Жамият | 21:56 / 22.07.2021
8959
2 дақиқада ўқилади

Янгийўл тумани кадастр бошлиғига 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди

Тадбиркордан пора талаб қилиб олаётганда ушланган Кадастр агентлигининг Янгийўл тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи шахсга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Дастлаб пора билан ушлангани айтилган кадастр тизими масъули С.Ж.нинг ҳаракатлари дастлабки тергов ва судда фирибгарлик сифатида, яъни ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан малакаланган.

Тошкент вилоят суди ахборот хизматига асосланиб, Kun.uz мухбирининг хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг 2021 йил 26 апрелдаги ҳукми билан С.Ж.га 1 йил муддатга Кадастр агентлиги тизимида мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Ушбу мансабдор пора билан ушлангани ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шу йил 11 март куни маълум қилганди.

Kun.uz аввалроқ Чилонзорда 1 гектар ерни 1,4 млн долларга сотмоқчи бўлган мансабдорлар 8 йилга “кесилгани”, Бекобод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари 3,5 йилга қамалгани, Бухоро вилоят ДСЭНБ бошлиғи 3 йилга озодликдан маҳрум этилгани ва Андижон вилояти ҳокимлигининг икки ходими 10,5 йилга қамалгани ҳақида хабар берганди.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид