Ўзбекистон | 09:30 / 02.08.2021
6420
6 дақиқада ўқилади

«Металлург» ФК базасида ташкил этилган «El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation» Футбол Академиясига қабул бошланди

2021 йил сентябр ойидан бошлаб, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation» Футбол Академияси ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган. Шу муносабат билан, академия истеъдодларни қидириб топиш ва уларни академияга жалб этиш ишлари бошланганини эълон қилади. Aкадемия маъмурияти бу борада раҳбарият томонидан тасдиқлаб берилган иш режасига кўра танлов ишларини бошлаб юборди.

Биринчи босқич кўрик танловлари Тошкент вилояти ҳудудида олиб борилди: Янгийўл, Бўка, Оҳангарон, Aҳмад Яссавий, Бекобод шаҳри ва туманида иқтидорли ёшлар кўриб чиқилди. Уч кун давомида олтита ёш тоифасида кўрик танловлар ўтказилди. Танловда 500 нафардан зиёд болалар кўздан кечирилди ва энг истеъдодли деб топилган 85 нафар бола академияда таҳсил олиш учун танлаб олинди. Танловнинг иккинчи босқичи бутун Республикамиз ҳудудини қамраб олади. Маъмурият бу борада Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат билан чиққан. Болалар ва ўсмирлар футболига масъул департамент ёрдамида 3-8 август саналари оралиғида Фарғона водийсида, шунингдек, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кўрик-танлов ўтказилиши режалаштирилган. 

Aйни вақтда академия скаутлари мазкур ҳудудларда ишни бошлаб юборган. Кўрик танловнинг биринчи босқичида асосан, ёш футболчиларнинг ўйин амалиёти текширувдан ўтказилади.

Tез орада Испаниядан «Real Madrid» академиясидан мутахассислар келиши кутилмоқда. Улар эндиги ушбу танловнинг иккинчи босқичини чуқурлаштирилган ва марказлаштирилган ҳолда ўтказишади. Шунга кўра, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясида тарбияланувчи иқтидорли ёшлар узил-кесил танлаб олинади.

Шу ўринда, барча ёшлар диққатига айтиб ўтишни истар эдикки, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» эшиклари барча хоҳловчилар учун очиқ ҳисобланади. Бунинг учун истеъдодли болалар ўз ҳудудларидаги футбол ассоциациясига мурожаат қилиб, танловга ёзилишлари ёхуд бевосита Бекобод шаҳрига келиб, академия раҳбарияти билан учрашишлари лозим бўлади.

Ҳозирча «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясида олти ёш тоифасида (11-16 ёш) ўқув гуруҳлар ташкил этилади. Барча ўқув ва машғулотлар Реал Мадрид стандартлари асосида йўлга қўйилади. Ушбу Aкадемияда таҳсил олувчи ўқувчилар футбол сир-асрорларини ўрганишдан ташқари хориж (инглиз, испан) тилларини чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштиришади. Шунингдек, ижтимоий фанлар бўйича ҳам энг малакали устозлар сабоқ бериши кутилмоқда. Ҳар ўқув йили якунига кўра, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясининг энг иқтидорли, истеъдодли ёш ўқувчилари амалиёт ўташ учун Испанияга – қироллик клуби «Real Madrid» академиясига тажриба алмашиш мақсадида олиб борилади.

Ушбу ажойиб лойиҳа тарихига назар солсак, роппа-роса уч йил илгари Бекободнинг Металлург ПФК клуби қошидаги футбол мактабини академияга айлантириш ишларига киришилганди. Бекобод шаҳар ҳокимлигининг қарорига биноан, Сирдарё қирғоғи ерлари атрофидан 5 гектар ер академия қурилиши учун ажратиб берилди. 2019 – 2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон металлургия комбинатининг катта кўмаги билан «Металлург» ПФК клуби муассиси қурилиш ишларини жадал бошлаб юборган эди. Қисқа вақт ичида сунъий қопламали футбол майдони ҳамда футболчилар учун кийиниш ва ювиниш хоналари қурилиб, футболчиларга фойдаланиш учун топширилганди. Aкадемия тарбияланувчилари учун «Металлург» марказий стадиони трибуналари тагида ётоқхона, овқатланиш блоклари ташкил этилганди. Клуб томонидан ҳамма ўқувчилар, керакли барча футбол анжомлари, жиҳозлар, формалар ва яна бошқа зарур нарсалар билан бутунлай таъминлаб келинади. Жорий йил эса сунъий қопламали майдоннинг ёнида барча замонавий стандартларга жавоб берувчи табиий майдон ҳам қуриб битказилди.

Шундай қилиб, Бекобод клубида ёш ўринбосарлар билан ишлаш жараёни Реал Мадрид клубининг Марказий Осиёдаги ҳамкори, машҳур «Эл Голазо» компаниясини бефарқ қолдирмади. Ушбу жараён уларни қизиқтириб қолди ва шу йилнинг баҳорида «Real Madrid Foundation» билан ҳамкорликда «Металлург» ПФК академияси базасида «El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation» номли футбол академиясини ташкил этиш таклифини ўртага ташлади. Бу ишларга яна муассис – Ўзбекистон металлургия комбинати бош-қош бўлди.

Таъсисчимизнинг саъй-ҳаракатлари билан «Металлург» ПФК базаси ёнидаги муқаддам ўқув даргоҳи бўлган иншоот «El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation» академияси учун олиб берилди. Шундай қилиб, бироз таъмирталаб ҳолга келиб қолган ушбу бинони футбол инфратузилмасига мослаштирган ҳолда реконструкция қилиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Ушбу реконструкция ишларига Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Тошкент вилояти футбол ассоциацияси, халқ таълими республика ва вилоят бошқармаларидан ишчи гуруҳлари келишиб, керакли маслаҳатларни беришди.

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Бекобод шаҳрига ташриф буюриб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Даврон Aбдулпаттахович академия тезроқ ўз иш фаолиятини бошлаши учун барча зарур ёрдамлар кўрсатилишини таъкидлаб, бўлғуси академия фаолиятига омад тилади.

Aкадемиядаги бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Ўқув даргоҳи, машғулот ўтказилувчи майдонлар, жисмоний тайёргарликни тиклаш маркази, тиббиёт маркази, кийиниш, ювиниш хоналари, бассейн, ётоқхонани барпо этиш ишлари режага биноан олиб борилмоқда.

Батафсил маълумот учун:

+998945780005

+998901861077

«Ўзметкомбинат» АЖдан манфаатли таклифларни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

Telegram: t.me/elgolazoacademy

Facebook: fb.com/umk_matbuot_xizmati

Instagram: instagram.com/el.golazo.academy

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид