Ўзбекистон | 17:19 / 30.07.2021
48161
7 дақиқада ўқилади

Прокурор ва ҳоким қарама-қаршилигида қонунлар ожиз қолмоқда

Ўзбекистонда дарахтлар қирғини давом этяпти. Тийиқсиз амалдорларга мораторий дегани чикора: деярли ҳар куни ҳали у, ҳали бу туманда дарахтларни қулатишяпти. Ва бу ҳали давом этади, чунки... жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланаётгани йўқ.

Деновдаги ноқонуний дарахт кесилишида етказилган зарар миқдори жиноят таркибини берса-да, қонунбузарга нисбатан маъмурий чора кўриш билан чекланилмоқда. Бу ҳолатда ички ишлар ва прокуратура органларининг сусткашлигини қандай баҳолаш мумкин? Нега қонунларга аниқ ва бир хилда риоя қилинмаяпти?

2020 йилдаги бир воқеа прокуратура органларининг аввалги нуфузини эсга солиб юборганди. Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган компания 81 туп дарахтни кесиб ташлагач, прокуратура дарахтларни кесишга рухсат берган ҳоким ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига жиноий иш қўзғатган, етказилган зарарни қонунбузарлардан 3 баробар (1 млрд. 891,3 млн. сўм) қилиб ундирганди.

Бундан ташқари, ўшанда ноқонуний кесилган дов-дарахтлар ўрнига дарахт кўчатлари ўтқазилганди. Яккасарой туман прокурорига эса туманда қонунлар ижроси устидан етарли прокурор назоратини ўрнатмагани учун ҳайфсан берилган.

Шундан сўнг ҳам кўплаб дарахтлар кесиб ташланди. Аммо “дарахт қотиллари”га нисбатан Яккасаройдагидай кескин чоралар кўрилгани жамоатчиликка маълум эмас.

Масалан, сўнгги вақтларда мамлакат бўйлаб дарахтлар қирғини авж олган бўлса-да, айбдорларга нисбатан ўта либерал, нари борса, маъмурий жавобгарлик чораси кўриляпти. Жиноят иши қўзғатиши лозим бўлган ички ишлар ва прокуратура органлари эса шунчаки томошабин бўлиб турибди холос.

Сурхондарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати ходими Алишер Бобомуродов билан боғланганимизда, Денов тумани ички ишлар бўлими дастлаб бу ҳолатни босди-босди қилиб юборгани, прокуратура бу иш қайта ўрганилишини шахсан назорат қилаётганини маълум қилди. Бироқ, орадан 2 ҳафта ўтса ҳамки, ҳали бу масалада янгилик айтилмади.

Жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланмаётгани боис, деярли ҳар куни республиканинг ҳали у, ҳали бу ҳудудида дарахтлар қирғини давом этмоқда.

Ўзига гард юқтирмайдиган ҳокимлик

Деновдаги ҳолатда “Денов туман йўллардан фойдаланиш” УКнинг участка бўлими бошлиғи (ҳатто корхона бошлиғи ҳам эмас!) томонидан 109 туп қимматбаҳо дарахтларнинг рухсатномасиз кесиб ташлангани шак-шубҳасиз ноқонуний хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Бироқ, мана шу ерда масаланинг асосий қисми эътибордан четда қолмоқда. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, 109 туп (!) кўп йиллик қимматбаҳо дарахтларни оддий бир корхонанинг участка бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи шахс кестириб ташлай оладими? Унинг бунга ваколати бўлмагани аниқ. Шундай экан, бунинг учун отнинг калласидек юракдан ташқари камида ҳоким ёки унинг ўринбосари даражасида топшириқ олган бўлиши лозим.

Деновдаги йўлларни кенгайтириш доирасида 857 туп “кам қимматли” дарахт ҳокимлик рухсатномаси билан кесилгани айтилмоқда. Чунки, президент фармонида мораторий қимматбаҳо дарахтларга амал қилиши белгиланган.

Ўрганишлар якунида Иштихондаги дарахт кесишлар ҳам 3 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган бўлиб чиқмоқда. Қизиғи, бу воқеа ҳақидаги Kun.uz суриштирувида туман ҳокимлиги вакиллари аввалига бу дарахтлар ўзи чириб қолгани, йўлни кенгайтиришга халал бергани, шу сабабдан олинганини, кейинроқ эса, кучли шамолда дарахтлар синиб одамлар ҳаётига хавф солгани учун кесишга мажбур бўлишганини айтишганди. Ўрганишлар якунида эса айланиб-ўргилиб, айб бошқа бировда бўлиб чиқди.

Дарахт кесишда мораторийни четлаб ўтишнинг янги усули

Сўнгги бир нечта ҳолатлар фонида ҳокимликлар дарахт кесишда янги усулни “кашф этган”дай таассурот қолдирмоқда. Яъни “йўл кенгайтириш”ларга халал бераётган “кам қимматли” дарахтлар рухсатнома билан, қимматбаҳо дарахтлар эса гўёки ҳокимликларга “алоқаси бўлмаган” одамлар қўли билан чопилади.

4nJ4AcHOkll5XMJj0OmanP-NfAmiO2Qm.jpg (1280×853)

Мораторийни четлаб ўтишнинг яна бир усули сифатида эса “дарахт кўчириш”ни қўллаш урфга кириб боряпти. Масалан, Тошкентда Катта Фарғона йўли кўчасининг таъмирланиши муносабати билан у ердаги дарахтлар Яшнобод тумани Aлимкент кўчасига кўчириб келтирилган. Бунинг оқибатида дарахтлар қуриб, кўчада “дарахтлар қабристони” ҳосил бўлганини эса яхши биласиз. Бу ҳолатда ҳам айб учун жавобгарлик принципи умуман ишламади.

Одам эмас, машина учун қилинаётган шаҳарсозликлар

Дарахт кесилиши ҳар қанча қонуний бўлган тақдирда ҳам нега дарахтларга нисбатан бундай бепарво муносабатда бўлиняпти?

Нега шаҳарлар одам учун эмас, машина учун мослаштирилмоқда? Ахир, дарахтлар қирғини натижасида шаҳар ҳавоси бузилса ва жазирама қуёшдан паноҳ топадиган жой қолмаса, чанг ҳаводан қийналадиган ҳам, иссиқдан жабр кўрадиган ҳам, машиналар эмас, одамлар бўлади.

Деновдаги воқеанинг қизиқ жиҳати шундаки, ҳудуд экологиясига масъул бўлган Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўз маълумотида дарахтлар йўл қурилишига ҳалақит бераётгани учун кесилганини таъкидламоқда. Яъни, дарахтларни ҳимоялаши керак бўлган ташкилот ҳам уни кесиб ташлаганларга адвокатлик қилмоқда.

Прокуратура нега жим?

Иштихондаги дарахткушлик акс этган юқоридаги сурат алоҳида рамзий маънога эга. Худди мазах қилингандай, Иштихон тумани прокуратурасининг рўпарасида қонунлар ва президент фармонлари бузиляпти.

Устига устак, бутун республика бўйлаб дарахтлар қатлиом бўлаётганига прокуратура органлари ҳозирча томошабин бўлиб турибди. Бир тизимнинг ожизлиги бўлса шунчалик бўлар-да.

Тўрга нуқул “майда балиқлар” илиняпти

Денов ва Иштихондаги ҳолатлардан умумий хулоса шу бўляптики, ноқонуний дарахт кесилиши ҳолатлари учун одамларнинг кўзига “майда балиқлар” ёки шахмат тили билан айтганда пиёдалар жазоланяпти.

Бу қуйи лавозим эгалари “юқори”дан топшириқ бўлмагунча, ўзбошимчалик билан дарахт у ёқда турсин, унинг шохини кесишга ҳам қўл уролмаслигини ёш бола ҳам билади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, унитар корхонанинг ходими нақ 109 туп дарахтни ҳеч қандай топшириқсиз, ўзича кесиб юбориши қайси ақл тарозисига тўғри келади?

Шу ерга келганда яна 2020 йилни эсламай илож йўқ. Яккасаройдаги дарахт кесилишида ҳоким ўринбосари ва тадбиркор айбдор деб топилгани ва етказилган зарар уч баробар ундирилгани ягона мисол сифатида ҳали кўп бор эслаб юрилса керак.

Деновлик дарахткушларга нисбатан нима учун жиноят иши қўзғатилмаётгани сабаблари бўйича Бош прокуратурадан асосли изоҳ кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид