Жамият | 17:05 / 27.07.2021
3714
2 дақиқада ўқилади

Божхонада товар айланмаси кескин ошганига қарамай, ходимлар сонини кўпайтиришга зарурат йўқ — ДБҚ

Бугунги кунда божхона тизимида товар айланмаси, юк ташишлар ва автотранспорт воситаларининг чегарани кесиб ўтиши ҳолатлари ўсиб бормоқда. Бундай вазиятда ходимлар сони деярли ўзгаришсиз қолаётгани, тизимнинг автоматлаштирилиши ҳисобига, иш сифати ва вақтига таъсир этмайди, дея маълум қилди Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов.

“Божхона органлари томонидан 2017 йилда 7,6 трлн сўм пул ундирилган бўлса, бу йилда 30 трлн сўм давлат бюджетига ундирилади. Дастлабки 6 ойни оладиган бўлсак, 2017 йилга нисбатан божхона тўловларини ундириш 4 баробарга ошган. Бу тенденция ошиб боради.

Шу кетишда давом этса, Ўзбекистонга кириш-чиқиш, товарлар айланмаси яна 5 йилдан кейин 2 бараварга ошади. Бу масала дунёда қандай ечилган, деган саволга жавоб бериш керак бўлади. Ҳеч қайси давлатда божхона ходимларининг сони товарлар ўсишига қараб, йўловчиларнинг кириш-чиқиш ҳажмига қараб оширилмайди. Бу фақат битта йўл билан ҳал қилинади, яъни автоматизация билан. Бу – биринчи масала.

Иккинчи масала, биз соддалаштирилган тартиб ҳақида кўп гапиряпмиз, лекин соддалаштирилган тартиб тагида яна бир масала ётибди. Бу – назорат масаласи. Бунда давлатнинг хавфсизлиги, унинг иқтисодий хавфсизлиги бор. Бир вақтнинг ўзида ҳам соддалаштириш, ҳам назорат қилишнинг йўли – хавфни бошқариш тизимини жорий этишдир. Бизда бу тизим жорий қилинди.

Битта масала қолган, уни ҳам ҳал этяпмиз. Хорижий аэропортларда ҳаво кемаси кўтарилгандан бошлаб бизда маълумот бўлиши керак. Биз бунга эришяпмиз: хориж авиакомпаниялари билан меморандум тузиб чиқяпмиз. Бизга келаётган фуқароларнинг самолётга билет олишидан бошлаб, бизга маълумот тақдим қилади. Учиб келаётган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш – долзарб масала.

Хабарингиз бор, аэропортларда “яшил” ва “қизил” коридорлар бор; бугунги кунда 98 фоиз фуқаро “яшил” йўлакдан ҳаракатланяпти. Мана шунақа тартибларни жорий қилиш орқалигина биз божхона назоратини [самарали] амалга оширишимиз мумкин. Дунёда бошқача йўли йўқ”, – деди Илҳом Мухторов 26 июл кунги матбуот анжуманида.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид