Ўзбекистон | 10:02 / 17.07.2021
911
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги меҳрибонлик уйида меъёридан ортиқ болалар тарбияланаётгани ҳақидаги гаплар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги меҳрибонлик уйида меъёридан ортиқ болалар тарбияланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдириб, бу маълумотни рад этди.

Муносабатда маълум қилинишича, Самарқанд вилояти ХТБ тасарруфидаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи 2015 йилда замонавий типда қурилган бўлиб, вилоят ҳокимининг 2015 йил 9 июндаги №128-Қ-сонли қарори асосида ўз фаолиятини бошлаган.

Муассаса биноси 172 нафар тарбияланувчиларга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган етим, ижтимоий етим, ногиронлиги бўлган ота-оналарнинг, кам таъминланган оилаларнинг 98 нафар (шундан 38 нафар қиз, 60 нафар ўғил) фарзандлари тарбияланмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил май ойида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aлия Юнусова мазкур Меҳрибонлик уйида бўлганда, бу ерда жами 125 нафар бола тарбияланаётганлиги ҳақида маълумот берилган. Унга 2020 йил якунлари ва 2021 йилнинг ўрганиш кунига қадар бўлган барча ҳисоботлари тақдим этилган.

Таъкидланишича, мазкур Меҳрибонлик уйида 2021 йил январ ойида 138 нафар, феврал ойида 138 нафар, март ойида 126 нафар, апрел ойида 127 нафар, май ойида 125 нафар, июн ойида 98 нафар бола тарбияланиб келмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда ёритилган ҳисоботдаги ҳолат Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйига боғлиқ эмас. Чунки бу ерда бирор маротаба меъёридан ортиқ болалар тарбияланмаган ҳамда қайд этилган рақамларда ҳам тафовут мавжуд. Эълон қилинган ахборотлар тушунмовчилик ёки бошқа муассасадаги ҳолат билан адаштириш оқибати бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», дейилади, муносабатда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид