Жамият | 15:59 / 23.07.2021
1235
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик қарздор ота фарзандлари учун 80 миллион сўм алимент тўлади

Самарқанд шаҳрида яшовчи ота фарзандлари учун 80 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 15 августдаги қарори билан фуқаро Ж.Н.дан ундирувчи Н.И.га бир нафар вояга етмаган фарзанди моддий таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Қарор бўйича МИБ Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги инобатга олиниб, МИБ ходимлари томонидан қарздор Ж.Н. билан тушунтириш ишлари ўтказилган ва фарзандларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминотини ўйлаб, у вояга етгунга қадар бўлган қарзини ҳисоблаб, алимент учун 80 миллион сўмни ундирувчи Н.И.га тўлаб берган. Томонлар розилиги билан мазкур ижро ҳужжати тегишли тартибда тугатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид