Армия ва толиблар Афғонистоннинг уч йирик шаҳри учун жанг қилмоқда
«Толибон» ҳаракати кучлари мамлакат жануби ва ғарбидаги учта йирик шаҳар томон яқинлашиб келмоқда.
BBC манбаси хабар қилишича, жангарилар Ҳирот, Лашкаргоҳ ва Қандаҳор шаҳарлари атрофидаги ҳудудларга киришган.
«Толибон»нинг афғон армияси позицияларига ҳужумга ўтиши АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишга киришиши билан бошланганди ва ўтган ҳафталар давомида кўплаб ҳудудлар толиблар назоратига ўтди.
Турли баҳоларга кўра, ҳаракат мамлакат ҳудудининг 50 фоизини назорат қилмоқда (толибларнинг ўзи эса Афғонистоннинг 80 фоизи эгалланганини айтишади), аммо улар шу вақтгача бирор йирик шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлишмаган.
Толиблар ўтган ҳафтада мамлакат чегараларининг 90 фоизлик қисмида назорат ўрнатилганини маълум қилганди. Кобулдаги ҳукумат эса буни рад этган.
«Бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган иғво», деган «Франс пресс» агентлигига Афғонистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фавад Аман ва ҳукумат кучлари чегараларда назоратни сақлаб қолаётгани, асосий шаҳарлар ва уларни боғловчи йўллар ҳам расмийлар назоратида эканига ишонтирганди.
Ўз навбатида толиблар Эрон, Покистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегаралардаги муҳим назорат-ўтказиш пунктлари эгаллангани ҳақида маълум қилган.
Қандаҳордаги қочқинлар учун лагерларда айни вақтда 11 мингга яқин оила яшамоқда. Афғон парламенти аъзоси Гул Аҳмад Камин BBC билан суҳбатда ушбу шаҳар экстремистлар қўлига ўтиши эҳтимоли реал ҳолатга айланаётганини қайд этган.
Каминнинг сўзларига кўра, «Толибон» Қандаҳорни ўзининг вақтинчалик пойтахтига айлантиришни мўлжаллаган. Агар бу шаҳар бой берилса, Кобулдаги ҳукумат мамлакат жануби-ғарбидаги яна беш-олти вилоят устидан назоратни ҳам қўлдан чиқаради. Каминнинг қўшимча қилишича, 20 йилдан буён бу шаҳар учун ҳозиргидек шиддатли жанглар олиб борилмаганди.
Унинг сўзларига кўра, жангарилар шаҳарга бир неча томондан ҳужум қилмоқда, агар улар ҳимояни ёриб ўтишса, армия тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун уларга қарши оғир артиллерия қўллай олмайди.
Афғонистон шимоли-ғарбидаги Ҳиротда ҳам тўқнашувлар кескин тус олмоқда. Жангарилар шаҳарга жанубдан ҳужум қилмоқда. Ҳудуднинг камида бешта нуқтасида жанглар олиб борилмоқда. АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари «Толибон» позицияларига зарбалар беришни давом эттирмоқда. Ҳукумат кучлари шаҳар аэропортини жанг билан қайтариб олишган.
Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, улар ўз ихтиёрлари билан қурол кўтариб, толибларга қарши жангга отланган. Мужоҳидларнинг дала қўмондони, Афғон уруши вақтида советларга қарши курашган Исмоил хон шаҳар ҳимоясига ёрдам бериш учун кўнгилли жангчилар бўлинмасини ташкил этган.
Лашкаргоҳ вилояти маркази Ҳилманд учун ҳам фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмоқда. BBC манбасининг сўзларига кўра, толиблар шанба куни Ҳилманддаги ҳокимият биносига юз метр масофагача яқинлашиб келишган. Жума кунги жанглардан кейин ҳам улар бинони эгаллаб олишга яқин келганди, аммо афғон ҳарбийлари уларни улоқтириб ташлаган.
ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Томас Никлассон BBC корреспонденти Лиз Дюсет билан суҳбатда можаро ўзининг пик давридан ҳали узоқлиги, «Толибон» «ислом амирлиги»ни тиклаш ғоясига қайтгани ҳақида гапирган.
АҚШ толибларга авиазарбалар йўллашда давом этмоқда
Ўтган ҳафтада Пентагон матбуот котиби Жон Кирби брифинг чоғида журналистларга Америка армияси Афғонистон ҳукумати ҳарбийларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаводан зарбалар йўллагани ҳақида маълум қилганди.
Кирби тафсилотларни ошкор этишни истамаган, аммо Америка матбуоти Пентагондаги манбасига асосланган ҳолда дронлар орқали Қандаҳор вилояти марказида шаҳарни олиш учун ҳаракат қилаётган толиблар позициялари бўйлаб зарбалар амалга оширилгани ҳақида ёзди.
NBC телекомпанияси дронлар орқали зарбалар жангчиларга қарата ва толиблар ҳукумат кучларидан тортиб олган ҳарбий техникаларга қарата йўлланганини маълум қилди.
Нашр суҳбатдошининг маълум қилишича, зарбдор дронлар топшириқ бажариш учун Афғонистон ҳудудига хориждан учиб келган; сўнгги ойларда америкаликлар бундай зарбалар беришни тўхтатганди. Америка кучлари деярли тўлиғича Афғонистондан олиб кетилмоқда - фақат АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ва маҳаллий аэропортни қўриқлаш учун катта бўлмаган контингент қолдирилади.
Толиблар расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид авиазарбалар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган, зарбалар Қандаҳор шаҳри атрофидаги ҳудудларда амалга оширилгани, бу ҳужумлар оқибатида «Толибон»нинг уч жангчиси ва иккита ҳарбий техника йўқ қилинганини маълум қилган.
«Биз авиазарбалар амалга оширилганини тасдиқлаймиз ва бу фактни қатъий қоралаймиз. Бу Доҳадаги келишувнинг очиқчасига бузилишидир: майдан кейин улар Афғонистонда бундай операциялар амалга ошириши мумкин эмасди», дея унинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.
2020 йил бошида Қатар пойтахти Доҳада имзоланган келишувга кўра, президент Дональд Трамп маъмурияти ҳарбийларни Афғонистондан шу йил майигача олиб кетиши керак эди. Аммо апрел ойида АҚШнинг янги президенти Жо Байден ҳарбийларни олиб кетиш май ойигача эмас, 11 сентябргача тугалланишини маълум қилди.
АҚШ Афғонистондан асосий кучларини олиб кетиб бўлган, аммо Кобул ҳукуматига ҳаводан ёрдам имкониятини қолдирган - масалан, Форс кўрфазидаги базадан Global Hawk дронлари ёрдам учун учиб келади.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024