Ўзбекистон | 16:29 / 31.07.2021
2331
3 дақиқада ўқилади

Сенаторлар сейсмик хавфсизлик тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 17-ялпи мажлис кун тартибида яна бир масала – “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Таъкидланишича, мамлакатнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, MSK–64 ер шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.

Шу сабабли мамлакат аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган.

Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тўплами бугунги кунда яққол етишмайди.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинмоқда.

Қонун билан сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектларнинг таснифи ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини текшириш ҳамда мониторинг қилиш тартиби белгиланмоқда.

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Шунингдек, зилзилаларнинг содир бўлиш эҳтимолини аниқлаш тартиби белгиланмоқда; унга мувофиқ, сейсмик станцияларда ўтказиладиган кузатувлар бўйича прогноз натижалари ҳар ҳафта идоралараро эксперт комиссияси томонидан таҳлил қилинади ва содир бўлиши мумкин бўлган сейсмик вазият ҳақидаги хулосалар Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Кучли зилзила бўлганда, талафот оқибатларини бартараф этиш, зарар кўрган объектларни тиклаш – давлат бюджети, халқаро молия институтлари маблағлари ва бошқа тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, қонунда фуқароларнинг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Йигитали Маҳмудов
Тайёрлаган Йигитали Маҳмудов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид