Ўзбекистон | 09:38 / 15.07.2021
14787
4 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик қилган бир қанча раҳбарларни ишдан бўшатди

Зойир Мирзаев аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик қилган ва сохтакорликка йўл қўйган бир қанча раҳбарларни ишдан бўшатган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кеча, 14 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида мутасаддиларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаши масаласида йиғилиш ўтказилган. Йиғилиш танқидий руҳда ўтган ва унда ойлаб, йиллаб сарсон бўлган фуқаролар «йиғилиш майдонига» олиб келинган. Кўплаб раҳбарларнинг муомала маданияти, эътиборсизлиги уларнинг кўз ўнгида очиб ташланган.

Қайд этилишича, вилоят ҳокими мурожаати фақат қоғозда «ҳал этилган» фуқароларга масъуллар олдида телефон орқали боғланган. Айрим мурожаатчилар иши ҳал этилганидан хабари ҳам бўлмаган. Бунга сабаб, масъуллар фуқаролар билан учрашмасдан, муаммоларни ечмасдан мурожаатлар қоғозда ёпиб юборилган. 

Йиғилиш давомида мурожаатларга панжа ортидан қараётган баъзи раҳбарлар вазифасидан озод этилган, айримларига ҳайфсан эълон қилинган.

Жумладан:

– Яккабоғ тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Олтиев Бобомурод вазифасидан озод этилган (У бир фуқаронинг мурожаатини 171 кун муддат ичида ҳам кўриб чиқмагани учун).

– Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиғи Зиёев Жамшид вазифасидан озод этилган (Такрорий мурожаатларга ҳам жавоб бермаган, оғир шароитли оилаларга нафақалар ажратмагани учун).

– Косон тумани «Электр тармоқлари корхонаси» директори Мирзаев Асрор вазифасидан озод этилган (Такрорий мурожаатларга ҳам жавоб бермагани учун).

– «Агробанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчиси Умурзоқов Ойбек вазифасидан озод этилган (Фуқароларнинг кредит сўраб қилган мурожаатларига эътибор қаратмагани учун).

– «Агробанк»нинг Қамаши тумани филиали бошқарувчиси Нормуродов Баҳром вазифасидан озод этилган (Фуқароларнинг кредит сўраб қилган мурожаатларига эътибор қаратмагани учун).

– Ғузор тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Мавжуда Тошпўлатовага 3 ойлик иш ҳақи миқдорида жарима. Агар, фуқаронинг мурожаати 10 иш кунида ижобий ҳал этилмаса, вазифасидан озод этиш шарти қўйилган.

– Вилоят Бандлик бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбонов ва Ғузор тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Шербек Тошпўлатовга ҳайфсан берилган («Қашқадарёнефт-газишчи-таъминот» АЖ Шўртан МЧЖда ишлаб иш ҳақларини ололмаётган фуқаролар мурожаатини «унутиб» қолдиргани учун).

– Қамаши тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Ғофуровга ҳайфсан берилган (Туманда фуқаролар томонидан тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш масаласида қилинаётган мурожаатлар ижросини назоратга олмаганлиги учун).

Шунингдек, мурожаатларга эътиборсиз қараган яна ўнлаб раҳбарларнинг Республика бошқармасига, жойлардаги Халқ қабулхоналарининг айрим раҳбарларини ишда қолиш-қолмаслигини сўраб хат йўллаш таклифи ҳам киритилган.

– Авваллари «отангга, онангга» , деган нақл бор эди. Бугун ушбу рўйхат анча чўзилиб кетди. Натижада фарзандига ўқув дафтарига деб асраб қўйган пулини ҳам сарфлаб ташкилотлар эшигида сарсон бўлганлар сони ортди. Бугун ана шу оналарни, опаларни сиз раҳбарлар билан юзлаштирдим, Зора, виждон уйғонса, қалбида «ҳар бир аёл менинг онам, опа-синглим», деб қаралса», деган Зойир Мирзаев йиғилишда масъулларга қарата.

Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 104 002 та (2020 йилда 62634 та) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41 368 тага ёки 66 фоизга кўпайган.

Мавзуга оид