Жамият | 14:09 / 29.07.2021
6786
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларга 90 кунгача визасиз режим амал қилади – Озарбойжон визаси ҳақида

UzbekLife дунё мамлакатлари виза тартиби, тури ва тўловлари ҳақида маълумотлар беришда давом этади. Навбатдаги мақола Озарбойжон визаси ҳақида.

Фото: Getty Images

Озарбойжон виза сиёсати

Озарбойжон виза тизими мамлакатга визасиз кирувчилар ва виза олиши зарурий бўлган мамлакатлар фуқароларини белгилаш нуқтайи назаридан бироз мураккаб ҳисобланади. Озарбойжон виза тизимига кўра, мамлакатга виза билан ёки визасиз, шунингдек, максимал яшаш муддати билан кириш имконияти бор.

Мамлакатга саёҳат қилишни истаганлар аввал Озарбойжон виза сиёсатини ўрганишлари зарур. Бу орқали улар Озарбойжонга кириш учун виза олиши керакми ёки виза режимидан озод этилганми билиб олишлари мумкин.

Ўзбекистон учун 90 кунгача визасиз режим амал қилади

Сайёҳлик ёки бизнес билан шуғулланиш мақсадида бир қанча давлат фуқаролари Озарбойжонга визасиз киришлари ва 90 кунгача қолишлари мумкин. Ушбу давлатлар рўйхатида Ўзбекистон Республикаси ҳам мавжуд.

Яна бир қанча давлатлар фуқаролари учун 30 кунгача амал қиладиган, аэропортга келгач олиш зарур бўлган виза режими ҳам бор.

Озарбойжон электрон визаси – ASAN виза

Озарбойжон виза тизими бирмунча мураккаб эканлиги, уни олишнинг турли давлатлар учун турли категориялари мавжудлиги ҳақида юқорида айтиб ўтгандик. Шунга кўра, Озарбойжон визасини электрон тарзда олиш учун ҳам алоҳида давлатлар рўйхати мавжуд. Яъни, ушбу давлатлар фуқаролари Озарбойжонда 90 кунгача қолиш учун визани электрон шаклда олишлари мумкин.

ASAN визасини олиш тартиби

ASAN виза деб номланувчи Озарбойжон электрон визаси Озарбойжон Республикасининг мамлакатга саёҳат қилувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган энг сўнгги дастурларидан бири ҳисобланади. Электрон визани онлайн равишда, Озарбойжон расмий визаси веб-сайтидан олиш мумкин. Аризачилар камида 3 кун олдин ариза топширишлари ва ариза бериш пайтида Озарбойжон ҳудудидан ташқарида бўлиши лозим.

 Ушбу визага мурожаат қилиш учун барча керакли маълумотларни тўлдириш билан баробар қуйидаги талаб қилинадиган ҳужжатларни юклашингиз керак бўлади:

  • Сканер қилинган паспорт нусхаси;
  • 3,5 × 4,5 фотосурат;
  • Банд қилинган меҳмонхона;
  • Озарбойжонга чипта.

Электрон виза учун ҳар бир аризачи 20 АҚШ доллари ва қўшимча хизмат учун 3 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлайди. Электрон виза рад этилган тақдирда, ҳар иккала тўлов ҳам қайтариб берилмайди. Тўловларни фақат Visa, MasterCard ва Union Pay ёрдамида амалга ошириш мумкин ва карта ариза берувчининг номи остида бўлиши шарт эмас.

Электрон визани ариза топширилгандан кейин 3 кун ичида электрон почта орқали оласиз. Виза амалдаги паспорт билан бирга Озарбойжон кириш жойида чоп этилиши ва тақдим этилиши керак.

Озарбойжон стандарт визаси

Озарбойжон стандарт визаси – бу виза олиши зарурий бўлган мамлакатлар фуқароларининг ўз яшаш жойидаги Озарбойжон элчихонаси ёки консуллигида ариза топширгач, саёҳат қилувчиларга бериладиган ҳужжат (стикер).

Ариза берувчининг мақомига қараб бериладиган стикерларнинг учта тоифаси мавжуд: дипломатик, хизмат ва оддий. Шу билан бирга, мамлакатга кириш мақсадига қараб визаларнинг икки тури мавжуд: кириш ва транзит визалари. Кириш визаси максимал 90 кун давомида амал қилади ва қуйидагича шаклларда берилиши мумкин:

1) Бир марталик кириш визаси – 90 кунлик давр мобайнида фақат бир марта кириш-чиқиш имкониятини беради.

2) Кўп марталик кириш визаси – 2 йилгача амал қиладиган виза тури ҳисобланади. Ушбу виза тегишли давр мобайнида одамга бир неча марта мамлакатга киришга имкон беради.

Озарбойжон транзит визаси

Чет элликларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бир марталик ёки икки марталик кириш учун бериладиган транзит визаси мавжуд бўлиб, у бошқа давлатга етиб бориш учун Озарбойжон Республикаси ҳудудидан транзит ўтишига рухсат беради. Ушбу виза 30 кун давомида амал қилади ва унинг эгаси Озарбойжонда кўпи билан 5 кунгача қолиши мумкин.

Қандай мақсадларда Озарбойжонга виза олиш учун мурожаат қилиш мумкин?

Чет элликларнинг Озарбойжонга виза олиш учун мурожаат қилишлари мумкин бўлган мақсадлар қуйидагилардан иборат:

  • Бизнес;
  • Илм-фан ва таълим;
  • Меҳнат;
  • Туризм;
  • Маданият ва спорт;
  • Гуманитар;
  • Шахсий саёҳат;
  • Тиббий мақсадларда.

Озарбойжон визаси талаблари

Озарбойжон стандарт визасига мурожаат қилиш жараёнида барча зарурий ҳужжатларни йиғиш энг муҳим қисм бўлиб, ушбу ҳужжатлар сизнинг шахсингизни, саёҳат қилиш ҳуқуқини, саёҳатнинг мақсади ва саёҳат тартибини тасдиқлайди. Ушбу ҳужжатлар қуйидагилардир:

  • Озарбойжон визаси учун тўлдирилган ариза. Уни электрон шаклда mfa.gov.az сайтида тўлдириш мумкин.
  • Паспортингиз ёки Озарбойжонда истиқомат қилиш жараёнида камида 3 ой давомида амал қиладиган бошқа саёҳат ҳужжатлари.
  • Сизнинг биометрик идентификациялаш талабларингизга мос келадиган рангли иккита фотосурат.
  • Тиббий суғурта гувоҳномаси нусхаси.
  • Виза тўлови амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция).

Ота-онасиз ёки қонуний вакилисиз саёҳат қилаётган 18 ёшга тўлмаганлар учун қуйидаги қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади:

  • Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
  • Ота-оналарнинг ёки қонуний вакилнинг рухсати;
  • Ота-оналарнинг ёки қонуний вакилнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари.

Турли виза турлари учун виза талаблари ҳам турлича бўлиши мумкин. Хусусан:

1. Туризм визаси талаблари: Саёҳат қилишдан мақсад, яъни туризм ваучеридир. Меҳмонхонада, лагерда, туристик базада ёки бошқа шунга ўхшаш биноларда жой банд қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

2. Илм-фан ёки таълим визаси талаблари: Озарбойжон Республикасида ўқиш ва яшаш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун етарли маблағингиз борлигини тасдиқловчи ҳужжат.

3. Тиббий виза талаблари: Сизни текшириш ёки даволаш зарур бўлган касаллик борлигининг исботи.

4. Шахсий ташрифлар учун виза талаблари: Сизни таклиф этаётган шахснинг паспорт нусхаси, сафар билан боғлиқ молиявий харажатларни қоплашингиз мумкинлигининг исботи. Бундан ташқари, таклиф этувчининг оила аъзоси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат.

5. Транзит виза талаблари: Сиз саёҳат қиладиган учинчи мамлакат томонидан берилган визанинг нусхалари ҳамда мазкур мамлакатга чипта.

Озарбойжон визасини расмийлаштириш жараёни

Озарбойжон визасини олиш учун ушбу мамлакат расмийлари томонидан белгиланган бир нечта тартиб-қоидаларни бажаришингиз керак бўлади. Энг сўнгги аризангизни Озарбойжонга саёҳат қилишдан 15 кун олдин юборишингиз мумкин. Сиз йиғилган барча ҳужжатларни ўз мамлакатингиздаги дипломатик ваколатхоналарга, элчихонага ёки консулликка топширишингиз керак.

Эътибор беринг: Агар сиз Озарбойжонда 15 кундан ортиқ муддатга қолсангиз, яшаш жойингизда рўйхатдан ўтишингиз лозим.

Давлатбек Асадов,
UzbekLife колумнисти

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид