Жамият | 17:16 / 21.07.2021
14288
6 дақиқада ўқилади

Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги бино нега сотиб юборилди?

ТТБ ҳудудидаги бинони туман МИБ онлайн аукционга чиқариб юборган. Адлия бўлими хулосасига кўра, бу жараёнда қатор қонунчилик талабларига риоя этилмаган. Ишни прокуратура ўрганмоқда.

Мурожаат ортидан Андижон вилояти Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмаси жойлашган Чинобод шаҳарчасига бордик. Муаммоли ҳолат бирлашма ҳудудидаги қозонхона биносининг электрон онлайн аукционда сотилиши билан боғлиқ.

2019 йил 2 октябрь куни тадбиркор Сардорбек Зулунов онлайн аукционда қозонхона биносини ютиб олган. Мана уч йилдирки, тиббиётчилар бино ноқонуний сотувга қўйилганини исботлашга уринишади.

Дарҳақиқат, бино “Андижон вилояти иссиқлик манбайи” ДУК тасарруфида дея эътироф этилиб, аукционга қўйилгани қанчалик қонун доирасида бўлганига нисбатан ҳақли саволлар бор.

ТТБ: “Ҳудудимиздаги бино сотилганини билмай қолдик”

Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари ўзларига тегишли бўлган ҳудуддаги бинонинг сотилишидан бехабар қолганликларини билдиришди.

Улар мазкур ҳолатнинг қонунийлигини ўрганиш учун юқори турувчи органлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган. Адлия бўлими мазкур бинонинг сотувга чиқарилиши давомида бир қатор қонун талаблари бузилганини аниқлаган.

“Мазкур бино – тиббиёт бирлашмасининг кадастр ҳужжатларида унинг девор билан ўралган ҳудудида кўрсатиб ўтилган. Демак, қозонхона биноси туман тиббиёт бирлашмаси ҳудуди ичида. Бино “Иссиқлик манбайи” ташкилоти балансида бўлиши мумкин, лекин унинг ер майдонига эгалик ҳуқуқи тиббиёт бирлашмасига тегишли.

Марказий шифохонага айни пайтда кучайтирилган физиотерапия, лаборатория хизматлари, фитотерапия учун бинолар етишмайди. Биз юқоридаги хизматларни оптималлаштириш ҳисобига бўшаган жойларга олиб кирганмиз.

Бу бинонинг электрон аукционга қўйилиб сотилишини билганимизда бериб қўймас эдик. Бирлашмамиз учун эгалик хуқуқи билан боғлиқ қонуний ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш қийин эмасди”, – дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Исомиддинов.

Бирлашма ҳуқуқшуноси Садирдин Мирзақулов қозонхона биноси сотилиш жараёни ўрганиб чиқилаётгани, бинони иложи борича бирлашмага қайтариш йўлида ҳаракат қилинаётганини билдирди.

“Туман прокуратурасига ва адлия бошқармасига мурожаат билан чиққанмиз. Адлия бўлими бинонинг Балиқчи туман Мажбурий ижро бюроси томонидан онлайн-аукционга чиқарилишида қонун ҳужжатларига амал қилинмагани ҳақида хулоса берди”, – дейди С.Мирзақулов.

Тадбиркор: “Барча ҳужжатларимиз жойида”

Қозонхона биносининг айни пайтдаги эгаси тадбиркор Сардорбек Зулунов бинога эгалик ҳуқуқини берувчи барча қонуний ҳужжатларни кўрсатди.

Дарҳақиқат тадбиркорнинг қўлида бинони онлайн аукционда сотиб олгани ҳақида “Ғолиблик баённомаси” ва кадастр ҳужжатлари мавжуд.

Адлия бўлими: “Бино МИБ томонидан бир қатор қонун талаблари бузилган ҳолда сотувга чиқарилган”

Балиқчи туман адлия бўлими бошлиғи Фаррухбек Кунабоев ҳолат бўйича қуйидагича изоҳ берди.

“Балиқчи туман адлия бўлими томонидан 2021 йилнинг апрел ойида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятинининг мурожаати ўрганиб чиқилди. Ушбу мурожаатда Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида кадастр қилинган “Иссиқлик манбайи” ДУК фойдаланувига тегишли бўлган қозонхона биносини туман Мажбурий ижро бюроси томонидан auksion.uz портали орқали хусусий тадбиркорларга сотиб юборилгани ҳолати қонунийлигини ўрганиб беришимиз сўралган.

Мурожаатни ваколат доирасида ўрганиб чиққанимизда, бир нечта қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 214-моддасига кўра, бевосита давлатга тегишли бўлган мулкни хусусийлаштиришга Олий Мажлис, президент ва ҳукумат раҳбарияти ҳамда бевосита ушбу давлат мулкини назорат қилувчи идоралар раҳбариятининг розилиги ёки бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда хусусийлаштириш, бегоналаштириш ёки сотилиши мумкин эди. Жараёнда кодекснинг ушбу талаби бузилган.

Бундан ташқари, “Суд хужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, auksion.uz савдо майдонига чиқаришдан олдин Мажбурий ижро бюроси ходимлари ёки давлат ижрочиси бевосита Давлат активларини бошқариш агентлигининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармасига хабарнома киритиши шарт эди.

Амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича, давлат мулкини сотиш бўйича алоҳида ишчи орган бу – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва уни ҳудудий бошқармалари ҳисобланади. Андижон вилоятида ҳам бу бошқарма мавжуд. Мажбурий ижро бюроси бу ҳолатда умуман улар билан келишувни амалга оширмаган. Қонун ҳужжатлари талаби бузилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 454-сонли қарорида айнан давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Жараёнда низом талабларига амал қилинмаган.

Шу тариқа, давлатга тегишли мол-мулк сотилишида қонун ҳужжатлари талабларига амал қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Ҳолат юзасидан қонунбузилишларига янада кенгроқ ўрганиш, холисона ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чора кўриш учун тўпланган материаллар туман прокуратурасига тақдим қилинди. Ҳозирда прокуратура томонидан ўрганиш ишлари кетмоқда.

Шунингдек, тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига, тадбиркор ва давлат ташкилоти ўртасидаги низоли ҳолатлар суд тартибида кўриб чиқилиши, судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди”, – дейди Фаррухбек Кунабоев.

Адлия бўлими мутахассисларининг бизга тақдим қилган ҳужжатда, объeктни e-auksion.uz майдони орқали сотувга чиқарилганидаги “мулк ҳақидаги маълумотлар” рукнида ҳам мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (гувоҳнома) мавжуд эмаслиги акс этгани кўриниб турибди.

Хулоса ўрнида

Туман адлия бўлимининг хулосасига кўра, бинонинг Балиқчи туман МИБ томонидан қонун ҳужжатларига амал қилмай аукцион савдосига чиқарилиши – давлат ташкилоти, аҳоли ва тадбиркор ўртасида зиддиятли муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Биз прокуратура ўрганиши натижалари чиққач, мавзуга яна қайтамиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтажчилар:
Жаҳонгир Маҳмудов,
Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид