Жамият | 17:00 / 27.07.2021
55921
3 дақиқада ўқилади

Бу ерда ёз умуман бошқача: Ўзбекистоннинг энг совуқ гўшаларидан бирида ўтаётган таътил

Наманганлик Сардорбекнинг ҳар йилги мактаб таътили бошқа тенгдошлариникидан анча фарқ қилади: у ёзни Чотқол тоғ тизмаларида оиласи билан ўтказади. Бу ерда алоқа йўқ: телевизор, телефон ва интернет ишламайди, чунки электр тортилмаган. Боз устига, ҳаво совуқлигидан ёзда ҳам печка ёқишга тўғри келади, тез-тез ёмғир ҳам ёғиб туради. Kun.uz бу оиланинг сокин тоғлар бағридаги турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

Наманганлик Сардорбек Сафаров 6-синфга ўтди. У отларга қизиқади. Кўпкари чопувчи чавандоз бўламан, дейди. Ҳатто эгарланмаган отда машқ қиламан, деб қўлини ҳам синдирган. Шундай бўлса-да, у оти билан доим бирга.

Поп туманида яшовчи Сардорбек ҳар йили май тугаб таътил бошланиши билан интернетсиз, мобил алоқасиз, ҳатто телевизор ҳам кўрсатмайдиган тоғлар орасига йўл олади.

Унинг ота-онаси, яқинлари денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда, Чотқол тоғ тизмаларида чорвачилик билан шуғулланади.

Сардорбек Сафаров

Бу ҳудуд Арашан булоқ атрофидаги тоғлар ва кўлларга яқин. Табиати анча салқин. Ёз кунлари ҳам ёмғир кўп ёғади. Бутун Ўзбекистон бўйлаб жазирама ҳукмрон кунларда ҳам бу ерда уйни иситиш учун печка ёқилади.

Сентябрь ойи ўрталарига бориб, ёмғирлар қорга айлана бошлайди.

Зокир Солиев

Сардорбекнинг отаси Зокир Солиевнинг сўзларига кўра, чўпонлик – аждодларидан қолган мерос. Катта чўпон тоғларда пода боқишни ёшлигидан бошлаган, худди Сардорбек каби.

Уста чўпон шу тоғлар орасида "тиши чиққани"ни таъкидлайди.

Чўпоннинг айтишича, апрель ойида чорвани олиб, Келинчаксой номли ҳудудга келиб жойлашишади. Қаҳрамонимиз ва унинг оиласи аҳолининг чорвасини боқишади.

Мунаввар Тошбоева

Бундай шароитда яшашнинг ўзига яраша ёқимли ва машаққатли тарафлари бор. Айниқса, аёл кишига. Қаҳрамонимизнинг онаси Мунаввар Тошбоева шу ерларда яшашга ўргангани, бу ерлар иккинчи уйи бўлиб қолганини айтади.

У эрта тонгда сигирларни соғиб, сутдан қаймоқ ажратишга шайланади. Тоғ ўт-ўланларидан тўйинган сигир сути ўзгача бўлади.

Мунаввар опа бир кунда 5-6 кг қурут тайёрлашини айтди. Тайёрланган қурутларни харидорнинг ўзи ўтовдан олиб кетади.

Мунаввар Тошбоеванинг айтишича, шу ишлар билан кун ўтказмаса, бу ерда зерикиб қолиш тайин.

Сардорбек ҳам бу ерда зерикмаслиги ва кўп вақтини Оққашқа лақабли оти билан ўтказишини айтади. Унинг бу отидан ташқари Конфет ва Қорабайир лақабли отлари ҳам бор.

Сентябр келиши билан қаҳрамонимиз мактабга отланади. Мактаблар онлайн шаклга ўтган тақдирда ҳам, бу ердан таълим олишнинг иложи йўқ. Чунки алоқа чиқиши учун тоғ оралаб камида 20 км йўл босиш керак.

Нима бўлганда ҳам чавандоз бўлишни орзу қилаётган Сардорбекка омад, оиласига барака тилаб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири
Тасвир ва монтаж устаси — Боймирза Халилов.

Мавзуга оид