Жаҳон | 20:22 / 01.08.2021
9670
2 дақиқада ўқилади

Хитойда коронавирус авж олиши сабабли миллионлаб одамлар текширилмоқда

Хитой ҳукумати мамлакатда коронавируснинг навбатдаги авж олишини тўхтатиш учун миллионлаб одамларни вирусга текширмоқда. Мамлакатда вируснинг кенг кўламда тарқалишига Нанкин шаҳри аэропорти ишчилари сабаб бўлди. 

Фото: Jia Lei/VCG via Getty Images

Channel News Asia телеканалининг хабар беришича, аэропорт билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари Хитойнинг 10дан кўпроқ провинцияси ва 20та шаҳрида қайд қилинган. 1 августнинг ўзида 75та касалланиш ҳолати қайд этилган. Мутахассислар вирус юқтириш ҳолатларининг кўпайишини “дельта” штамми тарқалиши билан боғлашмоқда.

Ҳукумат 9,3 млнлик Нанкинда аҳолидан вирусга тест олишни бошлаган. Шунингдек, юз минглаб фуқаролар иҳоталанган. Бундан ташқари, сайёҳлар орасида оммалашган Чжанцзяцзе шаҳрининг 1,5 млнлик аҳолиси учун ўзини яккалаш режими киритилган ва маҳаллий диққатга сазовор жойларга кириш ёпилган.

Шунингдек, Хайнан, Шаньдун провинциялари ва Нинся-Хуэй мухтор туманида ҳамда Чжэнчжоу шаҳрида (Хэнан провинцияси) ҳам янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Чжэнчжоуда 27та касалланиш ҳолати аниқлангандан кейин маҳаллий маъмурият шаҳарнинг барча аҳолиси – 10 млндан кўпроқ одамни коронавирусга текширишни буюрган.

Шу билан бирга, вирус тарқалиши ўчоқларида эмланган кишилар ҳам коронавирусга чалинаётгани ҳақида маълумотлар олинмоқда. Ҳокимият қайд қилинган ҳолатлар меъёрда эканини айтган ва аҳолини эмланишни ҳамда чекловларга амал қилишни давом эттиришга чақирган.

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссиясида таъкидланишича, мамлакатда 30 июлга келиб 1,6 млрддан кўпроқ вакцина қўлланган.

Мавзуга оид