Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ваъда беришдан нарига ўтишмаяпти» — Урганч тумани аҳолиси ижтимоий муаммолардан шикоят қилишмоқда
Хоразм вилояти, Урганч тумани, Бекобод қишлоғининг «Равот» маҳалласи аҳолиси ижтимоий муаммолардан икки йилдан бери шикоят қилмоқда. Аммо мутасадди ташкилотлар ваъда беришдан нарига ўтмаяпти, муддат етиб келганида эса муаммолар ечими ортга сурилмоқда.
«Равот» маҳалласи туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Одатда, бундай маҳаллаларга эътибор кам бўлади. Бироқ, 2019 йилда ҳудуд «Обод маҳалла» дастурига тушган. Маҳалладаги уйларнинг деворлари, йўллар таъмирланган, манзарали дарахтлар экилган, эски электр сим устунлари янгисига алмаштирилган. Аммо маҳалланинг икки кўчаси – Маҳорат-1 ва Маҳорат-2 кўчаларида бу ишлар бажарилмаган.

«Хоразм минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, «Равот» маҳалласида ички йўллар узунлиги 11,85 км бўлиб, 2019 йилда 10,65 км йўлни таъмирлаш учун 2,3 млрд сўм ажратилган. Аммо Маҳорат-1 ва Маҳорат-2 кўчалари манзилли дастурга киритилмаган. Шу сабабли, бу кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Оқибатда ушбу кўчаларнинг йўллари ёзда чанг-тўзон билан қопланиб, қишда юриш оғир бўлган ботқоққа айланмоқда. Эски электр сим устунлари эса одамлар ҳаёти учун хавф туғдирмоқда.

Маҳалла фахрийлари ушбу ижтимоий муаммолар юзасидан кўплаб идораларга мурожаат қилган бўлишига қарамай, амалда вазият ўзгармаяпти. Раҳбарлар ҳар йили йўлларни таъмирлаш масаласи манзилли дастурга киритилиши ҳақида ваъда беришмоқда. Аммо муддат етиб келганида, иш яна ортга суриляпти.

Мисол учун, Урганч тумани ҳокимлигининг 2019 йил сентябрь ойидаги хатида шундай дейилган: «Сиз яшаб келаётган ҳудуднинг ички хўжалик йўлларини ҳақиқатан ҳам таъмирлаш кераклиги аниқланди. Йўлларнинг таъмирталаблик даражасига қараб, биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган қабристонлар, мактаб ва боғчаларга олиб борувчи йўллар таъмирланмоқда. Сизнинг мурожаатингизда кўрсатилган ички хўжалик йўлини 2020 йил таъмирлаш дастурига киритилганини билдирамиз».
Бироқ, 2021 йил ўтиб бораётган бўлса-да, бу ваъда бажарилмаган.

Яқинда Урганч тумани ҳокимлиги «Равот» маҳалласи аҳолиси мурожаатига яна муносабат билдириб, навбатдаги ваъдаларни берди. «Ушбу кўчалар 2021-2022-2023 йил ички хўжалик йўллари жорий таъмирлаш дастурига киритилгани ва 2021-2022 йилларида таъмирлаш ишлари олиб борилишини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Йўллар ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Йўлларнинг расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин? Равотликлар мутасадди ташкилотлардан йўл муаммосини бартараф қилишда амалий ёрдам сўрашмоқда. Умид қиламизки, бу сафарги ваъдалар ҳам қуруқ гап сифатида қоғозда қолиб кетмайди.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
12:33 / 02.05.2025
«Бунда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳ ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради» — президент чипталар нархи ҳақида
15:41 / 01.05.2025
Президент Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди
20:24 / 02.04.2025
Хоразмда пулини кўпайтириб беришни айтиб, мингдан ортиқ одамни чув туширган шахс ушланди
16:38 / 18.03.2025