Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронадайжест: Австралияда локдаунлар, Мянма ҳалокат ёқасида, ЖССТ учинчи тўлқин хавфидан огоҳлантирмоқда
Австралия Виктория штатини ва Мельбурнни тўлиқ ёпмоқда, Мянмада соғлиқни сақлаш тизими қулаган ва одамлар ўзи кислород изламоқда, Хитойда эмланмаганлар жамоат жойларига бориши тақиқланиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейсус дунё коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини бошланиш босқичидатурганини маълум қилди.
«Дунёда Covid-19 билан касалланишнинг сўнгги ўсишидан сўнг Европа ва Шимолий Американинг ўз фуқароларини эмлаш бўйича ҳаракатлари натижа бера бошлаганди, касалланиш ва ўлим ҳолатлари маълум муддат пасайган. Афсуски, ҳозир бу тенденция ўзгарди ва биз Covid-19 пандемияси учинчи тўлқинининг дастлабки босқичида турибмиз», деди у ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмитаси йиғилиши иштирокчилари қаршисида.
ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, бир ойдан буён дунё бўйлаб касалланиш сони ўсиши кузатилмоқда. Шунингдек, 10 ҳафталик пасайишдан сўнг вирус қурбонлари сони яна ўса бошлади.
Бундай ўсишга асосий туртки коронавируснинг «Дельта»(«ҳиндча») штамми тарқалиши экани айтилди.
«Айни вақтда «Дельта» штамми дунёнинг камида 111 мамлакатида тарқалган, у тез орада Covid-19’нинг бутун дунёда айланиб юрадиган устувор штаммига айланиши кутилмоқда», дейди Гебрейесус.
Ташкилот раҳбари вакциналарнинг мамлакатларга нотекис тақсимланишига эътибор қаратган ва буни «шокка туширувчи номутаносиблик» деб атаган. Шу сабабли дунёнинг турли бурчакларида пандемия икки хил йўл билан ривожланаётгани, вакциналарга эга бўлган мамлакатлар чекловларни бекор қилаётгани, аммо эмланмаган гуруҳлар катта хавф остидалиги, вакцина олиш қийин бўлган мамлакатларда эса аҳолининг аксарияти инфекцияга қарши ҳимоясиз бўлиб қолаётгани таъкидланган.
У Covax глобал механизми доирасида 100 миллион дозадан ортиқ вакцина етказиб берилгани, аммо бу камлик қилишини қўшимча қилган, сентябрга қадар ҳар бир мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизини, шу йил охиригача камида 40 фоизини ва келаси йилнинг ўрталарига қадар камида 70 фоизини оммавий эмлаш учун 11 миллиард доза вакцина керак бўлишини қўшимча қилган.
Австралиядаги локдаунлар
Австралиянинг Виктория штати ва унинг маркази Мельбурнда пайшанба куни кечқурундан локдаун бошланмоқда, бу ҳисоб бўйича ушбу штатда бешинчи марта қатъий карантин жорий этилиши бўлади. Чоршанба куни Сиднейда ҳам чекловлар яна икки ҳафтага узайтирилганди.
Австралия ҳукумати «Дельта» штамми кенг тарқалишидан хавфсирамоқда. Сўнгги кунларда Викторияда коронавируснинг ушбу варианти 18 кишида аниқланган.
«Бизда фақат бир имкон бор - қатъий чоралар кўриш. Агар кутсак ва шубҳа қилишда давом этсак, кейин ортга қараганимизда керакли чораларни вақтида қабул қилмаганимиз учун афсусланамиз», деган мамлакат бош вазири Дэн Эндрюс.
Дэн Эндрюс чекловлар беш кун амал қилишини айтган, шу билан бирга, бу муддат узайтирилишини истисно этмаган.
Штатда яшовчилар уйдан фақат ҳовлида бадантарбия машғулотлари ўтказиш, зарур харидлар, тиббий ёрдам, яқинларига қараш, иш/ўқиш, шунингдек, вакцина олиш учун чиқиши мумкин.
Вакцина етказиб беришдаги кечикишлар ва бошқа ташкилий муаммолар туфайли Австралияда вакцинация жараёни секинлик билан кетмоқда. Мамлакатда шу вақтгача 2,3 млн киши эмланган - бу мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан ортиқроқ қисмидир
Мянмадаги беморлар кислород изламоқда
Февраль ойида ҳарбий хунта давлат тўнтариши амалга ошириб, сиёсий беқарорлик юзага келтирилган Мянмада Covid-19га чалинганлар сони кескин ортиши туфайли гуманитар ҳалокат етилмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Мянмадаги вакили Том Эндрюс огоҳлантирди, у генералларни сиёсий жиҳатдан бетараф бўлган халқаро ташкилотларни беморларга ёрдам берилиши учун мамлакатга киритишга чақирди.
Ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими амалда ўз вазифаларини бажаришни тўхтатган. Аҳолини тест қилиш ва вакцинация дастурлари барбод бўлган. Одамлар ўз уйида даволанишга ҳаракат қилишмоқда, ижтимоий тармоқлар орқали даволаниш усуллари ва қаерда кислород борлиги ҳақида сўрашмоқда, ҳукумат тақиқига қарамай, кислород баллонларини сотиб олишмоқда.
Ҳафта бошида аскарлар ўз баллонларини тўлдириб олиш учун навбатда турган одамларга қарата ўт очганди. Жорий ҳафтада мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги кунига 4 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолатлари ҳақида эълон қилди, аммо бу рақамлар ҳақиқий вазиятни тўла ифода эта олмайди - барча ҳудудларда ҳам аҳоли тест қилинмаяпти.
Хитой: эмланишсиз ҳеч қаерга
Маҳаллий ҳукумат Хитой шаҳарларида қатъий тартиблар жорий этмоқда, унга кўра коронавирусга қарши вакцина қабул қилмаган фуқаролар ўқув муассасаларига, шифохоналарга, вокзал биноларига, савдо марказларига ва бошқа жамоатчилик жойларига кира олишмайди.
Жанубдаги Юньннань вилоятининг Чусюн шаҳрида 18 ёшдан катталар 23 июлга қадар вакцинанинг биринчи дозасини, бир ой ўтиб иккинчисини қабул қилиши мажбурий қилинган, акс ҳолда улар юқорида саналган муассасаларга кира олишмайди. Шундай инструкция бошқа кўплаб шаҳарларда ҳам жорий этилмоқда.
Хитой йил охирига қадар ўз аҳолисининг 64 фоизини эмлашни режалаштирганди, аммо Осиё давлатларида «Дельта» штамми шитоб билан тарқалаётгани боис, ҳукумат вакцинация суръатини янада тезлаштирмоқчи. Сешанба кунги расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 1,4 млрд доза вакцина қўллаб бўлинган, аммо айнан қанча одам эмланганига аниқлик киритилмаган.
Индонезия кутилмаганда «Дельта» штамми тез тарқалаётгани туфайли мамлакатдаги вазият ёмонлашишига тайёрланмоқда, Сингапурдагилар ковиднинг янги тўлқинини караоке-барлардан кўрмоқда.
Россияда ўлим ҳолатлари бўйича янги рекорд
Россияда қаторасига учинчи кун Covid-19дан кунлик ўлимлар сони бўйича пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичлар қайд этилмоқда: сўнгги бир кунда мамлакатда яна 791 киши коронавирусдан вафот этган (ундан олдинги кунларда 780 ва 786тадан ўлим ҳолатлари рўй берганди).
Санкт-Петербургда 108, Москвада 101, Иркутск областида 33 бемор Covid-19 қурбонига айланган.
Россияда пандемия бошидан буён касалликдан ўлим топганлар сони 145 мингдан ошиқ. Экспертлар ҳақиқий рақамлар бундан анча кўплигини айтишади.
Сўнгги бир кунда Россияда 25 293 кишида касаллик аниқланган. Шундан Москвада 5237, Москва областида 2444, Санкт-Петербургда 1954 ҳолат.
Олимпиячилар меҳмонхонасида ўчоқ
Токиодаги ёзги Олимпиада бошланишига ўн кун вақт қолганида бразилияликлар жамоаси жойлашган меҳмонхона коронавирус ўчоғига айланди.
Хамамацу шаҳридаги меҳмонхона ходимларидан етти нафарида вирус аниқланган. Тиббиёт ходимлари маълумотларига кўра, бу ходимлар спортчилар билан алоқа қилишмаган.
Регби бўйича ЖАР олимпиячилари жамоаси карантинга йўлланган: улар билан Японияга бирга учган йўловчидан коронавирус чиққан.
Умуман олганда, барчаси назорат остида: ХОҚ раҳбари Томас Бахнинг сўзларига кўра, 8 минг спортчи ва уларнинг ҳамроҳларидан олинган таҳлиллардан фақат уч ҳолатда коронавирус аниқланган.
Мавзуга оид
22:58 / 20.05.2025
ЖССТ келажакдаги пандемияларга қарши кураш бўйича янги глобал битимни тасдиқлади
17:31 / 16.04.2025
ЖССТ келажакдаги пандемиялардан ҳимояланиш режасини тақдим этади
08:49 / 03.04.2025
«Янги пандемия дунёда ҳатто эртагаёқ бошланиши мумкин» — ЖССТ бош директори
14:54 / 30.03.2025