Фан-техника | 00:38 / 30.07.2021
65319
1 дақиқада ўқилади

Mercedes-Benz компанияси S-Class седанининг зирҳланган версиясини ишлаб чиқди

Фото: Mercedes-Benz

Mercedes-Benz компанияси янги авлоддаги S-Class седанининг зирҳланган версиясини ишлаб чиқди. Motor1 нашрининг хабар беришича, автомобил максимал даражадаги ҳимоя билан таъминланган.

Автомобил конструкцияси нафақат ҳайдовчи ва йўловчиларни Калашников автоматидан узилган ўқлардан ҳимоялайди, балки зирҳни тешиб ўтувчи ўқларга, жумладан Драгунов снайперлик милтиғидан узилган ўқларга ҳам бардош бера олади.

Зирҳланган седан 10 см қалинликдаги ойналар ва ёрилгандан кейин яна 30 кмгача йўл босиб ўта оладиган run-flat технологиясига эга Michelin PAX шиналари билан жиҳозланган. Машина, шунингдек, фавқулодда вазиятда салонга кислород бериб турувчи кислород баки билан таъминланган.

Автомобил 6 литрли 612 от кучига эга двигателда ҳаракатланади. Унинг максимал тезлиги 190 км/соат билан чекланган.

Машина Европа бозорида 547,4 минг евродан таклиф этилмоқда.

Мавзуга оид