Жамият | 17:06 / 30.07.2021
903
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқароларга кредит эвазига машина олиб беришни ваъда қилиб, пулларини ўзлаштирган МЧЖ масъулларига жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд шаҳрида жойлашган, фуқароларга кредит эвазига машина олиб беришни ваъда қилиб, пулларини ўзлаштирган «LR LAND ROVER» МЧЖ масъулларига жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро Самарқанд вилояти ҳокимининг мессенжерига ариза билан мурожаат қилган. Унинг мурожаатида ёзилишича, 2020 йил май ойида Самарқанд шаҳри Даҳбет кўчасида жойлашган «LR LAND ROVER» МЧЖга кредит асосида Gentra машинасини олиш учун мурожаат қилган. Ўртада шартнома тузилганидан кейин, МЧЖ маълум бир муддатга ушбу машинани бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб, жадвал асосида белгиланган муддатда тўловларни амалга ошириш шарти билан машинани унга берган. Шундан сўнг, қашқадарёлик фуқаро тўловларни вақтида амалга ошириб келган.

2021 йил июнь ойида МЧЖ директори М.М. унга телефон қилиб, «транспорт воситасини номингизга расмийлаштириб берамиз», деб чақиртирган ва машинани олиб қўйган.

Мазкур аризага асосан, Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, «LR LAND ROVER» МЧЖ раҳбари М.М. юқоридаги ҳолатдан ташқари, яна бир қатор фуқароларнинг ишончига кириб, алдаб мол-мулкини қўлга киритгани аниқланган.

Жумладан, Б.Ш. ва бошқалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб «LR LAND ROVER» МЧЖ директори ва жамиятнинг бошқа ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Мурожаатда маълум қилинишича, ушбу МЧЖ директори М.М. 10-15 кунда машина олиб беришни ваъда қилиб, 2019 йил октябрдан ва 2020 йил ноябргача бўлган даврда улардан 50 миллион сўмдан 120 миллион сўмгача пул олган. Аммо ҳозирги кунгача машина олиб бермасдан алдаб келган.

Бундан ташқари, ўтказилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, «LD LAND ROVER» МЧЖ директори фуқароларга машиналарни 1 иш куни ва бошқа қисқа муддатларда сотиб олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг ишончига кирган. Сўнг, 2019 йил октябрдан 2021 йил майгача бўлган вақт оралиғида 16 нафар фуқаронинг жами 550 миллион 479 минг сўм пулларини қўлга киритган. Фуқароларга машиналарни етказиб бермасдан ва улардан олинган пулларни МЧЖ ҳисобрақамига кирим қилмасдан, ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур иш юзасидан жорий йил 29 июлда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан МЧЖ директори М.М. ва жамиятнинг бошқа масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ушбу МЧЖдан жабр кўрган фуқаролар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига мурожаат қилишлари сўралади», дейилади, хабарда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид