Ўзбекистон | 16:11 / 15.07.2021
12692
3 дақиқада ўқилади

Россиялик блогер жаримага тортилгани айтилди. Бу – аввалги расмий маълумотга зид, ҳозирча исбот ҳам йўқ

Амир Темур хиёбонидаги ҳолат ва бунга ички ишлар органларининг муносабати жамоатчилик танқидларига сабаб бўлгач, Тошкент шаҳар ИИББ рус блогери Субо ва яна 25 кишини жаримага тортганини иддао қилди. Аммо ҳозирча бунга исбот кўрсатилгани йўқ. ИИВ эса блогерни UZB-тоифа автомобиллар ва ЙПХ ходимлари қўриқлаб юрганини “шунчаки тасодиф” деб атади.

Обуначиларига пул тарқатишини айтиб, Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофида карантин бўлишига қарамай 200дан ортиқ ёшларнинг тўпланишига сабаб бўлган россиялик блогер Субхан Мамедовга чора кўрилмагани жамоатчилик танқидига сабаб бўлган эди.

14 июл куни Kun.uz бу масалада Тошкент шаҳар ИИББдан изоҳ сўраганида, бу воқеа бўйича блогер ва бошқаларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий баённома тузилмагани айтилган эди.

Бироқ, жамоатчилик танқидлари ортидан, ИИББ блогер ва ундан ташқари яна 25 нафар шахс жаримага тортилганини билдириб қўшимча баёнот чиқарди.

“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган дастлабки текширув натижасига кўра, 26 нафар фуқаро (шу жумладан С.Мамедов ва унинг кузатувчилари) карантин қоидаларига зид равишда жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлганликлари учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди, 83 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида, 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилди.  Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда”, – дейилади бошқарма ахборотида.

Баёнотга россиялик блогер жаримани тўлагани ҳақидаги тўлов квитанцияси илова қилинмаган. Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров автомобилида тақиқланган тезликда ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарима тўлагани хабар қилинганда бунинг исботи ўлароқ тўлов квитанцияси ҳам илова қилинганди.

МЖтКнинг 54-моддасига кўра, карантин пайтида жамоат жойида ниқобсиз бўлиш 5 БҲМгача жарима билан жазоланади.

Блогерни ЙПХ ходимлари ва UZB-тоифа рақамли машиналар қўриқлаб юргани ҳам инкор қилинди

Субхан Мамедов  Instagram'ида тарқатган бир нечта видеоларда Ўзбекистондаги саёҳати давомида уни йўл-патруль хизмати ва махсус сигналга эга, UZB тоифасидаги рақамга эга автомобиллар қўриқлаб юрганини айтган, улар видеокадрларда ҳам кўринган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz'га берган изоҳида россиялик блогерни кузатиб ёки қўриқлаб юриш бўйича ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаганини иддао қилди.

“С.Мамедовни олиб юрган машинани Урганчдан Тошкентгача ЙПХ ходимлари ва ҳатто UZB-тоифа рақамли машиналар ҳам қўриқлаб юргани – шунчаки тасодиф. Россиялик блогер йўлда кетаётган ЙҲХБга тегишли бирорта машинанинг орқасидан тушиб олиб, бундан ўзини “пиар” қилиш мақсадида фойдаланган бўлиши мумкин.

Амир Темур хиёбони атрофида меҳмонларни махсус рақамли машина кузатиб бораётгани эса россиялик блогер ва шериклари оломон орасидан олиб чиқилиб, туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб борилаётганда тасвирга олинган бўлиши керак”, – деди Шоҳрух Ғиёсов.

Мавзуга оид