Ўзбекистон | 15:57 / 24.07.2021
1113
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда янги қурилаётган экобозордан дўкон олиб бериш учун тадбиркорлардан пул олган икки кишига жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида янги қурилаётган экобозор ва савдо мажмуасидан дўкон олиб бериш учун пул олган шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Маълум бўлишича, мазкур шахслар бозор ва савдо мажмуаси қурилиши пудратчиси ҳисобланадиган МЧЖ раҳбари ва унинг шериги бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «A.» МЧЖ раҳбари Э.А. ва фуқаро Х.Х. туманнинг Мингчинор маҳалласида қурилиши режалаштирилаётган замонавий экобозор ҳамда савдо мажмуасидан дўкон олиб беришни ваъда қилиб фуқаролардан пул олгани аниқланган.

Жумладан, улар қурилишга пудратчи сифатида жалб қилинганидан фойдаланиб, 4 нафар тадбиркорга ушбу мажмуадан дўкон олиб бериш эвазига жами 18 000 АҚШ доллари ва 80 миллион сўм олгани маълум бўлган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид