Ўзбекистон | 13:35 / 17.07.2021
36240
2 дақиқада ўқилади

Намангандаги селда бедарак йўқолган 7 ёшли боланинг жасади топилди

Косонсойдаги сел қурбонлари сони 9 кишига етди. Улардан икки нафари – болалар. Бедарак кетган 7 яшар боланинг жасади бугун тонгда Косонсой сойининг Тагижар маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмидан топилди.

13 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида дўл ёғиши ортидан келган сел одамларни оқизиб кетди.

Расмий маълумотларга кўра, 9 киши вафот этган, 6 киши табиий офатдан жабрланган. Жами 24 киши жароҳат олиб шифохоналарга мурожаат қилишган.

Талафотда бирданига 8 нафар яқинини йўқотган Рустамбой Раҳмоновлар оиласидан 5 ва 7 ёшдаги болалар ҳам селда оқиб кетишган. 7 ёшдаги боланинг жасади ҳамон қидирилаётган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати боланинг жасади топилганини маълум қилди.

“Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида бугун, 17 июль куни эрта тонгда 2014 йилда туғилган, 7 ёшли боланинг жасади Косонсой сойининг “Тагижар” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан топилган.

Барча юртдошларимиздан мутахассисларнинг об-ҳаво ўзгаришларига оид огоҳлантиришларига қатъий амал қилишни сўраймиз”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда жами 11 нафар фуқаро сел оқимларидан ҳалок бўлди. 2005-2021 йиллар давомида Ўзбекистонда сел-сув тошқинидан жами ҳалок бўлганлар сони эса 70 нафарга етди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид