Ўзбекистон | 11:46 / 16.07.2021
3961
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 1000 доллар эвазига фуқаронинг иш жойини ўзгартириб бермоқчи бўлган шахс ушланди

Навоий вилоятида 1000 АҚШ доллари эвазига танишлари орқали фуқаролардан бирининг иш жойини ўзгартириб бермоқчи бўлган аёл ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 12 июль куни фуқаро Х.З. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У, ўз аризасида, Навоий кончилик касб-ҳунар коллежида ишловчи М.П. унинг яқин таниши П.Р.нинг ишини Зарафшондаги Навоий кон металлургия комбинатидан Навоий шаҳри «ГМЗ-1»га кўчириб бериш ва унга тоифа олиб бериш эвазига 1000 доллар талаб қилиб келаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан, Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида, М.П. Навоий шаҳар Учқудуқ кўчасида аризачи Х.З.дан 1000 доллар ва Р.П.нинг фуқаролик паспорти ҳамда дипломи нусхаларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид