Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Индивидуал муаммо тизимли ечим топмаса, у доим такрорланаверади”. Бош вазир ўринбосари тадбиркорлардан тизимли таклифлар кутаётганини айтди
Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов 30 июл куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқотда президент билан тадбиркорлар учрашуви олдидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан маълумот берди.
Ҳукумат вакилига кўра, тадбиркорлар билдираётган муаммоларнинг асосий қисми индивидуал мазмунда бўлиб, тизимли масалалар ечимига оид аниқ таклифлар жуда кам учрамоқда.
«Яқин кунларда давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти ташкил қилинади. Бундай тадбир тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.
Биз тадбиркорлардан тизимли таклифлар кутяпмиз. Йирик муаммоларни ҳал қилиш учун бундай таклифлар жудаям зарур. Аммо тадбиркорлар ўзининг индивидуал масаласи билан чегараланиб қолмоқда.
Масалан, мурожаатлар қабул қилиш учун тузилган штабимизга бугунги кунгача 7 минг 146та мурожаат келди. Шундан 5 минг 783таси индивидуал характерга эга. Яъни бунда тадбиркор ўзининг фаолиятига доир бўлган қандайдир муаммони ечиб бериш, масалани қўйиш ёки таклиф бериш билан мурожаат қилган.
1 минг 234та мурожаат тизимли таклифлар – тадбиркорликни тартибга солувчи ҳужжатлар, қонунчилик талаблари, солиқ, божхона маъмурчилиги каби бир қанча масалаларда. Аммо мазкур йўналишдаги мурожаатларнинг ҳам деярли ярмидан кўпини индивидуал типига киритиш мумкин.
Лекин бир нарсани билиш керак, индивидуал масалага тизимли ечим топилмаса, у доим такрорланаверади. Ростини айтаман, мен штаб раҳбари ва ҳукумат вакили сифатида тадбиркорлардан кучли танқидни, кўпроқ тизимли муаммолар, уларнинг таҳлили ва аниқ таклифларни кутган эдим. Лекин бундай таклифлар жуда кам.
Ҳурматли тадбиркорларимизга айтмоқчиманки, давлат раҳбари билан бўлиши кутилаётган мулоқот жуда ноёб вазият. Бундан унумли фойдаланиб, тадбиркорликдаги тизимли муаммолар ечими бўйича аниқ таклифлар бериш керак. Шунда индивидуал муаммолар ўз-ўзидан ечим топади», деди вазир.
Шунингдек, Сардор Умрзоқов норозилик мурожаатлари билдирилаётганини ҳам маълум қилди.
«Штаб очилгандан бери 129та мурожаат бунинг нима кераги бор, фойда бермайди, ҳеч қандай натижаси бўлмайди каби норозилик мазмунида келган. Биз мазкур масала бўйича ҳам алоҳида гуруҳ тузганмиз. Иложи борича мурожаатчи аноним бўлмаса, у билан боғланишга ҳаракат қиляпмиз. Норозилиги сабабини ўрганишга интиляпмиз. Бундан ўзимизга хулосалар қилмоқдамиз», деди бош вазир ўринбосари матбуот анжуманида.
Вазирлик раҳбарининг айтишича, айни пайтгача 1 минг 757та индивидуал тарзда тушган мурожаатлар ўз ечимини топган. Қолганлари бўйича иш кетяпти.
Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Ушбу мулоқотда тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, республикада бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилиниши билдирилган.
Учрашувдан аввал эса 20 июлдан 31 июлгача бутун Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлар ўз соҳасини ривожлантириш бўйича таклифларини президентга етказишлари мумкинлиги маълум қилинган.
Мавзуга оид
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
22:20 / 11.02.2025