Жамият | 12:56 / 15.07.2021
1578
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда тадбиркорга ер олиб беришни ваъда қилиб 10 минг доллар олган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд туманида тадбиркорга ер олиб беришни ваъда қилиб 10 минг АҚШ доллари олган шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Ф.М. ушланган. У, гўёки ўзини ҳокимлик идораларида ишлашини айтиб, туман ҳудудидан ишлаб чиқариш цехи қуриш учун 1 гектар ер олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркор А.дан 10 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган.

Қайд этилишича, Ф.М. тадбиркордан олган 10 минг доллар ҳисобидан 5 минг долларни ўз ихтиёри билан қайтарган ва бу процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид