Ўзбекистон | 12:58 / 28.07.2021
7998
1 дақиқада ўқилади

Июль ойида камида 60 киши пневмония қурбони бўлди. ССВ қўшимча маълумотларни тақдим этди

Ўзбекистонда пневмониядан вафот этганлар сони илк бор очиқланди. Пневмония ҳолатлари бўйича алоҳида статистика юритилиши бошланган 5 июлдан бери 60 киши пневмония қурбони бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати 27 июлдан бошлаб пневмония ҳолатлари бўйича батафсил маълумот беришни бошлади.

28 июль куни берилган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 5 июлдан бери 8723 нафар беморларда пневмония аниқланган . Шу вақтгача уларнинг 2770 нафари соғайиб чиққан, 60 бемор вафот этган.

Пневмония ҳолатлари аниқланиши бўйича вилоятлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (3240, сўнгги бир кунда 212 ҳолат), Тошкент вилояти (1288, +129) ва Жиззах вилоятида (998, +57) қайд этилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 766 (+180), Сурхондарё вилоятида 569 (+72), Самарқанд вилоятида 522 (+52) кишида пневмония аниқланган.

ССВ 27 июль куни 556 нафар кишида пневмония аниқлангани ҳақида хабар берди. Ушбу кўрсаткич ҳам ССВ пневмония ҳолатларини беришни бошлаган санадан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 5 июль куни бу кўрсаткич 172тани ташкил этган, бир кун олдин эса кунлик ўсиш 521тага етганди. 

Таққослаш учун, 5 июлдан буён Ўзбекистонда 95 киши коронавирусдан вафот этгани ССВ томонидан расман тасдиқланган.

Мавзуга оид