Ўзбекистон | 16:22 / 31.07.2021
3021
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: “Дарахт кесиш масаласида жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади”

Дарахтлар муҳофазаси борасида яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак, деди Сенат раиси юқори палата ялпи мажлисида.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева дарахтлар муҳофазаси бўйича тизимли йўлга қўйилмаганига эътибор қаратди ва бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади.

У иқтисодий жазо чоралари етарли бўлмаётгани, одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттираётганини қўшимча қилди.

“Ҳудудларда экология ходимлари фаол ишлаши керак. Жойларда экилган дарахтлар етарли эътибор берилмаётганидан қуриб қолиши табиий. Айниқса, томчилатиб суғориш бўйича аниқ иш олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиши лозим. Боиси сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас-ку. Бошқа давлатлар мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланяпти? Уларда ҳамма жой кўм-кўк, бирор дарахтга шикаст етказилса, фожиадек қабул қилишади. Бизда эса бу оддийгина ҳолатдек бўлиб кетяпти

Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти. Қўмитанинг мазкур йўналишдаги янги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Бу ишларни узоққа чўзиш керак эмас. Чунки бир дарахтни экиб, катта қилгунча битта авлод улғаяди. У ўзидан кислород чиқариб, атрофга соя-салқинлик берадиган бўлгунига қадар кўп вақт ўтади.

Дарахтлар аёвсиз кесилиши давом этар экан, тизимда шаффофлик таъминланмас экан, ҳудудларнинг ободлиги ва одамларни рози қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу боис, мутасадди вазирлик-идоралар, ҳудудий тузилмалардан мазкур масалаларда жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади.

Шунингдек, дарахтлар муҳофазаси борасида ҳамма учун тушунарли ва очиқ бўлган яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак. Бунда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим”, – деди Сенат раиси.

Йигитали Маҳмудов
Тайёрлаган Йигитали Маҳмудов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид