Ўзбекистон | 21:05 / 20.07.2021
23549
3 дақиқада ўқилади

Халқаро атом энергияси агентлиги Ўзбекистонни АЭС қуришга тайёр деб топди

Халқаро атом энергияси агентлиги комиссияси ўз текширувларини якунлади. Комиссия Ўзбекистон ўз тарихидаги биринчи атом электр станциясини қуришга тўлиқ тайёр деган хулосага келган.

Фото: Wikipedia

Текширув давомида Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) комиссияси инспекторлари атом энергетикаси дастурининг инфратузилмасини ривожлантириш жараёнини ҳар томонлама баҳолашган, лойиҳа ҳужжатлари тайёрлигини кўздан кечиришган, объектни муҳофаза қилиш ва ядро қуроллари тарқалишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик чораларини ҳам текширишган.

Шундан сўнг текширувчилар Ўзбекистон ўз тарихидаги биринчи атом электр станциясини қуришга тўлиқ тайёр, деган хулосага келишган. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Комиссияга кўра, АЭС қурилиши юзасидан барча ишлар режага мувофиқ кетмоқда, шунингдек, хавфсизликнинг барча талабларига ва атом қуролини тарқатмаслик принципларига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонга 12 кунлик иш сафари билан келган Халқаро атом энергияси агентлиги экспертлари АЭС қурилиши борасидаги тавсия ва таклифларни ҳукуматга тақдим этишганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни 2017 йил декабрида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганидан кейин бошлаган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги фармони билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (Ўзатом агентлиги) ташкил этилди.

2018 йилнинг 7 сентябрь куни ўша вақтдаги Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолашди.

Лойиҳа ССЭР-1200 русумдаги реакторларга эга иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 октябрдаги 3969-сон қарори асосида, имзоланган битим кучга кирди.

2018 йили Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат президентлари Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт беришганди.

Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.

Ҳозирча АЭС қаерда қурилиши аниқмас. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл атрофидаги ҳудудлар АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон сифатида кўрилаётгани маълум қилинган бўлса, кейинчалик иншоот Жиззах вилоятида барпо этилиши хабар қилинганди.

AЭС барпо этилгач Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий қуввати 2,4 гигаваттгача етиши мумкин.

Қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланган илк АЭСни барпо этиш ишлари 2020 йилда бошланиши айтилган бўлса-да, айни пайтда бу иш кечикмоқда. Маълумотларга кўра, томонлар шартнома шартларини келишишда тил топиша олмаяпти.

2020 йилнинг декабрида Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев АЭС қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шартнома «деярли тайёр ҳолатга келтирилган», фақат техник жиҳатлари қолганини айтган, бироқ «ЎзАтом» рус элчисининг АЭС ҳақидаги гапларини рад этиб, ҳали келишувга эришилмагани, «шартномани муҳокама қилишда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда музокара позициялари ишлаб чиқилгани ва ҳимоя қилиб келинаётганини» маълум қилганди.

Мавзуга оид