Фан-техника | 22:06 / 27.07.2021
45171
1 дақиқада ўқилади

Instagram ўсмирларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтиради

Реклама берувчилар гўзаллик, фитнес ва алкогол маҳсулотларини 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга тўғридан тўғри таклиф эта олмайди. 

Instagram ижтимоий тармоғи ўсмирларни ҳимоя қилиш чораларини, жумладан, рекламани ва катталарнинг улар билан мулоқот қилишини чеклаш ҳисобига кучайтиради. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ блогида хабар қилинди.

Эндиликда 16 ёшгача бўлган барча фойдаланувчиларнинг аккаунтлари ёпиқ ҳолда бўлади, дейилади Instagram блогида.

Instagram ижтимоий тармоғининг оммавий сиёсат бўйича масъул ходими Карина Нютоннинг сўзларига кўра, ёшлар ижтимоий тармоқдаги очиқликка тайёр бўлмасликлари сабабли ушбу қарор қабул қилинган.

Унинг айтишича, ўсмирлар ўз аккаунтларини очиқ ҳолатга ўтказиш имкониятига эга бўлади. Аммо Instagram ўтказган тадқиқотга кўра, уларнинг 80 фоизи аккаунтларини ёпиқ ҳолда қолдиришни маъқул кўради.

Режалаштирилган ўзгаришлардан яна бири реклама берувчилар ва катта ёшли фойдаланувчиларнинг ўсмирлар аккаунтига кириши чекланишидир. Реклама берувчилар гўзаллик, фитнес ва алкогол маҳсулотларини 18 ёшгача бўлган фойдаланувчиларга тўғридан тўғри таклиф эта олмайди. 

Қайд этилишича, ўзгаришлар шу ҳафтадан кучга киради.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид