Жаҳон | 11:38 / 22.07.2021
54863
10 дақиқада ўқилади

Pegasus жосуслик дастури. Дунё бўйлаб махсус хизматлар телефонларни сездирмай кузатгани айтилмоқда

Бутун дунё бўлаб ўнлаб давлатлар сиёсатчилар, журналистлар ва ижтимоий фаол одамларнинг телефонларини сездирмай кузатган. Бу ҳақда 17та нашрнинг 80 нафар журналисти биргаликда олиб борган суриштирувида айтилади. Улар орасида Guardian, Washington Post, Haaretz, Suddeutsche Zeitung ва Amnesty International каби нуфузли нашрлар бор.

Тель-Авивдаги NSO Group офиси / Jack Guez / AFP / Scanpix / LETA

Суриштирувда аниқланишича, Исроилнинг NSO Group компанияси томонидан ишлаб чиқилган Pegasus дастури орқали махсус хизматлар телефонларни эгасига сездирмай кузатган. Бу корхона 2010 йил Тель-Авивда ташкил этилган ва 2016 йилдан бошлаб дунёдаги махсус хизматларга дастурлар тақдим этиб келиши маълум.

Париждаги Forbidden Stories нотижорий ташкилоти Amnesty International билан биргаликда 50 мингга яқин телефон рақамлари улар уланган телефон аппаратини бузиб кириш учун Исроил компаниясига буюртма кўринишида юборилганини аниқлаган. Бу телефонларнинг қанчаси бузиб кирилгани аниқ эмас, лекин журналистлар рақамларнинг мингга яқини кимга тегишли эканини аниқлашга муваффақ бўлган.

Рўйхатда 65 нафар топ-менежер, 85 нафар ҳуқуқ фаоли, 189 журналист, 600дан ортиқ сиёсатчи ва мансабдорлар, вазирлар, араб давлатларидаги қироллик оиласи вакиллари, адвокатлар, ишлаб чиқарувчилар бўлган.

Чўнтакдаги айғоқчи

Торонто университетига қарашли Citizen Lab ташкилоти илмий ходими Билл Маршак ўз «айфон»и бузиб кирилганини биринчи бўлиб сезиб қолган. Чунки у фақат ўзида мавжуд маълумот сизиб чиққанини билиб қолган. ВВС билан суҳбатда Маршак бу ҳақда айтиб берди.

«NSO Group ўзи ишлаб чиққан Pegasus дастурини ўнлаб мамлакатларга тақдим этади. Билсангиз, аввал «айфон» фойдаланувчилари телефонларини бузиб киришлари учун уларга юборилган вирус ҳаволага киришлари керак бўлган. Бу дастур билан эса бунинг ҳожати ҳам йўқ. Ҳеч нарса қилмасангиз ва телефонингиз шунчаки столда ётганида ҳам бузиб кирилган бўлиши мумкин. Бундай безбетликка чек қўйиш, Исроил ҳукумати ва мудофаа вазирлиги бу компанияни йиғиштириб олиши керак. Умид қиламанки, ошкоралик бунга эришишга ёрдам беради», дейди Билл Маркаш.

Қизиғи, Исроил компанияси бундай дастури мавжуд эканини яширмаяпти ҳам. Унинг иддаосига кўра, дастур фақат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган давлатларнинг махсус хизматларига тақдим этилади ва дастур терроризмга қарши кураш учун ишлаб чиқарилган.

«NSO Group ўз техникаларини фақат ишончли ҳукуматларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва разведка ташкилотларига сотади. Биз фақат содир бўлиши кутилаётган терактларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш мақсад қилинган ҳолатларда техникаларимизни сотамиз», дейилган Исроил компанияси баёнотида.

Исроил мудофаа вазирлиги ҳам ҳолатга муносабат билдирган. «Агар лицензия тартиби бузилса, ёки сотиб олган давлат томонидан қандайдир нотўғри амал кузатилса, биз керакли чорани кўрамиз», дейилган вазирлик баёнотида. Унда вазирлик NSO Group мижозлари эгалик қилаётган маълумотларни қўлга киритиш имкони йўқлиги айтилган. Мамлакат мудофаа вазири Бени Ганц Исроил киберхавфсизлик бўйича техника экспортига фақат терроризмга қарши кураш доирасида рухсат беришини, Pegasus билан боғлиқ ҳолат ўрганилаётганини айтган.

Pegasus: оммавий қирғин қуролими?

ВВС журналисти Григор Атанесян:

Телефонларни Pegasus дастури орқали бузиб кириш янгилик эмас. 2011 йилдаёқ шунга ўхшаш дастурлар журналистлар, сиёсий фаоллар телефонида аниқланган. Бироқ аввал Pegasus қайсидир ҳукумат аниқ бир танқидчисига қарши ишлатган манзилли қурол сифатида ишлатилган бўлса, ҳозир ҳолат бутунлай бошқача. 50 мингдан ортиқ одамнинг телефони ҳақида гап кетмоқда. Улар орасида 180 нафари журналист. Буюртмачилар орасида ҳар қанақа давлатни учратиш мумкин: монархиялардан тортиб демократик Ҳиндистон ва Руанда, Того каби камбағал Африка давлатларигача. Тасаввур қилинг-а, ҳужумга учраган телефонлар сони ўн мингларда ҳисобланмоқда.

Дунёнинг бир бурчагидаги журналист телефони Pegasus номли дастур ҳужумига учраётганидан хабардормикин? Бу эса Исроил ҳукуматига боғлиқ. NSO Group компанияси «АМАН» деб номланган Исроил ҳарбий разведкасининг икки собиқ ходими томонидан яратилган. Бу корхона киберкузатув технологиялари бўйича дунёда етакчи ҳисобланади ва нархи 1 миллиард долларга баҳоланади. У ўз маҳсулотларини Исроил мудофаа вазирлиги берган лицензия асосида сотади.

Дастур ишлатилган жойлар орасида Ўзбекистон номи ҳам бор

Бузиб кириш учун буюртма қилинган рақамларнинг аксари 10та давлатга тегишли: Озарбойжон, Баҳрайн, Венгрия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Мексика, Марокаш, БАА, Руанда, Саудия Арабистони.

Washington Post'га кўра, Citizen Lab бу жосуслик дастури 45та мамлакатда ишлатилганини аниқлаган. Бу давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Рақамларнинг учдан бири, яъни 15 мингтаси Мексикага тегишли. Улар орасида суиқасд қурбони бўлган журналист Сесилио Пинеда ҳам бор. Унинг рақами базага ўлдирилишидан бир неча кун аввал киритилган. 300та рақам Ҳиндистонда аниқланган ва ҳукумат аллақачон одамларнинг телефонини кузатишини рад этган.

Washington Post айнан Pegasus дастури орқали 37та «айфон» бузиб кирилганини аниқлаган. Улардан иккиси 2018 йил ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг таниши бўлган. Маълумот учун, бу қотилликда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон айбланади. Исроилнинг жосуслик дастури орқали Жамол Қошиқчи ва унинг келинини ҳам кузатишган.

Шунингдек, рўйхатда AFP, Wall Street Journal, CNN, New York Times, Al Jazeera, El Pais, AP, Le Monde, Bloomberg, Economist, Reuters каби йирик нашрларнинг журналистларига тегишли рақамлар бор. Қатарнинг Al Jazira телеканали 30 журналисти, ижтимоий тармоқдаги постлари учун қамалган марокашлик журналист Умар Ради ҳам терроризмга қарши ишлаб чиқарилгани иддао қилинаётган жосуслик дастури ёрдамида кузатилган.

Суриштирув давомида 67та телефонга Pegasus билан ҳужум қилингани аниқланган. Шундан 23таси муваффақиятли амалга оширилган. 14та ҳолатда ҳукуматлар кузатув амалга оширишни хоҳлаган, 30та ҳолатда эса ҳаракат амалга ошмай қолган. Бунга телефон эгалари аппаратларини алмаштиргани сабаб бўлган. Қизиғи, ушбу аниқланган ҳолатларнинг бирортасида телефон жиноятчига тегишли бўлмаган. NSO Group лицензиясига кўра эса дастур орқали фақат террорчилар кузатилиши керак. Исроил ҳукумати сотиб олган давлатларнинг бундай жосуслиги учун жазо қўллашини айтган. Аммо бирор марта бундай ҳолат рўй бермаган.

Бу жосуслик дастуридан фаол фойдаланилгани айтилган Венгрияда президент расмийлари журналистларнинг саволларига қўрслик билан жавоб беришди: «Бу саволни АҚШ, Британия, Германия, Франция каби давлатларга ҳам бердингизми? Улар қанча вақтда ва қандай жавоб беришди?»

Жосуслик ва бундай техникалар бўйича устаси фаранг ҳисобланувчи МРБ собиқ агенти Эдуард Сноуден бу суриштирувни йил воқеаси деб атади. У бундай техникаларни сотишни тақиқлаш кераклиги ва Pegasus ходимлари жавобгарликка тортилиши шартлигини таъкидлади. БМТ махсус маърузачиси Дэвид Кей кузатув бўйича дастур ва техникаларни сотишга бутун дунё бўйлаб мораторий жорий қилиш кераклигини айтди. WhatsApp асосчиси Уилл Кэткарт эса NSO Group дастурлари инсон ҳуқуқларини бузиш учун қўлланаётганини таъкидлади.

Pegasus нима қила олади ўзи?

Бу дастурнинг хавфлилиги шундаки, у «айфон» ёки бошқа турдаги ҳар қандай смартфон офлайн ҳолатда бўлганида ҳам ишлай олади. Яъни Pegasus «взлом қилган» телефондан нимадир олиш учун унинг интернетга уланиши шарт эмас. Дастур орқали телефоннинг камерасидан кузатув амалга ошириш мумкин, унинг диктафонидан эса микрофон сифатида фойдаланиб, телефон атрофидаги ҳар қандай суҳбатни ёзиб олиш мумкин. Телефонга келган смслар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифага келган смслар, локация, скриншотлар, телефон галереяси, хуллас ҳар қандай маълумот телефон эгаси бехабар ҳолда Pegasus дастуридан фойдаланаётган одамлар томонидан кузатилиши мумкин. Ҳатто браузер хотираси ҳам кузатилади. Қизиғи, на телефонга ва на мессенжерларга ўрнатилган парол бузиб кирилган телефонни Pegasus назоратидан қутқара олади. Бундай телефонни кузатишларидан фақат уни синдириб ёки ташлаб юбориб қутулиш мумкин.

Бироқ смартфонга симкарта қўйилмаган бўлса, масалан, фақат Wi-Fi орқали интернетга кирса, Pegasus'нинг унга кучи етмайди. Яъни телефонга йўл топиш учун асосий восита – симкарта.

Элит рўйхат: Дуров, Макрон, Имрон Хон

Pegasus ҳақидаги суриштирувдан кейин аста-секин кимлар бу дастурнинг ҳужумига учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар чиқмоқда. Хусусан, Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Telegram аккаунти уланган рақам Исроил дастури томонидан бузиб кирилган бўлиши мумкинлиги айтилди. Дуров бунга жавоб беришга ҳам улгурди: «2011 йилда Россияда яшардим ва ўшандан буён телефонимга бузиб киришлари мумкинлигига хотиржам қарайман. Телефонимни бузиб кирганлар унда ҳеч қандай муҳим маълумот топа олмай ҳайрон қолишса керак».

Исроил компанияси ишлаб чиқарилган дастур орқали Франция президенти Эммануэль Макрон, Покистон бош вазири Имрон Хон, Ироқ президенти Барама Солиҳ, ЖАР президенти Сирил Рамафозу, Миср бош вазири Мустафо Мабдули, Марокаш бош вазири Саидиддин Усмони, Марокаш қироли Муҳаммад олтинчининг телефонлари кузатилган бўлиши мумкин.

Франция президенти ўзи, мамлакат бош вазири яна бир қатор вазирларнинг телефонлари эшитилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар чиққач, бу борада суриштирув олиб бориш бўйича кўрсатма берган. Le Monde нашрининг ёзишича, Макрон 2017 йилдан буён ишлатиб келаётган телефонини эшитишни Марокаш разведкаси буюртма қилган. Марокаш ҳукумати эса буни рад этди. Франция президенти администрацияси агар бу факт исботланса, оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид