Жаҳон | 23:10 / 20.07.2021
21569
3 дақиқада ўқилади

Москва областида мигрантлар ўртасида муштлашув рўй берди. Ўқ овози ҳам эшитилган

Муштлашувда йигирмага яқин мигрант қатнашгани, уларнинг Марказий Осиё давлатлари фуқаролари экани айтилмоқда.

ТАСС ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манбасига таяниб Москва областидаги турар жой мажмуаларидан бирининг ҳовлисида мигрантлар ўртасида муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар берган. Гувоҳлар ўқ овозини ҳам эшитишган.

“Тахминан 20 киши оммавий муштлашувни уюштирган. Дастлабки суриштирувлардан сўнг уларнинг Марказий Осиёдан келган мигрантлар экани аниқланди. Муштлашув давомида улар таёқ, бутилкалардан фойдаланган. Шунингдек, отишма бўлган. Айнан қандай қурол ишлатилгани аниқлаштирилмоқда”, деб айтган ТАСС билан суҳбатлашган мулозим.

Манбанинг таъкидлашича, муштлашув 18 июлга ўтар кечаси содир бўлган. Келишмовчиликка нима сабаб бўлгани суриштирилмоқда. Низо оқибатида турар жой мажмуаси ҳовлисидаги бир нечта автомобилга зарар етгани сабабли маҳаллий аҳоли полиция чақирган.

Можарода Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этган ёки этмагани ҳозирча маълум эмас.

Бу Москва области ҳудудида сўнгги ҳафта ичида кузатилган учинчи оммавий муштлашув ҳисобланади. 13 июль куни Москвада «Кузьминки» метро станцияси ёнида марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани хабар қилинганди. Турли маълумотларга кўра, муштлашувда 50дан 200 нафаргача одам иштирок этган.

Москва шаҳар ИИВ бош бошқармаси оммавий муштлашувда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қатнашгани, унинг иштирокчилари Россиядан депортация қилиниши ҳақида хабар берган. Улар орасида ўзбекистонликлар бўлмаган. Муштлашувдан сўнг полиция бўлимларига 103 нафар шахс олиб келинган. Уларга нисбатан майда безорилик ва Россияда бўлиш қоидаларини бузиш моддалари бўйича маъмурий баённомалар тузилган.

14 июлда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган ўнлаб мигрантларнинг муштлашгани хабар берилган. Ҳодиса жойига полиция келиши билан низо иштирокчилари кўздан ғойиб бўлишган.

Оммавий муштлашувлар ортидан Москвада «Мигрант» операцияси бошланган. Қайд этилишича, Москванинг барча районларидаги полиция бўлинмаларига МДҲ мамлакатларидан келган мигрантлар олиб келинмоқда. Полициячилар уларни суратга тушириб, бармоқ изларини олмоқда, маълумотлар базасига киритаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид