Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд шаҳридаги 5 та хонадон ёниб кетди
Самарқанд шаҳар Шоҳизинда кўчасида содир бўлган ёнғинда 5 та хонадоннинг том қисми ва жиҳозлари ёниб кетган.
Самарқанд шаҳар Шоҳизинда кўчасида содир бўлган ёнғинда 5 та хонадоннинг том қисми ва жиҳозлари ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бугун 26 июль куни соат 14:58ларда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Самарқанд шаҳар Шоҳизинда кўчасидаги 242-уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар тушган. Олинган хабарга асосан ҳодиса юз бераётган жойга 5 та ёнғинга қарши бўлинма жалб этилган.
Қайд этилишича, ёнғин содир бўлаётган хонадонга биринчи бўлинма соат 15:04 да етиб борган. Кучли шамол натижасида ёнғин тезда катта майдонга тарқалган. ФВБ бўлинмалари етиб борганда 5 та хонадоннинг тахминан 200 метр квадрат майдонида шифт ва том қисми ҳамда уй жиҳозлари ёнаётган бўлган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 15:39 да ўраб олиниб, 17:00 да ўчирилган. Таъкидланишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда.