Жаҳон | 22:29 / 02.08.2021
61157
13 дақиқада ўқилади

Афғонистон: толиблар бостириб келмоқда, президент Ғани Вашингтонни айблади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдаги ҳарбий вазият ёмонлашиб бораётгани учун айбни Қўшма Штатлар зиммасига юклади.

«Ҳозирги вазиятнинг сабаби шуки, қарор [америкалик ҳарбийлар олиб кетилиши бўйича қарор] кескин ва кутилмаганда бўлди», деган у душанба куни афғон парламентида ва Вашингтонни оқибатлар ҳақида огоҳлантирган.

«Толибон» ҳаракати жангарилари май ойи бошида ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли юришлар бошлади ва мамлакатнинг ярмини эгаллаб олишди, толибларнинг ўзлари эса 80 фоиз ҳудудга эгалик қилинаётганини иддао этишади. Уларнинг мақсади - Афғонистонда америкаликлар келгунига қадар 1996-2001 йилларда ҳукм сурган ислом амирлигини тиклаш ҳисобланади.

Ҳозирда учта вилоят маркази учун қақшатқич жанглар давом этмоқда: Ҳирот, Қандаҳор ва Лашкаргоҳ.

Ашраф Ғани унинг бошқарувидаги ҳукуматга барчасини ўз жойига қўйиш учун ярим йил вақт кераклигини билдирган.

Навбатдан ташқари сессия учун йиғилган парламент депутатлари Афғонистон Республикаси ва унинг конституциясини қатъий қўллаб-қувватловчи баёнот қабул қилишди.

Жанглар, гуманитар инқироз ва опиум
Афғонистон жануби ва ғарбида ҳукумат кучлари ҳамда «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасида интенсив жанглар давом этмоқда. Толиблар Лашкаргоҳ, Қандаҳор ва Ҳирот каби муҳим шаҳарларни эгаллашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳиротда вазият оғирлашгач, ҳукумат махсус топшириқли жанговар бўлинмаларни юборди

Жанубий вилоятлардан бири Ҳилманд маркази Лашкаргоҳда, мавжуд маълумотларга кўра, ҳукумат кучлари фақат икки туманни ўз қўлида тутиб турибди, кўча жанглари давом этмоқда.

Американинг CNN телекомпанияси маҳаллий журналистларга таяниб хабар беришича, толиблар Ҳилманд вилояти маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳридаги бир неча туманларни ўз назоратига олишга муваффақ бўлган. Лашкаргоҳ орқали бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган йўллар ўтади, хусусан, Қандаҳор, Ҳирот ҳамда мамлакат жанубидаги иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлган бир неча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларни ўзаро боғловчи йўл ҳам.

Лашкаргоҳ ҳукумат кучлари толибларга топширадиган илк вилоят маркази бўлиши мумкин - шу вақтгача Кобулдаги ҳукумат барча 34 вилоят марказини ўз қўлида сақлаб қолмоқда. Айрим маълумотларга кўра, толиблар аллақачон шаҳарнинг катта қисмини қўлга киритиб бўлган. Ҳукумат биноларидан бир неча юз метр масофада жанглар давом этмоқда.

Толиблар Тинчлик чорраҳаси номи билан ҳам маълум бўлган шаҳар марказий майдонига етиб келишгани акс этган видеоларни тарқатишган.

Лашкаргоҳда яшовчилардан бири Бадшоҳ Хон телефон орқали «Франс пресс» агентлиги журналисти билан суҳбатда ҳар бир кўча ва ҳар бир уй учун жанг кетаётганини айтиб ўтган. «Кўчаларда жасадлар ётибди, асосий майдонда ҳам», деган бу одам. У толиблар полиция штаб-квартирасини ва губернатор офисини қуршовга олганини қўшимча қилган.

Ҳукумат юқори тоифали юзлаб жангчилардан ташкил топган махсус бўлинмаларни Лашкаргоҳга йўллаган.

Лашкаргоҳ атрофидаги тўқнашувлар Байден америкалик ҳарбийлар олиб кетилишини эълон қилиши биланоқ, май ойидаёқ бошланганди.

Зарба остида қолаётган ҳудудлардан минглаб қочқинлар Кобул сари йўлга чиққан.

«Жанг кетмоқда, электр йўқ, алоқа ишдан чиққан, дорихоналар ёпиқ», дея Лашкаргоҳдаги вазиятни тасвирлайди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Хава Малалай.

Ҳилманд вилояти ҳукумат учун муҳим ҳудуд. Бу ерда кўкнор етиштириладиган улкан дала майдонлари жойлашган. Америкаликлар ва британияликлар йиллар мобайнида бу майдонларни яксон қилишга уриниб келган, толиблар эса - бундай далаларни эгаллаб олиб, уни асосий даромад манбайига айлантирмоқда.

Лашкаргоҳнинг бой берилиши Кобулдаги ҳукумат учун ҳарбий жиҳатдан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам оғир мағлубият бўлади. Ҳукумат шу вақтгача фақат қишлоқ ва туманларни эгаллаётган толибларнинг муваффақияти аҳамиятини пасайтириб келган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам йирик шаҳарларни топширмасликка ваъда берган.

Emergency инсонпарварлик ташкилоти вакили хабар беришича, маҳаллий шифохона жанглар ва артиллерия зарбаларидан жабрланган тинч аҳоли вакиллари билан тўлиб-тошган. Шаҳарда яшовчилардан яна бири Халима Карими шундай деган: «Толибон» ҳам, бизни бомбардимон қилаётган ҳукумат кучлари ҳам бизга раҳм қилмайди».

Толиблар 2001 йили Ғарб коалициясига мағлуб бўлгач, Ҳилмандда ҳаракатнинг таъсири деярли сезилмаганди. Ҳолбуки унгача толиблар бу ҳудудда кўпчиликни ташкил қиларди.

Ҳирот: аэропорт учун жанг

Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри, мамлакат шимоли-ғарбидаги Ҳирот вилоятида ҳам шиддатли жанглар кечмоқда.

Кобулдагилар Ҳиротга йўлланган махсус жангчилар шаҳардаги вазиятни барқарорлаштиришга қодирлигини маълум қилган.

Толиблар вилоят марказини аэропорт билан боғлайдиган йўлни эгаллаб олишган. Аэропортнинг ўзи ҳозирча ҳукумат кучлари назоратида қолмоқда.

Якшанба куни Мудофаа вазирлиги твиттердаги саҳифасида Ҳиротга ёрдам учун махсус бўлинмаларнинг юзлаб жангчилари йўлланганини маълум қилди. «Улар қарши ҳужум амалиётини ўтказишади ва Ҳиротда «Толибон»ни мағлуб этади. Тез орада бу вилоятдаги вазият ўнгланади», дейилган хабарда.

Толибларга қарши жанглар Ҳирот шаҳри чеккаларида олиб борилмоқда, ҳукумат кучлари жангариларнинг позицияларига ҳаводан ҳам зарбалар бермоқда.

Америкалик ҳарбийлар олиб кетилгач афғон ҳарбийлари толибларга қарши мустақил жанг олиб боришига тўғри келмоқда.

Қандаҳорни нима кутмоқда?
Якшанба куни Қандаҳор аэропортида барча рейслар бекор қилинди, толиблар томонидан учирилган ракеталар аэропортнинг учиш-қўниш йўлагига зарар етказган. Қандаҳор шаҳри атрофида ҳам жанглар давом этмоқда.

Афғон парламентидаги қандаҳорлик депутат Гул Аҳмад Ҳамин BBC билан суҳбатда шаҳар тез орада «Толибон» қўлига ўтиши мумкинлиги ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ўн минглаб одамлар аллақачон ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган, вилоятга гуманитар фалокат таҳдид солмоқда, вазият соат сайин ёмонлашмоқда.

Қандаҳорда толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жангла 23 июль куни бошланган. Агар толиблар бу шаҳарни чиндан ҳам ўз пойтахтига айлантирмоқчи бўлса, олдиндаги жанглар жуда қақшатқич бўлиши тайин.

Гул Аҳмад Ҳамин шаҳарда сўнгги 20 йилликдаги энг жиддий жанглар кечаётганини қайд этиб ўтган. Депутатнинг фикрича, толиблар Қандаҳорни эгаллаш учун катта куч ташлаган, чунки улар бу шаҳарни вақтинча пойтахт қилишмоқчи. Агар шаҳар уларнинг қўлига ўтса, атрофдаги яна олти вилоят бой берилиши мумкин.

Қандаҳор аэропорти мамлакат жанубидаги барча ҳукумат ҳарбийлари таъминоти ва ҳаво орқали қўллаб-қувватлашда муҳим ролни ўйнайди.

«Бу уч вилоят учун таҳдид жуда юқори, аммо биз ҳужумларни мардонавор қайтаришда давом этамиз», деган якшанба куни афғон армияси вакили Умар Шинварий. У вазият фавқулодда мураккаблашиб бораётганини ҳам тан олган.

Афғон аёллари ҳуқуқи учун курашувчи фаол Важма Фрок твиттердаги саҳифасида ҳиссиётларга бой постлар қолдирди, у толибларни аёллар ва қизларнинг таомини куч билан тортиб олишда, баъзида шунчаки ўлдириб юборишда, ўз сафларига 11 ёшли болаларни сафарбар қилишда, осиш ёки дарра уриш орқали омма олдида қатл ўтказишда айблаган.

У халқаро ахборот агентликларидан ватанида содир бўлаётган воқеаларга янада каттароқ эътибор қаратишни сўраган.

«Стратегик хато»
«Агар афғон шаҳарлари бой берилса, ҳарбийларни олиб чиқиш қарори АҚШ ташқи сиёсатидаги энг жиддий хатолардан бири бўлиб чиқади», деган «Франс пресс» агентлиги билан суҳбатда Афғонистон масаласи бўйича эксперт, айни вақтда Австралияда яшовчи Нишон Мотваний.

«Вашингтон америкапараст ҳукуматни тақдир ҳукмига ва Афғонистонда сўнгги йигирма йилда эришилган ҳеч бир ютуқни қолдирмайдиган радикал кучлар қаршисига ташлаб кетди», дея қўшимча қилган у.

Қандаҳорда кўпчилик ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган

Бирдамликка ва қаршилик кўрсатишга чақириқ
Парламентда чиқиш қилган Ашраф Ғани халқни ва сиёсатчиларни жипслашувга чорлади.

«Ҳар бир депутат ва сенатор минглаб одамларга алоқадор. Афғонистон душманларига муносиб жавоб қайтариш учун умуммиллий сафарлик учун бор имкониятларни ишга солинг», деган у.

Президент «Толибон» энди тарқоқ ва тажрибасиз эмаслиги, аксинча яхши ташкиллаштирилган ва бошқарилаётган тузилмага айланганини тан олган.

Унинг сўзларига кўра, рақиб 20 йил олдингига қараганда бешафқатроқ ва исломдан узоқроқ.

«Биз барқарор ва мустаҳкам тинчликка эришмоқчи эдик ва бунга интилишда давом этамиз. Аммо бизни урушга мажбурлашди», деган у.

Ғани толибларни 2020 йил февралида Доҳада Қўшма Штатлар билан тузилган тинчлик келишуви бўйича халқаро терроризмга қарши курашиш бўйича ваъдани бажармаганликда айблади.

У толибларнинг қатағони қурбонлари биринчи навбатда афғон аёллари ҳамда ОАВ вакиллари бўлишини қайд этиб ўтган.

Президентнинг чиқиши давлат телевидениеси орқали трансляция қилинган.

АҚШ қўшинлари олиб чиқилиши нимага олиб келиши мумкин?

Афғонистонда толиблар билан уруш мамлакатдан АҚШ ҳарбийлари олиб чиқилиши фонида бошланди. Қарийб 20 йиллик мавжудликдан кейин америкалик ҳарбийларнинг 95 фоизи Афғонистонни тарк этиб бўлган.

Қандаҳорда америкаликлар кетгач ҳувиллаб қолган база

Ҳарбийлар олиб чиқилиши бошланишидан бир неча ҳафта олдин эълон қилинган Пентагоннинг Афғонистондаги вазият бўйича ҳисоботида Афғонистон хавфсизлик кучлари ва армияси «воқеаларнинг бундай ривожига тайёр эмаслиги ва толиблар бундан фойдаланиб қолиши» айтилган.

Афғонистон хавфсизлик кучлари қисқа вақт ичида катта ҳудудларни толибларга бой бергани кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Афғонистондаги вазиятни ёритиб борувчи Long War Journal нашри маълумотига кўра бугунги кунда толиблар Ҳиротдаги 16 тумандан 13тасини назорат қилмоқда.

Бу маълумотларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб «Толибон» 223 туманни ўзиники қилган, яна 116 туман учун жанглар давом этмоқда, толиблар армияси Афғонистондаги 34 вилоят марказидан 17тасига таҳдид солмоқда.

Long War Journal муҳаррири Билл Рожио CNN учун берган интервьюсида, «Америка ҳарбий-ҳаво кучлари, самолётларга техник хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи мутахассислар тарк этиши Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларини жуда қийин аҳволда қолдиргани» ҳақида айтиб ўтган.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси маълумотига кўра, январь ойи бошидан буён 300 мингга яқин афғон ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган, мамлакатдаги жами қочқинлар сони 3,5 млн кишидан ошган.

Қандаҳор атрофидаги жанглар туфайли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган оилалар

26 июль куни эълон қилинган яна бир ҳисоботда БМТ 2021 йилнинг биринчи ярмида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сон рекорд даражада ошгани ҳақида огоҳлантирган.

Ҳозирда барчаси толиблар йирик вилоятлар марказларини қўлга кирита олиши ёки ҳукумат кучлари уларни чекинтиришига боғлиқ бўлиб қолмоқда. «Толибон» кучлари қишлоқ ҳудудларининг аксар қисмини эгаллаган, Эрон ва Покистон билан чегара ҳудудларнинг кўп қисми уларнинг назоратида, аммо Кобулдаги ҳукумат ҳозирча йирик шаҳарларни ўз қўлида сақлаб турибди.

Москва, Тошкент ва Душанбе вазият мураккаблашишига тайёрланмоқда
Душанба куни Термизда, Ўзбекистон ва Афғонистон чегараси яқинида 1500 нафар ҳарбий хизматчи иштирокида «Жануб-2021» номи остида ўзбек ва рус ҳарбийларининг қўшма ўқув машғулотлари бошланди, машғулотлар 5 кун давом этади.

Термизга келган Россия махсус топшириқли бўлинмалари жангчилари

1979-1989 йилларда советларнинг Афғонистондаги «чекланган контингенти» учун таъминот айнан Термиз орқали амалга оширилган, урушдан кейин совет ҳарбийлари Амударё устидаги кўприк орқали қайтишган.

5-10 август кунлари эса Тожикистон ҳудудида янада йирикроқ йиғин, Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия қўшинлари иштирокида уч томонлама машғулотлар ўтказилади. Унда 2500 нафар аскар ва зобитлар (1800 нафари россиялик) иштирок этади.

Машғулотнинг асосий босқичида уч давлат ҳарбий хизматчилари давлат чегарасини кесиб ўтган ноқонуний қуролли гуруҳни йўқ қилиш бўйича тактик ҳаракатларни ишлаб чиқади. РФ Мудофаа вазирлиги сўнгги лаҳзаларда машғулотларда иштирок этадиган россияликлар сони 1000 нафардан 1800 нафарга оширилгани, шунингдек, ҳарбий техникалар сони дастлаб мўлжалланганидан икки баробар оширилиб, 420тага етказилгани ҳақида хабар берган.

Кузатувчиларнинг фикрича, бу Москва ва Марказий Осиё давлатлари толибларнинг Афғонистондаги ғалабаси келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларга қанчалик жиддий ёндашаётганини англатади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид