Онага берилган синов: “Чақалоғимни уч ойлигида ташлаб келганман, буниси соғайса бас”
Фарзанднинг саломатлиги ота-она учун нечоғли бахт. Бу туйғуни фарзанди хасталанганлар жуда яхши ҳис қилишади ва ҳеч кимга буни раво кўришмайди. Онкогематология шифохонаси эшигига кўз тикканлар шундай синовга учраганлардир.
Кимётерапиялар олса ҳам, танасида оққон касали бўлса ҳам, бағримда эканлигига минг шукр...
Бу хасталик Меҳрангизни ўз оёқлари билан юра олмайдиган даражада енгаётган эди. Шифокорларнинг ҳаракатлари ва тажрибалари уни ҳаётга қайтармоқда. Лекин оддий ишчи оиласида бу касаллик билан курашиш учун лозим бўлган моддий куч етишмайди.
“Фарзандим ўз оёғи билан юряпти, ёнимда нафас оляпти. Кимётерапиялар олса ҳам, танасида оққон касали бўлса ҳам бағримда эканлигига минг шукр қиламан”, дейди онаси Зилола Юсупова.
Меҳрангиз Сулаймоновага оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0423 0477 5785 отаси Фурқат Чориев номида
Сбербанк: 5228 6005 5108 6129 қариндоши Қаландар Ҳасанов номида
Телефон: +998991822714
Уч ойлик чақалоғимни ташлаб келганман
Боласининг дардига шифо топиш учун Навоийдан келиб даволанаётган Аноранинг оғриқлари онасига минг чандон зиёд азоб беради.
Онаси Шаҳбол Каримова қизалоғининг соғлигидан мудом хавотирда эканлигини айтади: “Ҳар лаҳзада болангиздан айрилиб қолиш қўрқуви билан яшайсиз экан. Онага буни ҳис қилиш жуда қийин бўлар экан. Ҳатто ўзиям мендаги қўрқувни сезиб қолган. Дуо қилади тезроқ тузалишини сўраб. Уч ойлик чақалоғимни ташлаб, шу қизимни даволатиш учун юрибман. Ҳозир 6 ойлик бўлди, 3 ойдан бери кўрмадим кичкинамни. Тили чиқиб қолди дейишади..”, – деб йиғлайди она.
Анора Ғуломовага оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0417 5840 3183 отаси Сайфулло Сатторов номида
Телефон: +998913344548
Болаларимиз орқамизда қолсин
Мафтунанинг касаллик тарихи унинг матонатли қиз эканлигидан далолат беради. 12 ёшида оққонга чалинган қизгинанинг ота-онаси уйини сотиб, уни даволатишган. Таассуфки, орадан 7 йил ўтиб, касаллик яна қайталанди. Оилада энди сотиладиган бирор арзирли мулк ҳам йўқлиги сабаб улар моддий қийинчиликни бошдан кечиришмоқда.
“Шунча авайласак ҳам қайталаши ҳаммамизни шок ҳолатига туширди. Сотадиган ҳеч нарсамиз қолмади. Фарзанд йўқотиш жуда ёмон. Тузалиб кетишига умид қиляпмиз. Болаларимиз орқамизда қолсин”, дейди кўз ёшлари сел бўлаётган онаси Наргиза опа. Ота-она қизларининг тузалиши учун яхшилар мададидан умидвор.
Мафтуна Насруллаевага оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 1404 7493 3513 онаси Наргиза Гилманова номида
Сбербанк: 4817 7602 6697 5386 Наргиза Гилманова
Виза: 4790 9122 1079 8833 Наргиза Гилманова
Телефон: +998974649099
Келиши осон, кетиши қийин дард
29 ёшли Севара 2 фарзанднинг онаси. Аёлнинг умри болаларини меҳр билан парваришлаш, тарбиялаш билан эмас, касалхонанинг деворларига умид ила термилганча ўтяпти. Сабаби, унда оққон касаллиги аниқланган.
“Бу касал тўғрисида ҳеч хабарим йўқ эди. Касалхона пештоқидаги онкогематология сўзини ўқиб, этим жимирлаб кетди. Илик кўчириш операциясини ўтказишимиз керак – катта маблағ талаб қилар экан бу дард. Уйимни сотсам ҳам пули бу операцияга етмас экан”, дейди турмуш ўртоғи Умар Эргашев.
“Бу дарднинг келиши осон, кетиши қийин экан. Ҳеч кимга буни раво кўрмайман”, дея зор йиғлайди аёл.
Севара Эргашевага оид маълумотлар:
Ўзкард: 8600 0609 6553 7757 Севара Эргашева номида
Телефон: +998932929287
Кўз ёш тўкаётган оналарни, бошини хам қилган оталарни кўриб юраги зирқираган юртдошим! Улар бугун кўмакка муҳтож. Ёрдамнинг эса кўпи-ози, моддий ёки маънавий эканлиги муҳим эмас. Муҳими уларга чин дилдан мададкор бўлиш истагининг борлиги. Шундай истак билан яшаётганлар кўпайсин!
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи – Азим Воҳидов
Мавзуга оид
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024