Ўзбекистон | 07:55 / 02.08.2021
6025
2 дақиқада ўқилади

Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатлари қайси вилоятларда энг кўп кузатилгани айтилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Ноқонуний ҳаракатлар аксариятининг ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлса-да, бунга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, жойлардаги сектор раҳбарлари томонидан жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда олиб борилиши лозим бўлган чора-тадбирларга етарли эътибор қаратмаганлиги оқибатида 2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган. 

Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2 109 та кам қимматли дарахт, 1744 м3 буталар ноқонуний кесилган.

2021 йилнинг бошидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси 1 065 та, Самарқанд 609 та, Қашқадарё 534 та, Навоий 349 та, Тошкент 344та вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. 

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишнинг олдини олиш, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаш, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлувчи бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мавзуга оид