Жамият | 21:32 / 26.07.2021
24137
8 дақиқада ўқилади

Жамоавий иммунитет ечим эмас — профессор Тугизов вакцина олишнинг аҳамияти ҳақида

Вакцина натижасида шаклланган иммунитет коронавирусга чалингандан кейин юзага келадиган иммунитетдан кучлироқ бўлади, дея маълум қилди Калифорния университети профессори Шароф Тугизов.

Фото: Uzreport TV

Ўзбекистонда ўтган 2020 йилда аҳолининг катта қисми коронавирусга чалиниб соғайгани ҳақида норасмий тахминлар айтилаётган эди. Йил охирига бориб касалланиш ҳолатлари кескин камайиб кетгани жамоавий иммунитет шаклланганининг белгисидек кўринган эди.

Бироқ орадан ярим йил ўтиб, COVID-19'нинг янги тўлқини кенг миқёсда авж олиб кетди. Калифорния университети профессори, вирусолог Шароф Тугизовнинг сўзларига кўра, айни пайтга келиб жамоавий иммунитет ғояси ечим бўла олмаслиги маълум бўлган.

“Бошида шундай назария бор эди. Бу назария ишламади”,деди Тугизов “Америка овози”га берган интервьюсида.

Профессорнинг тушунтиришича, коронавирусга чалиниб соғайган одамларда бу вирусга нисбатан шаклланадиган иммунитет кучли эмаслиги аён бўлмоқда.

“Мана шу вазиятда вакцина керак. Нима учун? Вакцина коронавируснинг битта оқсилига нисбатан организмда иммунитет чақиради. Бу иммунитет вирусга чалиниб соғайгандан кейин пайдо бўладиган иммунитетдан кўра яхшироқ, чунки коронавируснинг 30та гени бор. Битта специфик генга қарши шаклланган иммунитет 30та генга қарши шаклланган иммунитетдан кучлироқ бўлади”, – деди профессор.

Шароф Тугизовнинг айтишича, вакциналар организмда коронавируснинг S генига нисбатан специфик сезувчанликни ҳосил қилади. Коронавирус айни шу ген (тож шаклидаги оқсил) ёрдамида инсон ҳужайрасига кира олади.

“Ўтган йили коронавирусга чалиниб соғайган одамларга эмланиш зарурати бўлмаса керак, деган фикрда эдим. Бугун эса аксинча, чунки касалланиб чиққандан кейин шаклланадиган иммунитет жуда суст эканини кўряпмиз.

Умуман, [нафақат SARS-CoV-2, балки бошқа кўплаб] коронавирусларга нисбатан одамларда шаклланадиган иммунитет кучли бўлмайди. Коронавирусларнинг пандемик бўлмаган тўртта бошқа штаммлари бор, уларга қарши иммунитет 1 йилга етар-етмас.

Масалан, герпес вирусига қарши иммунитет бутун умрга етади. Коронавируслар эса, агар вакцина бўлмаса, кучли иммунитет чақириши қийин”, – дейди вирусолог.

Тугизов дунё миқёсида фойдаланилаётган 4-5 хил вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлигига нисбатан ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқлиги, 1 миллиарддан кўпроқ одам тўлиқ вакцина олиб бўлганини айтаркан, бу жараённи тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Олимга кўра, эмлаш суръати қанча суст бўлса, вируснинг вакциналар таъсир қилмайдиган янги штаммлари пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам шунча кўп бўлади.

“Агар ҳозир аҳоли тезроқ эмланмаса, вирус яна мутацияга учраши оқибатида ҳозирги самарали вакциналар 2-3 йилдан кейин самара бермай қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун тезлик билан, 2 йил ичида оммавий иммунитетни шакллантириш керак.

Вирус аҳоли орасида қанча кўп тарқалса, унинг янгидан янги турлари пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам шунча ошаверади”, – дейди Калифорния университети профессори.

АҚШдаги ўзбек олими суҳбат давомида айтиб ўтган яна қатор фикрлар қуйида келтириб ўтилади.

Коронавируснинг тўртта катта варианти

— Вакциналар жуда яхши ишлаяпти, лекин вирус жуда тез ўзгаряпти. Бугунги кунда бутун дунёда тўртта катта варианти тарқаляпти: альфа “инглизча” вариант, бетта – “жанубий африкача” вариант, гамма – “бразилча” вариант, дельта – “ҳиндча” вариант.

Мана шу вариантларда вирус тўхтамасдан мутацияга учраяпти. Мутация – бу вируснинг хусусиятларидан. Бу вирус – ҳамиша ўзгарадиган вирус. Бахтга қарши, ёмон тарафга ўзгаряпти. Охирги чиққан “ҳиндча” варианти аввалги вариантига қараганда рецепторга боғланиши 2 баробар кучли ва 2 баробардан кўпроқ патология чақиради.

Вируснинг ёмон томонга ўзгариши хавотирли. Мутациялар вирусни кучсизлантирса, вирус йўқолиб кетади; лекин аксинча, мутациялар вирусни кучайтирса, унинг тарқалиши тезлашади ва кўпроқ ўлимга олиб келиши мумкин.

Бизда дастлабки in-vitro маълумотлар бор, уларга кўра, вакциналар дельта штаммига қарши ишлаяпти. Вакциналар натижасида ҳосил бўлган антитаначалар дельта вариантини лаборатория шароитида ўлдиряпти (одамлардаги маълумотлар ҳозирча йўқ). Бу – вакцина ишлаётганини кўрсатувчи жуда катта позитив янгилик.

Шунинг учун ҳозир эмланиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

“Вакцина олганлар орасида касалланиш ниҳоятда кам”

— Эмланганлар ҳам коронавирус юқтиради, чунки ҳеч бир вакцина касалликдан 100 фоиз ҳимоя қилмайди. Бу ерда гап вакцинада эмас, одам организмида. Ёши 70дан юқори одамларда иммун ҳимояси яхши ишламайди, 80-90 фоиз одамларда кексайгани сари иммунитет сусайиб боради.

Вакцинага нисбатан организмининг реакциясига қараб, эмланувчиларни уч гуруҳга бўлдик, биринчиси – “non-responders”, яъни организми вакцинага нисбатан жавоб реакция билдирмайдиган, вакцинадан фойда кам бўлган одамлар. Бунинг сабаби – бундай инсонларнинг иммунитети суст бўлади, буларга – кексалар ва бирор касаллик сабаб иммунитети тушиб кетган кишилар киради.

Иккинчи гуруҳ эмланувчилар – “overactive responders”, яъни организмига вакцинага гиперактив реакция билдиради. Учинчи гуруҳ эса – “responders”, яъни вакцинага нормал реакция қиладиган, организми муайян вақт ўтиб антитаначалар ишлаб чиқарадиган одамлар гуруҳи, улар жами аҳолининг 80 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Учинчи гуруҳ эмланувчиларда вакциналар яхши ишлайди. Бугун эрталаб Сан-Францискодан келган маълумотларни таҳлил қилдик. Унга кўра, янги касалланганларнинг 96,4 фоизи вакцина олмаганлар экан.

Вакцина олганлар орасида касалланиш ниҳоятда кам. Шунинг учун ҳозир вакцинацияга жуда катта эътибор қаратиш керак, бу глобал масалага айланди. Вакцина бор бўлиб туриб, одамлар эмланмаса, бу – жуда катта муаммо.

Касалликлар назорати маркази (CDC)га кўра, ҳозир АҚШда вакцинация даражаси паст штатларда касалланиш кўрсаткичлари ошяпти.

Исроилни қаранг, бу давлат – жуда яхши намуна. Исроилда 80 фоиз аҳоли эмланди, касалланиш ҳолатлари ниҳоятда кам. Демак, вакцинани албатта олиш керак. Аҳолининг эмланмаслиги катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

“Самараси 50 фоиз бўлса ҳам, жуда яхши вакцина деб ҳисобланади”

— Вакцина 95 фоиз самарали деганда шуни ёдда тутиш керакки, бу рақамлар 3-босқич клиник синовлар вақтидаги натижаларга асосланган. Синов даврида эса асосан соғлом одамлар эмланган эди. Ҳозирги вазиятда эса бу кўрсаткич 95 фоиз бўлмаслиги мумкин. Чунки умумий массани эмлаганда, юқорида айтганимдек, вакцина қанчалик яхши бўлишидан қатъи назар, у айрим одамларда ишламайди.

 Вакцина самарадорлиги 50-60 фоиз бўлса ҳам бу жуда яхши натижа. 90 фоиз самарадор бўлса, уни фантастик даражадаги яхши вакцина дейиш мумкин.

Умуман, ҳозирда бутун дунёда аҳоли 5-6 хил вакцина билан эмланяпти, бу вакциналарда илмий жиҳатдан муаммолар йўқ. Лекин ҳозир интернетда ниҳоятда кўп ёлғон маълумотлар тарқаляпти.

Вакциналардан келадиган иммунитет қанча вақт сақланиб қолади, буни аниқлашга ҳали эрта. Чунки бунинг учун вақт керак.

Мавзуга оид