Спорт | 18:46 / 26.07.2021
18118
6 дақиқада ўқилади

Токио кундалиги: Уч ғалабага эришган Дайибекова яримфинал остонасида тўхтади, Рафалович ва Набиева бронзадан қуруқ қолди

Токио Олимпиадасининг учинчи кунини Ўзбекистон медалсиз якунлади.

26 июль куни Ёзги Олимпиаданинг учинчи кунги баҳслари ўтказилди. Бугунги баҳсларда яна 7 нафар ўзбекистонлик спортчи ўз омадини синаб кўрди, аммо кун Ўзбекистон делегацияси учун медалсиз якунланди. Таэквондочи Никита Рафалович бронза учун жангда мағлуб бўлди, оғир атлетикачи Муаттар Набиева даст кўтаришда олимпия рекордини ўрнатган бўлса-да, силтаб кўтаришдаги паст натижа туфайли тўртинчи ўринда қолиб кетди.

Ўз навбатида, боксчилар жамоаси кунни муваффақиятли ўтказди, икки боксчи биринчи жангларда ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.

Қиличбозлик
Қиличбозликнинг сабля йўналишида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Зайнаб Дайибекова дастлабки босқичда япониялик Аоки Чикани 15:9 ҳисобида мағлуб этди. 1/16 финалда Осиё ўйинлари финалчиси хитойлик Яци Шаога қарши жангда 15:10 ҳисобида устун келди. Чорак финал учун баҳсда эса Жанубий Корея вакили Жи Су Ён 15:12 ҳисобида таслим этилди.

Аммо 18 ёшли Зайнаб Дайибекова яримфиналга чиқа олмади - мусобақага 6-рақамда сараланган венгриялик Анна Мартонга қарши беллашувда 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва медал учун кураша олмайдиган бўлди.

Дзюдо
Дзюдо бўйича -73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳикматуллоҳ Тўраев дзюдочилар жамоасининг Токио Олимпиадасидаги илк ғалабасига муаллиф бўлди. 

1/16 финалда у германиялик Игорь Вандткега қарши баҳсда ғалаба қозонди. Бунгача дзюдочилардан Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг) ва Диёра Келдиёрова (-52 кг) 1-босқичдаёқ турнирни тарк этишганди.

Аммо Тўраев ҳам кейинги босқичда жанубий кореялик жаҳон чемпиони Чан Рим Анга ютқазиб қўйди. Баҳснинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади, олтин очко ўйналган қўшимча вақтда эса жанубий кореялик спортчи илдамроқ ҳаракат қилди ва Тўраев турнирдаги иштирокини якунлади.

Бокс
Бокс бўйича -52 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров Токио Олимпиадасидаги иштирокини бошлади.

1/16 финалда туркиялик Ботухон Чифчини синовдан ўтказган Зоиров иккинчи раундда рақибни нокдаун ҳолатига туширди ва якунда 5:0 ҳисобида зафар қучиб, нимчорак финалга йўл олди. Зоиров кейинги босқичда Кабо-Верде вакили Давид Де Пинага қарши рингга чиқади.

-75 кг вазн тоифаси вакили Фанат Қаҳрамонов биринчи саралаш босқичида грузиялик Гиоргий Харабидзега қарши рингга чиқиб, ғалаба қозонди.

Рақиб жароҳат олгани сабаб, жанг иккинчи раунднинг 2:31 сонияси ортда қолганида тўхтатилди ва шу вақтгача бўлган очколар ҳисобланди. Натижада ўзбекистонлик боксчи ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозониб, нимчорак финалга йўлланма олди. Унга 29 июль куни кейинги босқичда қозоғистонлик Абилхан Аманкул рақиблик қилади.

25 июль куни уч нафар ўзбекистонлик боксчи: Турсуной Раҳимова, Элнур Абдураимов ва Дилшод Рўзметов ўз жангларини ғалаба билан якунлаб, кейинги босқичга ўтганди.

Таэквондо
Ўзбекистон делегациясининг Токио Олимпиадасидаги байроқдорларидан бири бўлган таэквондочи Нигора Турсунқулова (-67 кг) учун ҳам Олимпиада расман якунланди. У 1/8 финалда хитойлик Менгю Чжанга ютқазиб қўйди. Бу баҳсда асосий вақтда ғолиб аниқланмади (9:9), қўшимча вақтларда хитойлик спортчи олтин очко эвазига ғалабани қўлга киритди. Рио Олимпиадасида чорак финалгача етиб борган Турсунқулова бу сафар илк босқичдаёқ юришини тўхтатди.

Агар Чжан финалга чиқа олганида, ўзбекистонлик спортчи бронза учун жанг қилиши мумкин эди. Бироқ хитойлик таэквондочи чорак финалда ютқазди.

Делегациянинг медал олиш учун яна бир умиди Никита Рафалович ҳам муваффақиятсизликка учради.

-80 кг вазн тоифасида иштирок этган Никита Рафалович 1/8 финалда Доминикан вакили Мойзес Эрнандесни 17:7 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда эса икки карра жаҳон чемпиони, олимпиада ўйинлари совриндори, озарбойжонлик Бейги Харчиғани 12:1 ҳисобида мағлуб этди.

Аммо Рафалович яримфиналда иорданиялик Солиҳ аш-Шарабатийга қарши даянгга чиқиб, имкониятни бой бериб қўйди. Жангнинг асосий вақти 11:11 ҳисобида якунланганди. Олтин очко учун кечган қўшимча раундда иорданиялик спортчи икки очкони қўлга киритди ва финалга йўлланма олди. Эътиборли жиҳати, бунга қадар Никита ушбу рақибга қарши кўп марта тўқнаш келиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонганди. Жумладан, 2018 йилги Осиё ўйинлари яримфиналида Никита Рафалович уни мағлубиятга учратганди.

Шундан сўнг Рафалович бронза учун жанг қиладиган бўлди. Аммо хорватиялик Тони Канаетга қарши жангда у 18:24 ҳисобида ютқазиб қўйди ва мусобақани 5-ўрин билан якунлади.

Оғир атлетика
-55 кг вазн тоифасидаги оғир атлетикачи Муаттар Набиева Токио-2020 Олимпия ўйинларида даст кўтариш машқида Олимпия рекордини янгилаган бўлса-да, медаллардан қуруқ қолди.

Набиева биринчи машқда 98 кг тошни кўтариб, ушбу йўналишда Олимпиада рекордини ўрнатишга муваффақ бўлди. Аммо силтаб кўтариш машқидаги 114 кг натижа билан кифояланди ва якунда 212 кг натижа қайд этган Набиева мусобақани тўртинчи ўринда якунлади.

Оғир атлетика, -55 кг
1. Хидилин Диас (Филиппин) – 224 (97+127) кг;
2. Циаюн Лиао (Хитой) – 223 (97+126) кг;
3. Зулфия Чиншанло (Қозоғистон) – 213 (90+123) кг;
4. Муаттар Набиева (Ўзбекистон) – 212 (98+114) кг.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид