Ўзбекистон | 10:49 / 27.07.2021
10758
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга АҚШдан 3 миллион доза «Moderna» вакцинаси олиб келинади

Фото: Oasisamuel

АҚШ COVAX дастури доирасида 3 миллион доза “Moderna” компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасини беғараз ёрдам сифатида ажратди. Вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури орқали ажратилди ва 29 июл куни Алабама штатидан махсус рейс билан Ўзбекистонга етказилади.

АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) 18 ёшдан катта шахсларда COVID-19’нинг олдини олиш учун “Moderna” вакцинасини маъқуллади. “Moderna” Жаҳон вакциналар конгресси томонидан коронавирусга қарши энг яхши вакцина деб топилган. Ушбу препаратнинг самарадорлиги 94 фоиздан юқори, эмлаш курси бир ой оралиғида қўлланиладиган 2 дозадан иборат.

“Moderna” вакцинасини бошқа препаратлардан фарқли ўлароқ оддий совиткичда сақлаш мумкин, бу унинг кейинчалик Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқатилишини осонлаштиради.

Аввалроқ, АҚШ Тожикистонга 1,5 миллион доза “Moderna” вакцинаси етказиб бергани хабар қилинганди.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Жалина Портер брифинг вақтида АҚШ 23та давлатга, жумладан, Тожикистонга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш мақсадида 22 млн доза вакцина йўллаганини маълум қилган.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид