Жаҳон | 15:07 / 02.08.2021
15240
1 дақиқада ўқилади

Россия Афғонистон билан чегарадаги ҳарбий техникаси сонини икки бараварга оширди

Уч мамлакат иштирокидаги машғулотларда 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва 500 бирликка яқин ҳарбий техника қатнашади.

Марказий ҳарбий округ Афғонистон билан чегарада Ўзбекистон ва Тожикистон билан ўтказиладиган машғулотларда иштирок этадиган ҳарбийлари сонини оширди, деб хабар берди Интерфакс округ матбуот хизматига таяниб.

"Шахсий таркиб сони 1,8 минг нафарга етказилди, шунингдек, ҳарбий ва махсус техникалар сони икки бараварга оширилиб, 420 бирликка етди. Куч ва воситалар 201-ҳарбий базанинг артиллерия, танк, мотоўқчи ва разведкачи бўлинмалари ҳисобига оширилди", — дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, марказий ҳарбий округ қўмондони Александр Лапин ана шундай қарор қабул қилган. Уч мамлакат иштирокидаги машғулотларда 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва 500 бирликка яқин ҳарбий техника қатнашади.

Аввалроқ Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигидаги ҳарбий машғулотларга 1,5 мингдан ортиқ аскар, 300 бирликка яқин ҳарбий техника жалб этилиши айтилганди.

Ҳарбий машғулотлар 5-10 август кунлари Тожикистоннинг Хатлон областида бўлиб ўтади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид