Жамият | 15:36 / 17.07.2021
10695
12 дақиқада ўқилади

Италиядаги ватандош: “Оиласининг йиллик даромади 23 минг евродан кам бўлса, талаба контракт тўламайди”

UzbekLife’нинг навбатдаги суҳбатдоши Италиянинг Турин шаҳридаги “Politecnico di Torino” университети магистранти Тоирхўжа Маҳaматхўжаев бўлди.

Қаҳрамонимиз Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилиб ўсган.

Суҳбатимиз Италиядаги таълим тизими, унинг ўзига хосликлари, имкониятлари ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Ўқиш ва иш фаолияти

Университетда ўқиш билан бирга иккинчи курсдан бошлаб Турин политехника университетининг Мехатроника лабораториясида кичик муҳандис сифатида ўз меҳнат фаолиятимни бошлаганман. Шундан сўнг Турин политехника университети қошида ташкил этилган “Turin Invest Engineering” МЧЖ ходимлар бўлимида инспектор лавозимида фаолият кўрсатганман. Шу билан бир қаторда, болалар учун ташкил қилинган робототехника курсларига раҳбарлик қилганман ҳамда болаларга робототехникадан дарс берганман. Ўқишни тамомлагач, меҳнат фаолиятимни “UzАvtoSanoat” АЖда давом эттирдим. Ушбу компанияга қарашли “MAN Auto-Uzbekistan” Германия-Ўзбекистон қўшма корхонасида етказиб берувчилар учун жавобгар муҳандис лавозимида ишлаганман. Бу ерда бир йилдан ортиқ вақт давомида меҳнат фаолиятини олиб боргач, 2019 йилда Италиянинг Турин шаҳридаги “Politecnico di Torino” университети магистратураси “Engineering and management” йўналишига ўқишга қабул қилиндим. Жорий йилда магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаб, магистр унвонига сазовор бўлдим.

Италиядаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси

Шунингдек, мен жорий йил ташкил этилган Италиядаги Ўзбекистон ёшлар ассоциацияси бош координатори ҳисобланаман. Ушбу ташкилотнинг асосий мақсади Италияда таълим олаётган, фаолият юритаётган ва шунингдек, Италияда таълим олишни режалаштираётган ёшларга ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб Ассоциация фаолият доираси анчайин кенгайди. Италиянинг бешта шаҳрида, хусусан, Турин, Болонья, Рим, Венеция ҳамда Сицилия шаҳарларида ўз координаторларимизни тайинлашга муваффақ бўлдик. Айнан ушбу ҳудудларда фаолиятимизни кенгайтиришни бошлаганимизнинг асосий сабаби ушбу шаҳарларда ўзбек талабалари кўпчиликни ташкил этади.

13 йиллик мактаб таълими

Италияда мактаб таълими учта босқичдан иборат бўлиб, булар Scuola Primaria – бошланғич таълим, Scuola Media – мактаб таълимининг ўрта босқичи ҳамда Scuola Superiore – мактаб таълимининг юқори босқичи ҳисобланади. Бошланғич таълимда ўқувчилар 5 йил ўқишади. Scuola Media’дa 3 йил ва ниҳоят Scuola Superiore’да яна 5 йил, жами 13 йил таълим олишади.

Мактабда яхши ўқиш муҳим ҳисобланади. Чунки олий таълим олиш учун айнан мактабдаги натижалар, яхши баҳолар талаб қилинади.

Scuola Primaria: балларсиз баҳолаш тизими

Италияда болалар бошланғич мактабга – Scuola Primaria’га 6 ёшдан бошлаб қабул қилинади. Барча босқичларни ўқигач, болалар ўртача 18-19 ёшларида мактабни тамомлашади. Юқорида айтиб ўтилганидек, бу мактабларда ўқиш муддати 5 йилни ташкил этади. Дарс машғулотлари синф хоналарида, 15-20 ўқувчидан ошмаган миқдорда олиб борилади. Ўқувчилар учун махсус форма жорий қилинган бўлиб, ушбу формада бўлиш мажбурий ҳисобланади.

Примариада баҳолаш тизими умуман фарқ қилади. Бу ерда ўқувчилар баллик шкала асосида эмас, балки сўз билан баҳоланади. Масалан, ҳар бир ўқувчи аъло (Ottimo), яхши (Buono), қониқарли (Sufficiente) ва қониқарсиз (Insufficiente) дея баҳоланади. Ўқиш ярим йилликларга бўлинган ҳолда олиб борилади. Яъни ўқувчилар ҳар ярим йиллик якунида ҳар битта фандан тест кўринишида имтиҳон топширишади. Бундан ташқари, бошланғич таълим муддати якунлангач, ўқувчилардан Scuola Media’га ўтиш учун ҳам имтиҳон олинади.

Scuola Media: формасиз таълим

Ўрта мактабга ўтгач ўқувчилардан форма кийиш талаб қилинмайди. Бу ерда таҳсил олиш 3 йил давом этади. Scuola Primaria’да ўтиладиган фанлар сони 6-9 тани ташкил этган бўлса, Scuola Media’да ушбу миқдор 14 тагача етади. Бу шуни англатадики, ушбу босқичда боладан ўз устида кўпроқ ишлаб, фанларни чуқурроқ ўзлаштириш талаб этилади.

Бу ерда ҳам ўқувчилар Scuola Primaria’даги каби баҳоланади: Insufficiente, Sufficiente, Buono, Ottimo. Ўқувчилар фақатгина Scuola Superiore’га ўтгачгина баҳолаш тизимига амал қилинади.

Scuola Superiore: 10 баллик баҳолаш тизими

Италияда мактаб таълимининг сўнгги босқичи – юқори мактаб бўлиб, бу ерда таълим олиш 5 йил давом этади. Айнан ушбу босқичда ўқувчилар сўз билан эмас, балки 2 дан 10 гача бўлган баҳолаш тизимида баҳолана бошлайдилар.

Айнан ушбу нуқтада ўзига хос, қизиқ бир ҳолатга дуч келишингиз мумкин. Ўқувчилар оладиган энг юқори баҳо 10 баллик шкалада 8 ҳисобланади. Яъни ҳеч қайси ўқувчи, одатда, нақадар аъло ўқимасин 10 балл олмайди. Бу италияликлар менталитети билан боғлиқ. Унга кўра фақатгина вундеркиндлар, ўзига хос ғайриоддий қобилият эгаларигина 10 балл олиши мумкин деб ҳисоблашади.

Мажбурий таълимнинг сўнгги босқичи

Италия таълим тизимида олий мактаблар мавжуд бўлиб, бу биздаги академик лицей, коллеж ва техникумларга тенг ўқув масканларидир. Ўқувчилар Scuola Media’ни битиришгач, одатда, 13-14 ёшда битиришади, ўзининг келажакдаги йўналишини танлашига тўғри келади. Албатта, бу унинг якуний қарори сифатида эмас, балки олий таълимда қайси йўналишда ўқишини белгилаб олиши учун керак бўлади.

Бу каби олий мактабларда ҳам ўқиш 5 йил давом этади. Лицейни тугатгач, талабалар сертификат олишади. Техникум ва касб коллежларини битиришгач эса талабаларга махсус диплом берилади. Бу дипломни олган талаба олий таълимда ўқишни давом эттиришни хоҳламаса, мазкур диплом билан ўз соҳаси бўйича меҳнат қилиши мумкин.

“Биринчи ва сўнгги қўнғироқлар”сиз мактаб таълими

Италияда мактаб таълими кўплаб ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, битта синф бир йил давомида битта ўқув хонасида таҳсил олишади, синф хоналарини ўзгартиришмайди. Яъни, масалан, Ўзбекистон мактабларида математика фани учун алоҳида синф хонаси, физика, кимё учун алоҳида синф хоналари ташкил этилса, Италияда ўқувчилар бир ўқув йили давомида битта хонада, битта партада ўқишади, фақатгина ўқитувчилар алмашишади.

Яна бир алоҳида жиҳати Италия мактабларида фанлар орасида 5-10 дақиқалик танаффуслар мавжуд эмас. Бунинг ўрнига, айтайлик 8.30 да дарс бошланса, 11.30 да 20-25 дақиқалик танаффус берилади. Ҳар битта дарс машғулоти 1 соат давом этади.

Италия мактабларида “линейка”лар бўлмайди, “Биринчи қўнғироқ”, “Сўнгги қўнғироқ” каби байрам тадбирлари ҳам ўтказилмайди. Мактабда ўқиш бошлангандан сўнг ўқувчилар ҳеч қандай тадбирларсиз ўқишни бошлашади.

Мактабда ўқиш бошланишининг аниқ белгиланган санаси йўқ. Масалан, бизда биринчи сентябрдан ўқувчилар мактабда ўқишни бошлашса, Италияда мактабда ўқиш бошланиши сентябр ойининг учинчи ҳафтаси илк душанбаси сифатида қабул қилинган.

Италияда олий таълим

Мактабни битиргач ўқувчилар олий таълим олиш учун университетларда ўқишни давом эттириши мумкин. Университетда таълим олиш 3 та асосий босқичлардан иборат бўлади. Булар:

1. Primo Ciclo

2. Secondo Ciclo

3. Terzo Ciclo

Бизда бакалаврга тўғри келадиган Primo Ciclo (шунингдек Corso di Laurea деб ҳам аталади) ўқиш муддати 3 йилни ташкил этади. Бунда йўналишга қараб 5-6 йилдан иборат бўлган бакалавр босқичи (Corso di Laurea Magistrale a Ciclo Unico) ҳам бор. Бунга асосан тиббиёт, фармацевтика каби таҳсил олиш одатдаги муддатлардан узоқроқ давом этадиган йўналишлар киради.

Primo Ciclo’ни тамомлаганингиздан сўнг магистратурага (Secondo Ciclo, шунингдек, Corso di Laurea Magistrale) ҳужжат топширишингиз мумкин. Магистратурада ўқиш муддати 2 йилни ташкил этади. Магистратура билан бир қаторда даражаси унга тенг бўлган Мутахассислик дастурлари ҳам мавжуд. Улар Master Universitario di Primo Livello деб номланади. Магистратурада асосан иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, бизнес, IT каби соҳаларда таълим олиш мумкин бўлса, мутахассислик дастурларида ўз соҳаси бўйича касбий-ихтисослашган билимларни олишади.

Таълимнинг кейинги босқичи Terzo Ciclo деб номланади. Бунда магистратурани тамомлаган талабалар PhD ёқлаш учун мустақил тадқиқотлар ўтказишади. Бунда ўқиш давомийлиги танланган мавзу бўйича олиб бориладиган мустақил тадқиқот муддатига қараб 2,3 йилни ташкил этади.

Болонья кредитлаш тизими

Италия кўплаб дунёнинг энг қадимий университетларига эга. Улардан бири Болонья университети бўлиб, ушбу университетда жорий этилган баҳолашнинг кредит тизими нафақат Италиянинг, балки дунёнинг бошқа кўплаб олий ўқув юртлари томонидан ҳам фойдаланилади. Яъни баҳолашда кредит тизимининг ватани Италия ҳисобланади.

Ҳар битта фан учун ажратилган дарс соатларига қараб ушбу фанга кредит ажратилади. Дарс соатлари қанча узун бўлса, кредит ҳам шунча кўп бўлади. Бакалавриатни битирган талаба энг камида 180 кредит йиғиши керак. Бу шуни англатадики, ҳар бир талаба ўқув йили давомида минимал 60 кредит тўплаши зарур. 180 кредит тўплаган талабаларгина бакалавр дипломини олишлари мумкин.

Магистратурада ҳам ушбу тизим амал қилади

Магистратурада таҳсил олишда ҳам кредитлаш тизими амал қилади. Бу ерда ўқиш муддати 2 йил бўлгани сабабли кредитнинг ўртача миқдори ҳам 120 ни ташкил қилади.

Бунда диплом иши учун алоҳида ажратилган кредит ҳам 120 кредит таркибида бўлади. Йўналишга қараб ҳар битта диплом иши учун маълум кредитлар ажратилган.

Ҳам бепул, ҳам пулли олий таълим

Италияда олий таълим олишни пулли дейиш ҳам, бепул дейиш ҳам мумкин. Талаба учун тўлов контракт миқдори “ISEЕ” кўрсаткичга асосан белгиланади. Ушбу кўрсаткич қанчалик паст бўлса, талабанинг бепул таълим олиш имконияти ҳам шунчалик баланд бўлади.

ISEЕ – бу Италиядаги бир оиланинг йиллик даромадини ўртача баҳолаш индекси ҳисобланади. Масалан, талабанинг оиласи ўртача йиллик даромади 23 минг евродан кам бўлса, ушбу талаба учун ўқиш бепул ҳисобланади. ISEЕ кўрсаткичи қанчалик ошиб борса, талаба тўлайдиган контракт тўлови миқдори ҳам шунчалик ошиб бораверади.

Италия университетларида таълим олишда ўртача контракт тўлови 5 минг евро этиб белгиланган. Сизнинг ISEЕ кўрсаткичингизга қараб ушбу миқдор ўзгаради.

Хорижий талабалар учун ҳам ISEЕ кўрсаткич амалда

ISEЕ кўрсаткич фақатгина италиялик талабалар учун эмас, балки хорижий талабалар учун контракт тўлови тўлашда асос бўлиб хизмат қилади. Айнан шунинг учун ҳам Италияда ўқишни истовчи хорижлик талабалар кўпчиликни ташкил этади.

Италияда ўқишни истаган хорижлик талаба ўз оиласининг йиллик даромади тўғрисидаги маълумотларни йиғиши ҳамда CAF ташкилотига тақдим этиши керак. Ушбу ташкилот сизга ISEЕ parificato номли ҳужжат тайёрлашда ёрдам беради. Ушбу ҳужжатда сизнинг ISEЕ кўрсаткичингиз кўрсатиб ўтилади ва айнан ушбу ҳужжат орқали хорижий талабалар ҳам контракт тўлашдан озод этилиши ёки тўлайдиган миқдорини аниқлаб олиши мумкин.

Ҳудудий молиявий ёрдам дастурлари мавжуд

Хорижий талабалар Италияда ҳудудлар бўйича молиявий ёрдам дастурларига ариза топшириши мумкин. Яъни уларнинг ISEЕ кўрсаткичлари белгиланган минимал миқдордан паст бўладиган бўлса (ҳудудлар бўйича 18 мингдан 23 минг еврогача энг кам миқдор ҳисобланади), улар контракт тўловидан озод бўлиш билан бирга, йилига 5.2 минг евро стипендия кўринишида молиявий ёрдам олиш имкониятига ҳам эга бўлади. Ушбу молиявий ёрдамни олишнинг ягона шарти – талаба ўз фанларини вақтида ёпиши керак бўлади.

Давлатбек Асадов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид