Жаҳон | 11:40 / 26.07.2021
24090
2 дақиқада ўқилади

Олимлар сайёрамизда умуман ҳаёт йўқ бўлган жойни аниқлашди

Олимларнинг таъкидлашича, Антарктидадаги Шеклтон музлиги ёнидаги чўл сайёрамизда бирор-бир ўсимлик ёки жонзот изларидан мосуво бўлган энг қуруқ жой ҳисобланади.

Science News нашрининг хабар беришича, биология доктори Ной Фирер бошчилигидаги микробиологлар айнан шу чўл Ерда ҳаттоки, бирор-бир микроорганизм ҳам учрамайдиган жой эканини аниқлашди.

Олимлар бу ерда ўзининг бардошлилиги билан ажралиб турувчи микроорганизмлар ҳам яшай олмаслигининг уч омилини топишган. Булар: кучли совуқ, шўрланган ҳаво ҳамда ернинг ўта қуруқлиги.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай кескин шароитлар ҳаёт вужудга келиши имкониятини батамом йўққа чиқаради.

Олимлар музликдан 200та тупроқ намунасини олишган ва уларни таҳлил қилиб чиқишган. Унинг натижаларига кўра, ушбу намуналарда энг содда организмларни ҳам топишнинг иложи бўлмаган.

“Биз стерил тоза тупроқни аниқладик, деб таъкидламаяпмиз. Бироқ биз ушбу намуналарда ҳаттоки, микроорганизмларни ҳам аниқлай олмаганимиз, бу ердаги шароитлар улар фаоллигининг энг охирги чегараси эканидан дарак беради”, деб таъкидлаб ўтишган олимлар.

Мавзуга оид