Жаҳон | 20:22 / 27.07.2021
10015
2 дақиқада ўқилади

Учта давлат ҳарбийлари иштирокида Афғонистон билан чегарада машғулотлар бўлиб ўтади

Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг 1,5 мингдан кўпроқ ҳарбийси иштирокида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилоятида жойлашган Ҳарб-Майдон полигонида қўшма машғулотлар бўлиб ўтади. Машғулотлар 5 августда бошланиб, 10 августгача давом этади.

Машғулотлар давомида ҳарбийлар жиноий гуруҳларнинг бостириб киришидан ҳимояланиш ва радикал террорчи гуруҳларни йўқ қилиш машқларини бажаришади. Бундан ташқари, разведка-ўт ва разведка-зарбдор мажмуаларни қўллаган ҳолда тактик ҳаракатлар машқ қилинади. Машғулотлар вақтида 300га яқин ҳарбий техника воситасини қўллаш режалаштирилган.

Россия машғулотларга мингга яқин ҳарбий жўнатади. Россиянинг машғулотларда иштирок этувчи қўшинлари асосини Тожикистондаги 201-ҳарбий база бўлинмалари ҳамда Марказий ҳарбий округнинг махсус қўшилмалари гуруҳлари шакллантиради. Бундан ташқари, машғулотларда радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоя мутахассислари ва радиоэлектрон кураш мобил гуруҳлари иштирок этади.

Шунингдек, 30 июлдан 10 августгача Россия ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирокида Сурхондарё вилоятида ҳам машғулотлар ўтказилади. Уларда ҳам 1,5 мингга яқин ҳарбий иштирок этиши кутилмоқда.

Машғулотлар Афғонистонда НАТО ва АҚШ қўшинлари олиб чиқилаётгани ортида ҳукумат қўшинлари ва толиблар ўртасидаги қарама-қаршилик қайта бошлангани билан боғлиқ ҳолда ўтказилмоқда. Вазият кескинлашгани сабабли 22 июлда тарихда биринчи марта Тожикистон қуролли кучлари жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид