Жаҳон | 22:10 / 19.07.2021
16636
7 дақиқада ўқилади

Коронадайжест: Токиода касалланган олимпиячиларни санашмоқда, Жануби-Шарқий Осиё учун оғири олдинда

TAKASHI AOYAMA/GETTY IMAGES

Токиода Олимпия ўйинлари очилиши арафасида олимпия қишлоғида тест қилинган спортчиларнинг яна бир нафарида Covid-19 тасдиқланди, аммо ХОҚ вакиллари ва Олимпиада ташкилотчилари вазият назорат остида экани ва инфекция авж олиши рўй бермаслигига ишонтирмоқда.

Бу вақтда Англияда коронавирус чекловлари бекор қилинганини байрам қилишмоқда, ҳолбуки мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари сони яна орта бошлаган. Саудия Арабистонида ҳаж маросимлари давом этмоқда, унда фақат эмланган саудияликлар қатнашишига рухсат этилган. BBC сўнгги коронахабарларни тақдим этди.

Токиода барчаси тайёр

Токиодаги Олимпия ўйинлари очилиши арафасида олимпия қишлоғида вирус юқтириб олган тўртинчи спортчи аниқланди, бу сафар Чехия пляж волейбол жамоаси аъзосининг коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган.

Янги ҳолатга қарамай (аввалроқ жанубий африкалик футболчилар ва ушбу мамлакат делегациясининг спорт мусобақаларида иштирок этмайдиган бир вакилида коронавирус тасдиқланганди), турнир ташкилотчилари олимпия қишлоғида эпидемиологик вазият барқарорлигича қолаётганини айтишмоқда.

Ўз навбатида, Олимпиаданинг расмий вакили Маса Такайа ўйинлар ўтказилишига билвосита алоқадор бўлган одамлардан олинган минглаб таҳлиллардан жами 61та касалланиш ҳолати тасдиқланганини, бу эса умумий ҳолатда жуда паст кўрсаткич эканини қайд этган (Олимпиадада 20 минг атрофида спортчи қатнашади).

Халқаро олимпия қўмитасига тавсиялар берувчи мустақил экспертлар гуруҳи раиси ҳам хавфсизлик бўйича тизим иш беришига ишонч билдирмоқда.

«Касалланганлар сони жуда кам. Кутилганидан анча пастлиги аниқ. Бундан ташқари, кўрилган чоралар инфекция тарқалиши хавфини камайтириши керак», дея қайд этган Брайан Макклоски.

Барча спортчилар ҳар куни текширувдан ўтади, уларга ижтимоий масофа сақлашга риоя этиш ва мусобақаларда иштирок этаётган, овқатланаётган ва ухлаётган вақтларидан ташқари барча ҳолатларда тиббий ниқобда бўлиш кўрсатма қилинган.

Сўровларнинг кўрсатишича, японияликларнинг аксар қисми мамлакатда ҳозирги шароитларда Олимпиада ўтказилишига қарши бўлишган. Ҳатто ўйинлар ҳомийси бўлган Toyota компанияси Олимпия ўйинлари билан боғлиқ телевизион рекламаларни намойиш этмасликка қарор қилган, компания раҳбарияти очилиш маросимида иштирок этмайди.

Озодлик куни
Англияда якшанбадан душанбага ўтар кечаси амалда барча карантин чоралари бекор бўлди, жумладан энди ёпиқ биноларда ниқоб тақиш мажбурий эмас, кўнгилочар масканлар, бар ва ресторанларга ташриф буюрувчилар сони чекланмайди, шунингдек, кўпчилик бўлиб бир жойда тўпланиш бўйича тақиқ ўз кучини йўқотди.

Чекловлар бекор бўлиши арафасида тренажёр заллари, стадионлар, кинотеатрлар ва тунги клублар мижозларнинг катта оқимига тайёргарлик кўрди. Айрим тунги клубларда оқшомлар ўтган тундаёқ бошланиб кетганди.

Шу билан бирга, мамлакатда ўтган сафарги енгилликлардан кейин касалланиш ҳолатлари сони ўса бошлаганди ва ҳозирда кунига 50 минг атрофида янги ҳолатлар қайд этилмоқда.

Британия касалланиш ҳолатлари сони (5,4 млн) ва коронавирус қурбонлари сони бўйича (129 минг) дунё рейтингида еттинчи ўринда, прогнозларга кўра, тез орада кунлик ҳолатлар сони йил бошида кузатилган иккинчи тўлқиннинг пик даврига (кунига 70-80 минг ҳолат) қайтади.

Ўз навбатида, Британия вакцинация бўйича Европанинг бошқа давлатларини ортда қолдирмоқда - бу ерда катта ёшли аҳолининг 87 фоизи камида бир доза, 68 фоизи эса икки дозани ҳам қабул қилган.

Сараланганлар учун ҳаж ва зиёратчиларга сув тарқатаётган роботлар

Одатда ҳар ҳаж мавсумида Маккага бутун дунёдан икки ярим миллион зиёратчи ташриф буюрарди, аммо бу сафар коронавирус тарқалиши хавфи сабаб кучли чекловлар жорий этилган.

Бу йили ҳажда фақат 60 минг киши иштирок этишига рухсат берилган - барчаси Саудия Арабистонининг 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган фуқаролари ёки резидентлари - тўлиқ эмланган ва хронологик касалликлари бўлмаганлар ҳаж қилиши мумкин.

Ҳажни ташкиллаштириш ва ўтказиш Саудия Арабистони подшоҳлиги бошқарувидаги сулола обрўйини белгилаб берадиган омиллардан ҳисобланади. Шу туфайли хорижлик зиёратчиларга рухсат берилмаслиги Каъбага келиш истагида бўлган хорижликларнинг ҳафсаласини пир қилган.

Саудия Арабистони ўтган йилги муваффақиятларини қайтармоқчи, ўшанда 10 минг киши ҳажда иштирок этган, бирорта коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганди.

Муқаддас жойни касаллик ўчоғига айлантирмаслик учун ҳукумат зиёратчиларни 20 кишилик кичик гуруҳларга бўлишга қарор қилган. Уларга «смарт-ҳаж-карта»лар тақдим этилган, бу меҳмонхона ёки ётоқхоналар, зиёратчиларни муқаддас жойларга элтувчи автобуслардан контактсиз фойдаланиш имконини беради.

Шунингдек, Зам-зам булоғи сувини роботлар тарқатиши кўзда тутилган.

Бошқалар-чи?
Англия ковид чекловлари бекор қилинишини нишонлаётган маҳалда соғлиқни сақлаш соҳасида мустақил сиёсат юритиш ҳуқуқига эга бўлган Шотландия ва Уэльс ҳукуматлари ҳозирча қатор чекловлар сақлаб қолинишини, жумладан, ёпиқ жамоат биноларида тиббий ниқобда бўлиш мажбурийлигини маълум қилди.

Европанинг айрим мамлакатлари, хусусан Испания ва Греция инфекция яна кучайиши фонида қатор чекловларни қайтадан жорий этишга мажбур бўлмоқда.

Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари учун эса ҳали барчаси олдинда бўлиши мумкин.

Ҳозирда минтақадаги асосий ўчоқлардан бири Индонезия бўлиб турибди, бу мамлакатда кунига ўртача 1,2-1,3 минг ўлим қайд этилмоқда.

Душанба куни Ханойда қисман локдаун жорий этилди, Вьетнам жанубидаги миллионлаб кишиларга уйни тарк этиш тақиқланди.

Тиббиёт ходимларининг ҳарбий хунтага қарши норозилик сифатида узоқ муддатли иш ташлаши туфайли Мьянмада шифохоналар ишламай йўқган, кўнгиллилар уйма-уй юриб коронавирусдан вафот этганларнинг жасадларини йиғишга мажбур бўлмоқда.

АҚШда ҳам вазият ёмонлаша бошлади. Катта ёшли аҳолининг катта қисми вакцинанинг камида биринчи дозасини қабул қилганига ва ойлар давомида инфекция тарқалиши фақат пасайиб келганига қарамай, сўнгги икки ҳафтада янги ҳолатлар кўпая бошлади.

Касаллик кескин ўсиши қайд этилган Лос-Анжелесда мажбурий ниқоб режими тикланган, якшанба куни АҚШ бош санитар врачи бошқа шаҳарлар ҳам шундай қарор қабул қилишига тўғри келиши ҳақида огоҳлантирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид