Ўзбекистон | 15:05 / 26.07.2021
7319
8 дақиқада ўқилади

Жазирама таъсирида ҳам дард орттириш мумкин – мутахассиснинг иссиқдан ҳимояланиш бўйича маслаҳатлари

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова жазирама кунларда иссиқдан ҳимояланиш ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича маълумотлар берди.

Фото: KUN.UZ

Серқуёш юртимизда ёзнинг жазирама даврида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлиши одатий ҳол. Қуёш остида узоқ вақт бўлиш натижасида ультрабинафша нурлар организмга салбий таъсирини кўрсатади. Шу сабаб, қуёшнинг тик нурларидан сақланиш лозим, акс ҳолда офтоб уриши кузатилиши мумкин. Бундай пайтда куннинг иссиқ вақтида бошяланг юрганда бош қизиб кетади, қуёш нури таъсирида бош миядан катта артерия, вена қон томирлари кенгаяди ва бутун танада иссиқ қон айланиб, офтоб уриш ҳолати юз бериши мумкин.

Бунинг оқибатида қуйидаги белгилар юзага келади:

  • тана ҳарорати кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш;
  • нафас олиш ва пульс тезлашиши, юрак тез уриши;
  • бош оғриши, бош айланиши;
  • кўнгил айниши, қайт қилиш;
  • ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Иссиқ ҳароратнинг таъсири ва офтоб урганда биринчи ёрдам:

  • офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади;
  • кийимлари бўйин кўкрак соҳаларини сиқиб турган бўлса, бўшатилади ёки, тананинг очиқ жойлари муздек сувга ҳўлланган дастрўмол, сочиқ ёки мато билан ҳўлланади ёки уст-бошларини ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб бутун танасига ўралади;
  • бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилади;
  • офтоб урган кишига оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади. Тез ёрдам етиб келгунча юқоридаги муолажалар давом эттирилади;

Офтоб уришининг олдини олиш учун:

  • иложи борича куннинг биринчи ярмида бош кийим кийган ҳолда сайр қилиш;
  • сайрга бош соябон ҳам олиб чиқиш;
  • имкони борича ҳавоси салқин бўлган жойларда кунни ўтказиш;
  • жисмоний фаол ҳаракатлар билан шуғулланишни эса салқин вақтларда эрталабки ёки кечки соатларда ўтказган маъқул;
  • офтобдан куйишнинг олдини олиш учун махсус офтобдан сақловчи кремлардан фойдаланиш мумкин;
  • кунлик рацион енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши;
  • кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш айниқса чанқовбосди ичимликларни ичиш (газланмаган қадоқланган сув, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари, шакарсиз компотлар, морс ва квас ва ҳ.к.);
  • кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ.
  • спиртли ичимликларни ичмаслик тавсия этилади;
  • тузланган ва аччиқ маҳсулотларни чегаралаш лозим;
  • куннинг иссиқ вақтларида узоқ йўлга чиқманг;
  • машина салонларида ёш болаларни ва қарияларни узоқ қолдирмаслик керак.

Офтоб нурининг фаоллашган пайтида, яъни соат 11:00-12:00 дан то соат 16:00-17:00 ларгача иложи борича салқин хоналарда, кўчага чиқмасдан уйда бўлиш тавсия этилади. Уйда хоналар ҳам қуёш нурлари таъсирида бўлмаслиги учун деразаларга ҳимояланиш мақсадида мато тутиш мақсадга мувофиқ;

! Кун давомида кўпроқ сув ичиш лозим, ҳар бир хонадонда тоза ичимлик сув бўлишига эътибор бериш керак.

Жазирама иссиқ шароитларда кийиниш:

  • ҳавони яхши ўтказадиган, табиий матолардан тикилган;
  • қуёш нурини қайтарадиган, терни ўзига шимадиган;
  • кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади.
  • Шунингдек, тўқ рангли ёки қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади натижада тана қизиб кетади ва иссиқ уриши кузатилади. Аксинча, очиқ рангли ёки оқ рангли матолардан кийимлар кийиш лозим. Улар иссиқлик ва қуёш нурини қайтаради ва офтоб уришининг олдини олади.

Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам карантин қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда, ниқобни ечмасдан уни тақиб юришга мослашиш керак:

  • иссиқ ҳаво натижасида ниқоб остида ножўя таъсирлар (қичишиши, майда тошмалар) бўлмаслиги учун 1-2 соатдан алмаштиринг;
  • ниқоб остида юз терламаслиги учун табиий матодан тайёрланган бир неча марталик ниқобларни танлашингиз мумкин. Улар юмшоқ бўлиши, пахта ипли матодан бўлса яхши. Ечгандан сўнг уни хўжалик совунида ювиб, дазмолланг;
  • ниқоб ости аллергик ҳолатлари бўлмаслиги учун гипоаллерген материаллардан тайёрланган бир марталик дорихона ниқобларидан фойдаланиш мумкин;
  • умуман, ниқоб кийишдан олдин юзингизни яхшилаб ювинг;
  • ниқобни ечгандан сўнг, юзни гипоаллерген совунда ювиш мумкин;
  • ниқобни тез-тез алмаштириб туриш учун ёнингизда бир нечта ниқоб олиб юринг.

Кондиционердан фойдаланиш

  • Кондиционер остида узоқ вақт ўтирманг, жуда паст ҳароратга мосламанг;
  • Кондиционернинг совуқ шамоли танангизга тўғридан тўғри эсмасин;
  • Иссиқдан терлаб туриб кондиционер ишлаб турган хонага кириш қатор касалликларга туртки бўлиши мумкин.

Сув ҳавзаларида чўмилиш

Куннинг жуда иссиқ пайтларида, айниқса қуёшда тоблангандан кейин муздек ҳовуз ёки оқар сувга бирданига тушиш мумкин эмас. Чунки тана ҳарорати билан сувнинг орасидаги кескин фарқ туфайли томирлар тортишиши юзага келиши мумкин. Бунда оёқ томирларининг тортишиши, ҳаттоки мия ёки юрак томирларининг кескин қисқариши оқибатида улар фаолиятини қўққисдан бузилиши ҳам юзага келиши эҳтимоли бор. Бу эса жуда жиддий ҳолат ҳисобланади.

Ёз фаслида соғлом турмуш тарзига амал қилиш

 Иссиқ кунларда кун тартиби ва шахсий гигиена, карантин қоидаларига амал қилиш, кечқурун илиқ душ қабул қилишга одатланиш лозим.

Фаслга мос кийинишга риоя қилган инсон соғлом, тетик ва ўзини одамлар орасида яхши сезади. Кийим – инсон танасини ташқи муҳит таъсирларидан сақлайди.

 Ҳаво исиб кетган пайтда танамизни асраш учун қуйидагиларга аҳамият бериш лозим. Аввало, ёз кунлари бошни қуёш нуридан асраш учун махсус бош кийимлар кийиш керак ҳамда соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Иссиқ ҳавода терлаш натижасида организм йўқотадиган сув ва зарур моддалар оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабаб овқатланиш ва ичимликлар ичишга ҳам эътибор бериш лозим.

  • Кўпроқ суюқлик (чанқовбосди ичимликлардан – газланмаган сув (2-2,5 л), шакарсиз компотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатлари, кўк чой ичиш;

Таомлар: - иссиқ кунларда кўпроқ суюқ ва енгил ҳазм бўладиган овқатлар бўлгани маъқул. Барра сабзавотлардан кўкатли салатлар тайёрлаб ейиш лозим. Бундан ташқари - қатиқли суюқ таомлар (акрошка), гўжа кабилар айни ёз фасли учун мос овқатлар.

Ҳар куни ҳўл мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилиш керак.

 Қуйидагиларга эътиборли бўлинг!

  • Қайнатилмаган сув ичманг;
  • Мева ва сабзавотларни ювмасдан еманг;
  • Кўп овқат еб қўйманг;
  • Тайёрланган овқатларни уй ҳароратида 2 соатдан ортиқ сақламанг;
  • Барча пиширилган ва тез бузиладиган озиқ–овқат маҳсулотларини совиткичда (+50 С даражали паст ҳароратда) сақланг;
  • Тайёр таомларни дастурхонга тортгунча иссиқ ҳолда сақланг (600С даражадан юқори);
  • Таомни ҳатто совиткичда ҳам узоқ вақт сақламанг;
  • Яроқлилик муддати ўтиб кетган маҳсулотларни истеъмол қилманг;
  • Кофе, ширин газланган рангли ичимликларни истеъмол қилманг, чунки улар аксинча чанқатади;
  • Тузланган ва аччиқ маҳсулотларни чегараланг;
  • Озиқ-овқат маҳсулотларини қўлга олинг ва таом тайёрлашдан аввал қўлларни совунлаб ювинг;
  • Овқат тайёрлаш жараёнида фойдаланиладиган барча нарсалар юзаси ва ошхона анжомларини яхшилаб ювиб, дезинфекция қилинг;
  • Ошхона ва озиқ–овқат маҳсулотларини ҳашаротлардан ҳимояланг.

Юқоридагиларга амал қилинганда, ошқозон-ичак тизимида нохуш ҳолатлар кузатилмайди.

Жазирама иссиқ кунларда қуёш нурларидан сақланинг ва соғлиғингизга эътиборли бўлинг, ўзингизни асранг! 

Мавзуга оид