Жамият | 12:35 / 30.07.2021
3501
3 дақиқада ўқилади

“Ёшлар учун 7300дан ортиқ хонадон қуриш режалаштирилди” – Бош вазир ўринбосари

Ёшлар уйларини қуришнинг мақсадли параметрларига кўра, 2021–2023 йилларда 7300дан ортиқ хонадон қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 30 июль куни Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида маълум қилди.

“2021 йил 13 июлда “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан серғайрат, ташаббускор мамлакатимиз ёшлари учун кўплаб имтиёзлар берилиши билан биргаликда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 июндаги “2021–2023 йилларда ёшлар уйларини қуришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 394-сонли қарори билан ёшларни уй-жой билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Унга асосан ёшлар уйларини қуришнинг мақсадли параметрларига кўра, 2021–2023 йилларда жами 7300дан ортиқ хонадон қуриш режалаштирилди. 2021 йилнинг ўзида шаҳарларда 296та, қишлоқ жойларда 103та хонадон қуриш белгиланган”, дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳукумат вакилининг Сенатдаги маърузасида тилга олинган Вазирлар Маҳкамасининг 394-сонли қарори очиқ маълумотлар базасидан топилмади. Lex.uz’да 2021 йилнинг 28 июнида фақатгина битта ҳужжат қабул қилингани ҳақидаги маълумотни учратиш мумкин, холос.

Аввалроқ 2018–2020 йиллар ёш оилалар учун қурилиши керак бўлган 2116та уйнинг атиги 350таси фойдаланишга топширилгани, 296таси ёшлар томонидан рад этилгани, 556тасининг қурилиши белгиланган вақтда бошланмагани маълум қилинганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги 521-сон қарори 1-иловасида келтирилишича, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оила сифатида ҳисобга қўйилган ва тавсиянома берилган ёш оилалар учун 2019 йилда 558та уй қурилгани, 2020 йилда эса 356та уй қурилиши белгилангани келтирилган. Бироқ ушбу вазифа неча фоизга бажарилгани, уйларнинг қанчаси фойдаланишга топширилгани ҳақида маълумот йўқ.

2017 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 753-сонли қарорида ёш оилалар учун 2018–2021 йилларда республика бўйлаб жами 8596та (ҳар йили 2149тадан) хонадон қурилиши белгиланган.

2021 йил 13 июлда қабул қилинган президент фармонида қайд этилишича, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид