Жаҳон | 11:34 / 27.07.2021
4459
1 дақиқада ўқилади

Тунисда комендантлик соати киритилди ва оммавий йиғинлар тақиқланди

Тунис президенти Қайс Саид мамлакатда оммавий йиғинлар тақиқланиши ва комендантлик соати киритилишини эълон қилди. Мамлакатда 26 июлдан 27 августгача соат 19дан соат 6гача одамлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқлаб қўйилди. Бундан тунги вақт ишловчи одамлар ва ортга суриб бўлмас тиббий ҳолатлар истисно қилинган.

Фото: Reuters

Ушбу чоралар мамлакатдаги беқарор сиёсий вазият билан боғланган.

Саид, шунингдек, умумий фойдаланиш кўчалари ва майдонларда 3 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилишни ҳамда шаҳарлар ўртасида одамлар ва транспорт воситалари ҳаракатланишини ҳам тақиқлаб қўйди.

Аввалроқ Тунис президенти бош вазир Ҳишам Машишини истеъфога чиқарди ва парламент ишини 30 кунга тўхтатиб қўйди. У бундай қарорни мамлакатда ҳукуматга ва 2011 йилдан бери ҳокимиятни эгаллаб келаётган “Ан-Наҳда” партиясига қарши ўтган намойишлардан кейин қабул қилди.

Шундан кейин парламент биноси яқинида президент ва “Ан-Наҳда” тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бошланган.     

Айни вақтда Тунис коронавирусдан ўлим бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда. Тунис президенти коронавирус билан боғлиқ вазиятни “фалокатли” деб атаганди ва ундан чиқишни армия ўз зиммасига олишини эълон қилганди.

Мавзуга оид