Жамият | 20:35 / 15.07.2021
11650
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда содир бўлган «авария»да учта машина шикастланди. ISUZU юк машинаси ва «Нексия» ағдарилиб кетди

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида учта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда ISUZU юк машинаси ва «Нексия» ағдарилиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 15 июль куни соат 13:00ларда М-34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобиль йўлининг Сирдарё тумани ҳудудидан ўтувчи 34-километрида учта машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Сирдарё-Гулистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келган «Дамас» ортга қайрилиб олаётган вақтда ортидан бир йўналишда ҳаракатланиб келган ISUZU юк машинаси уриб юборган. Натижада «Дамас» қарама-қарши томонга чиқиб кетиб, ISUZU эса йўлнинг ўнг томонига ағдарилган ва йўлни тўсиб қўйган. Шу вақтда Сирдарё-Гулистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келган «Нексия» машинаси ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги темир тўсиққа урилган.

Оқибатда ҳар учала машина жиддий шикастланган. Шунингдек, ISUZU юк машинасига ортилган юкларнинг бир қисми яроқсиз аҳволга келган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳеч ким жароҳатланмаган. Мазкур ҳодиса юзасидан Сирдарё ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид