Жамият | 20:20 / 22.07.2021
19447
4 дақиқада ўқилади

Балиқчида ҳайдовчилар асоссиз жаримага тортиляпти. Масъуллар ўз хатосини қачон тузатади?

Андижон вилояти Балиқчи тумани марказида – Бобуршоҳ кўчасидаги иккита жойда “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиси нотўғри қўйилган, натижада кўплаб ҳайдовчилар ноўрин равишда деярли 500 минг сўмлик жаримага тортилмоқда.

Гап шундаки, Бобуршоҳ кўчасининг иккита жойидаги – “Халқ банки” филиали биноси ва автошоҳбекат ёнидаги чорраҳага ўрнатилган “Тўхташ тақиқланган” йўл белгиларини олиб ташлаш ҳақида шу йил 5 май куни Балиқчи туман ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Бироқ, қарийб уч ойдан буён ноқонуний ўрнатилган йўл белгилари туфайли автоулов ҳайдовчилари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан жаримага тортилмоқда.

Ҳолат бўйича туман адлия бўлими бошлиғи Фаррухбек Кунабоев шундай дейди:

“Балиқчи тумани марказидаги Халқ банки биноси ҳамда автовокзал ёнидаги чорраҳада ўрнатилган “Тўхташ тақиқланади” белгилари Балиқчи туман ҳокимининг 2020 йил ноябрда қабул қилинган қарори асосида ўрнатилган. Лекин бу қарорлар норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлишига қарамай, бевосита адлия бўлимидан ҳуқуқий экспертиза ўтказилмасдан қабул қилинган.

Биз бўлим томонидан ўтказилган мониторинг жараёнида ушбу ҳолатни аниқлаб, белгиланган тартибда туман ҳокими номига тақдимнома киритганмиз.

2021 йилнинг май ойида ушбу йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниши таъминланган. Яъни 12 май куни 241-сонли туман ҳокимининг қарори асосида ушбу йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган.

Туман ҳокимининг йўл белгилари ўрнатиш тўғрисидаги қарори бекор қилинган бўлса ҳам, яъни йўл белгиларини олиб ташлаш керак бўлса ҳам, масъул идоралар бунга эътибор қаратмаяпти, йўл белгилари олинмаётгани натижасида фуқароларга ноқонуний равишда жарималар қўлланиб келинмоқда.

Бу йўл белгилар қонуний қўйилиши учун, аввало, туман автомобил йўлларидан фойдаланиш унитар корхонаси, ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ҳамда туман ҳокимлиги бош ҳуқуқшуноси масъул ҳисобланади. Мазкур йўл белгиларининг тезроқ олиниши халқ манфаати учун хизмат қилади”, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Фаррухбек Кунабоев.

Балиқчи туман ИИБ ЙҲХБ идорасига бордик. Маъмурий амалиёт инспектори Адҳамжон Исақов биз билан суҳбатда туман ҳокимлиги томонидан маълум бир жойдан йўл белгисининг олиниши ҳақида чиққан қарор туман автомобил йўлларига хизмат кўрсатиш идораси ва йўл ҳаракат хавфсизлиги гуруҳига ўша куннинг ўзида етиб келишини билдирди.

Не ажабки, туман ҳокимининг қарори уч ойдан бери оралиғи бор-йўғи бир километр бўлган масъул идораларга етиб келмаяпти экан... Ҳайдовчиларга эса жарималар ёзилмоқда.

Шу ўринда, ҳақиқий (юридик кучга эга) бўлмаган йўл белгиси сабаб жарима тўлашга мажбур бўлган фуқароларга ўз ҳуқуқларини суд орқали рўёбга чиқаришга, тўланган жарималарни қайтариб олишга имкониятлари борлигини эслатиб ўтишни лозим топдик.

МЖтКнинг 316-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан 10 кун ичида шикоят берилиши мумкин.

Қарор (маъмурий баённома) чиқарилганига 10 кундан ошиб кетгани важи билан шикоят рад этилиши мумкин.

Аммо, унутмаслик лозимки, мазкур масала Kun.uz'да эълон қилингунига қадар, йўл белгиларининг ҳақиқий бўлмаганидан ҳайдовчилар бехабар бўлишган. МЖтКнинг таъкидланган моддасида 10 кунлик муддат узрли сабаблар билан ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкинлиги айтилади.

Бу ўринда Андижон вилоят ИИБ ЙҲХБдан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда ташаббус кўрсатишларига умид билдириб қоламиз.

Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид