақиқада ўқилади

Афғонистон: толибларнинг сулҳ шарти, Кобул Покистон билан чегарадаги муҳим пункт қайтариб олинганини айтмоқда

«Толибон» ҳаракати ҳукумат қамоқхоналаридаги 7 минг вакили озод қилиниши эвазига расмий Кобулга уч ойлик сулҳ таклиф этган. Бу ҳақда пайшанба куни журналистларга Афғонистон расмий ҳукуматининг музокараларда иштирок этаётган вакилларидан бири Нодир Нодирий маълум қилди.

«Бу асосий талаб», деган у ва толиблар БМТ ўз раҳбарларини «террорчиларнинг қора рўйхати»дан чиқарилишини истаётганини қўшимча қилган.

«Толибон» уч ойлик сулҳ таклиф қилди, аммо Афғонистон ҳукуматидан ўз тарафдорлари бўлган 7000 маҳбусни озод этишни талаб қилди. Бу жиддий талаб, аввал шундай қилиб кўрганмиз, лекин «Толибон» аъзоларининг 5 минг нафарини озод қилиш вазиятни яхшиламаганди», деди у.

Кейинроқ толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистон ҳукуматига тинчлик сулҳи таклиф қилгани тўғрисидаги хабарни рад этди.

Бу вақтда Афғонистон ҳукумати чоршанба куни толиблар томонидан эгаллаб олинган, Покистоннинг Чаман шаҳри ва Афғонистоннинг Болдак уездини боғлайдиган муҳим нуқта - «Спин Болдак» назорат-ўтказув пунктини қайтариб олганини маълум қилди. Толиблар эса буни инкор этмоқда.

Америка ҳарбийлари олиб чиқилиши бошлангач, радикал кучлар ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли юришлар бошлаган. БМТ маълумотларига кўра, айни вақтга келиб толиблар мамлакат ҳудудларининг 70 фоиз қисмини назорат қилишмоқда. Расмий ҳукумат қўлида эса фақат пойтахт ва вилоятлар марказлари қолган.

БМТнинг Афғонистон бўйича координатори Рамиз Алакбаров мамлакатда гуманитар ҳалокат юзага келаётгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, 38 миллион аҳолидан 18 миллиони шошилинч равишда ёрдам кўрсатилишига муҳтож.

БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони 2020 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Улар орасида аёллар ва болалар улуши тобора кўпайиб бормоқда.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар
Афғонистон президенти Ашраф Ғани пайшанба куни Ўзбекистонда бошланган халқаро конференция доирасида Тошкентга келиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувларни бошлади. Бу учрашувларда хавфсизлик масалалари, қочқинларнинг оммавий юришининг олдини олиш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Покистон бош вазири Имрон Хон ҳам Тошкентда бўлиб турибди, у бугун 2004-2014 йилларда Афғонистонга раҳбарлик қилган ва мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири бўлиб қолаётган Ҳамид Карзай билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни ва бошқа афғон сиёсатчиларини инқироздан чиқиш йўллари муҳокама қилинадиган конференцияга таклиф этди.

Афғонистонда назорат кимда?
Манба: BBC афғон хизмати, 12 июль, 2021 йил

Покистон кўп йиллардан буён минтақадаги асосий рақиби Ҳиндистоннинг позициясини кучсизлантириш мақсадида толибларни фаол қўллаб-қувватлаб келишда айбланади. Расмий Исломобод буни рад этади.

Покистон ахборот вазири Фавод Чоудри Reuters агентлигига маълум қилишича, толиблар бу конференцияда қатнашмайди, аммо Покистон улар билан алоҳида музокаралар ўтказади.

Кейин Карзай ва бошқа сиёсатчилар Қатар пойтахти Доҳага учади, бу ерда «Толибон»нинг расмий офиси жойлашган.

Бир-бирига зид баёнотлар
Пайшанба куни Кобулдаги юқори мартабали амалдор Reuters агентлигига ҳукумат кучлари Қандаҳор вилоятидаги толиблар томонидан эгаллаб олинган «Спин Болдак» постини қайтариб олгани ҳақида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дастлаб ҳукумат кучлари сафларида ва аҳоли орасида йўқотишларни камайтириш мақсадида чекинган, аммо кейин қарши ҳужумга ўтиб, маҳаллий бозор, божхона ва бошқа расмий биноларни назоратига қайтарган, ҳозирда тозалаш ишлари кетмоқда.

Амалдор таҳдид ҳамон сақланиб тургани, толиблар сон жиҳатдан кўплигини қўшимча қилган.

«Толибон» вакили эса ҳаракат чегарадаги муҳим постни ҳамон ўз қўлида сақлаб турганини билдирди.

«Бу шунчаки пропаганда ва Кобул маъмуриятининг асоссиз баёноти», деган у ҳам Reuters учун берган интервьюсида.

Савдо маршрути
«Спин Болдак» - Афғонистон-Покистон чегарасидаги иккинчи энг муҳим ўтиш пункти ҳисобланади. У Кобулдан Қандаҳорга ва Покистоннинг Белужистон вилоятига олиб борувчи шосседа жойлашган, Белужистон кўп йиллар мобайнида толиблар учун бошпана бўлиб келган, ундан кейин Покистоннинг иқтисодий пойтахти Карачи ва Араб денгизига олиб чиқувчи порт жойлашган.

Бу йўналишда икки томонга ҳам юзлаб юк машиналари қатнайди. Шунингдек, бу йўналиш афғон наркотрафигининг асосий маршрути ҳисобланиб, йилига миллиардлаб доллар айланади.

Толиблар ҳукуматни савдо даромадларидан маҳрум этиш мақсадида биринчи навбатда назорат-ўтказув пунктини эгаллашга эътибор қаратган.

Чегарадаги тартибсизликлар
Жанглар ўз ҳудудига ўтишидан хавфсираган Покистон «Спин Болдак» ҳудудидаги чегарасини ёпиб қўйган.

Бир ярим мингдан ортиқ афғонистонликлар, шу жумладан, ватанга қайтиш учун йўлга чиққан аёллар ва болалар чегарадаги Чаман шаҳрида тўпланган.

Пайшанба куни тонгда улардан 400 нафари куч билан чегарани бузиб ўтишга уринишди. Улар покистонлик чегарачиларни тошбўрон қилишди, улар эса бунга жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ ва дубинкалар қўллашди.

Ҳозирда, Чаман шаҳри маъмурияти раҳбари Жумадада Хоннинг сўзларига кўра, ҳудудда тартиб тикланган.

«Толибон» ҳукуматидаги манба «Франс пресс» агентлигига, чегаранинг Афғонистон томонида ҳам Покистонга ўтишни мақсад қилган бир неча юз киши тўлангани ҳақида маълум қилган

«Франс пресс» мухбири Чаман шаҳри кўчаларида «Толибон»нинг 150 нафарга яқин аъзоси мотоциклларда ҳаракатланиб, оқ байроқларни кўтарган ҳолда ўзларини Афғонистонга ўтказиб юборишни талаб қилаётгани ҳақида хабар берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид