Ўзбекистон | 13:27 / 15.07.2021
42170
2 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторий иши: Блогерга иккита уй қайтариб берилди, лекин жазо ўзгаришсиз қолди

Бугун, 15 июль куни Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъати томонидан қабул қилинган суд ажримига кўра? жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги О. Сатторийга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгартирилган.

Жумладан, суд ҳукмининг 2020 йил 2 июль куни «Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари билан О.Сатторий ўртасида тузилган Термиз шаҳри Маърифат маҳалласи 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартира ҳамда 44-рақамли квартиранинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда МЧЖ раҳбари Т.Шопулатовдан судланувчи О. Сатторий фойдасига 234 миллион 835 минг сўмни ундириш қисми бекор қилинган.

Жабрланувчи Т.Шопулатовга ушбу юзасидан фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани тушунтирилган.

Бундан ташқари, суд ҳукмининг О. Сатторий ҳисобидан суд мажлисини видео-конференц-алоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 183 минг 750 сўм харажатни ундириш қисми бекор қилинган.

О.Сатторийга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ муддати 2021 йил 30 январь кунидан бошлаб ҳисобланиши белгиланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид