Ўзбекистон | 22:13 / 31.07.2021
4473
2 дақиқада ўқилади

“Йил охиригача болаларни боғчаларга қамраб олиш 67 фоизга етказилади” — Беҳзод Мусаев

Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови йил якунига қадар 67 фоизга етказилади, деб маълум қилди 30 июль куни Сенат ялпи мажлисида ҳисоб берган бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев.

“Мактабгача таълим қамровини йил бошидаги 60 фоиздан йил якунига қадар 67 фоизга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга асосан 2021 йилнинг ўзида 225та МТТ қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда.

Президент қарорига мувофиқ, МТТ билан қамров даражаси паст бўлган 53та туманда алоҳида манзилли иш олиб бориш белгиланган. Унга асосан 2021-2022 йилларда 2 мингта оилавий нодавлат МТТ фаолияти йўлга қўйилади, 50 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринлар яратилади.

Умумий қуввати 11 минг ўриндан зиёд бўлган 100та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар иш бошлайди. Шунингдек, қуввати 7,5 минг ўринга тенг бўлган 50та МТТ янги қурилади. Қолаверса, давлат ва нодавлат МТТ тармоғини кенгайтириш ҳисобига уларнинг сони 20 мингтага етказилади ва 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади”, – дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев 2021 йилда мактабгача ёшдаги болаларнинг 65 фоизи боғчага қамраб олинишини айтганди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев мактабгача таълим муассасаларига қамров бўйича қўшиб ёзиш ҳолатлари авж олаётганини таъкидлаган.

Давлат хизматлари агентлиги бино ва ўринлар камлиги учун салкам 1,2 млн нафар бола давлат боғчаларига бориш имкониятига эга эмаслиги, ҳар йили ўртача 700 минг нафар боладан фақатгина 500 мингига боғчага йўлланма берилишини очиқлаганди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов айни пайтда болаларни боғча билан қамраб олиш даражаси 60 фоизни ташкил этиши, мактабгача таълим қамровини ошириш учун 100 миллион доллар ажратилишини маълум қилган.

Сенат раиси Танзила Норбоевага кўра, Ўзбекистонда мактабгача таълим қамровини 2025 йилга қадар деярли 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид