Жаҳон | 22:58 / 25.07.2021
9174
5 дақиқада ўқилади

АҚШ қуролли кучларига кўмаклашган афғонистонликларни эвакуация қилиш учун 100 миллион доллар ажратилади

Америкалик аскар афғонистонлик таржимон билан | REUTERS / Lucas Jackson

AҚШ президенти Жо Байден америкаликлар Афғонистонда бўлган вақтда AҚШ қўшинларига турли даражада кўмаклашган афғонистонликларни эвакуация қилиш учун 100 миллион доллар ажратишга рухсат берди. Бу ҳақда Оқ уй веб-сайтида давлат котиби Энтони Блинкенга юборилган хабарномада сўз боради.

Қочқинлар ва мажбуран кўчирилаётган шахсларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш ва кўчириш билан боғлиқ харажатлар AҚШ ҳукумати томонидан давлат фондидан ажратиладиган маблағдан қопланади. Расмий хабарномада қайд этилишича, 100 миллион долларгача миқдордаги маблағ Aфғонистондаги вазиятни инобатга олиб, шунингдек, AҚШ махсус иммиграцион визаларини олиш учун мурожаат қилган Афғонистон фуқароларининг эҳтимолий эҳтиёжларини қондириш учун ажратилмоқда.

“Бундай ёрдам мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда икки томонлама ёки кўптомонлама асосда, шунингдек, халқаро ташкилотларга ажратиладиган бадал тўлови, бошқа нодавлат ташкилотлари ҳамда AҚШ департаментлари ва агентликларини молиялаштириш йўли билан берилиши мумкин”, дейилади Оқ уй хабарномасида.

Eadaily’нинг ёзишича, айни пайтда 2,5 мингга яқин афғонистонлик Aмерика махсус иммиграцион визаларини олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Ғарб оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Aмерика қўшинларига турли даражада кўмаклашган, шу жумладан, таржимонлик қилган 18 мингга яқин афғонистонлик ва яна 53 минг оила аъзолари бундай визаларни олишга умид қилмоқда.

Бу жараён узоқ давом этишини ҳисобга олиб расмий Вашингтон АҚШ қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни эвакуация қилишга қарор қилган. Афғон қочқинлари AҚШнинг Виржиния штатидаги Ричмонд яқинидаги Форт Ли ҳарбий базасида, балки мамлакатнинг шу каби бошқа объектларида вақтинча жойлаштирилиши режалаштирилган.

Аввалроқ New York Times Aфғонистондан эвакуация қилинаётганлик AҚШ визасини олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш жараёнида ҳеч қандай имтиёзни тақдим этмаслиги, шунингдек, агар аризалар рад этилса, бу одамлар ўз ватанига депортация қилинмаслигига кафолат бермаслиги ҳақида ёзганди.

“Aмерика Овози” маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 100 мингга яқин одам кетиш ҳуқуқини олиши мумкин. Нашрнинг қайд этишича, қочқинлар, биринчи навбатда, AҚШнинг чет элдаги ҳарбий базаларига ёки “виза аризаси кўриб чиқилаётган пайтда хавфсиз бўлишлари учун” учинчи мамлакатга юборилади.

“Йигирма йил давомида минглаб афғонлар AҚШ ва бошқа Шимолий альянсга аъзо мамлакатларнинг разведка мутахассислари билан биргаликда Aл-Қоида, ИШИД ва бошқа террорчи тузилмаларга қарши курашиш жараёнида ўз ҳаётларини хавф остига қўйишди”, дейилади АҚШ Сенатининг Разведка қўмитасига раҳбарлик қилувчи Марко Рубио томонидан мамлакат президентига юборилган мактубда.

Улар президент Байденни махсус иммиграцион виза дастурини тезлаштиришга ва қочқинлар дастурига устувор аҳамият бериб, афғонларни учинчи мамлакатларга вақтинча эвакуация қилишни кўриб чиқишга чақиришган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши ортидан толиблар мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда. Аксарият тўқнашувларда афғон ҳукумат қўшинлари «Толибон»га мағлуб бўлмоқда ва жон сақлаб қолиш учун ҳудуддаги тинч аҳоли билан биргаликда қўшни давлатлар ҳудудига чекинишга мажбур бўлмоқда.

Афғон қочқинлари Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон ҳудудига ҳам қочиб ўтишган. 16 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Покистон бош вазири Имрон Хон айни пайтда 3 миллиондан ортиқ афғон қочқинлари Покистонда жон сақлаётганини маълум қилган.

БМТ маълумотларига кўра, 5,7 миллион қочқин «Толибон» қулаганидан кейин мамлакатга қайтиб келган, 2,7 миллион қочқин эса Покистон ва Эрон каби давлатларда қолмоқда. 4 миллион ички муҳожир ҳамон ўз уйларидан узоқда.

Bloomberg агентлиги президент Жо Байден маъмурияти Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан Америка қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилган 9 минг нафар афғонистонликни ўз ҳудудларида вақтинча жойлаштиришни сўраб мурожаат қилгани тўғрисида хабар берганди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг айтишича, АҚШга хайрихоҳлик билдирган афғон фуқароларига Ўзбекистонда бошпана беришнинг қонуний ва амалий асослари йўқ. Иргашевга кўра, Ўзбекистон қочоқлар мақоми тўғрисидаги 1951 йилги Конвенция ва 1967 йилда қабул қилинган протоколга қўшилмаган. Бундан ташқари, мамлакатимиз қонунчилигида қочоқ мақомини олиш тартиби ҳам кўзда тутилмаган.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти ҳудудида афғон қочқинлари учун вақтинчалик база барпо этилмоқда, бунинг учун вилоятнинг Жайҳун тумани ҳудудидан махсус жой ва ҳудудий бюджетдан керакли сумма ҳам ажратилган. Мамлакат фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси ўринбосари Имомали Иброҳимзоданинг айтишича, Тожикистон 100 мингга яқин афғон қочқинини қабул қилишга тайёр.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид